ФИРИБГАР ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИЛДИ

очерк
Термиз туманида яшовчи Бахрулло Рўзиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) илгари ҳам фирибгарлик жиноятини содир этгани учун унга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Аммо у бундан ўзига тўғри хулоса қилмади.
Бахрулло алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилишни ўзига касб қилиб олган. 2023 йил апрель ойида Термиз шаҳрида яшовчи Халима Норбоева билан учрашиб қолади. У аслида ҳеч қаерда ишламасада, ўзини кадастр идораси ходими деб таништириб, ўзига тегишли ер майдонини сотишини билдиради. Ваҳоланки, ўша ер майдони ҳам мавжуд эмас. Мижоз бўлган Халима Норбоевани бошқа бир фуқарога тегишли Термиз тумани, “Янгиер” маҳалласи ҳудудидаги 4 сотих ер майдонини кўрсатиб, Халима Норбоевадан ер майдони учун 16.000.000 сўмни ҳужжатларини расмийлаштириб бериши учун деб олади. Шундан сўнг Бахрулло пулларни қўлга киритгач, ер майдони учун ҳужжатларни расмийлаштирмасдан, жуфтакни ростлайди.
Бахрулло бу жиноий ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилмасдан қолганлигидан фойдаланиб, эгаллаган касбини давом эттиради. 2023 йил октябрь ойида Термиз шаҳрида яшовчи яна бир фуқаро Салим Сатторов билан учрашади. У ҳар доимгидек аслида ҳеч қаерда ишламасада, ўзини кадастр идораси ходими деб таништиради. Бу гал ҳам бир хил гаплар яъни, бошқа бир фуқарога тегишли Термиз тумани, “Янгиер” маҳалласи ҳудудидаги 5 сотих ер майдонини кўрсатиб, Салим Сатторовнинг ишончига кириб, ундан ер майдони учун 45.000.000 сўм миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.
Гарчи у ўзгалар пулларини осонгина қўлга киритиб, хурсанд бўлган бўлса-да, унинг бу хурсандчилиги узоққа чўзилмади, негаки Бахруллони бу қилмишларини уни панжара ортига етаклади.
Қирғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади деганларидек, тез фурсатларда фирибгар содир этган Бахруллонинг ҳам қилмишлари фош этилиб, унга жиноят иши қўзғатилди. Тергов ва суд жараёнларида эса унинг жиноий хатта-ҳаракатлари исботланди. Суд эса унга бу гал 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Ҳакалак отган ҳавойи ҳавас ва нафсни жиловлай олмаслик Бахрулло Рўзиевга қимматга тушди. Бу гал у қилмишларидан тўғри хулоса чиқарса, ажаб эмас. Чунки тўғри сабоқ кишини ҳамиша эзгу амалларга етаклайди.
ОЙБЕК ЖУМАНОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси






