ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ

Судлар фаолияти билан яқиндан таништириш, жамоатчиликка суд интерактив хизматлари ва коррупцияга қарши курашишда судларнинг роли ҳақида маълумот бериш мақсадида Сурхондарё вилоят судида ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида бу сафар Тошкент давлат юридик университети талабалари ташриф буюрди.

Мазкур ташриф талабаларнинг суд-ҳуқуқ тизими фаолияти билан яқиндан танишиши, суд органларида хизмат қилиш истиқболлари ҳамда касбий кўникмаларини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.

Ташриф давомида вилоят суди судьялари ва масъул ходимлари томонидан талабаларга суд тизимининг тузилиши, судлов фаолиятининг асосий тамойиллари, одил судловни амалга ошириш жараёнлари, судьяларнинг мақоми ва масъулияти, фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиб ҳамда суд мажлисларида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, талабаларга суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар юзасидан тушунтиришлар берилди.

Ушбу ташкил этилган тадбир очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, талабаларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди. Хусусан, суд тизимида ишлаш тартиби, номзодларга қўйиладиган малака талаблари, амалиёт ўташ ва келгусида ишга қабул қилиш жараёнлари ҳақида зарур тавсиялар берилди.

Ташриф ёшларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига бўлган қизиқишини янада ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда малакали юридик кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.

Бу каби тадбирлар Сурхондарё вилоят суди томонидан келгусида ҳам олий таълим муассасалари талабалари билан очиқ мулоқотлар ва амалий учрашувлар ташкил этиш режалаштирилган.

МЕҲРИДДИН ХОЛБЕКОВ,

Сурхондарё вилоят суди Кадрлар бўлими бош консультанти