ТАДБИРКОРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚИ ТИКЛАНДИ

очерк
Маълумки, иқтисодий суд ишларини юритишдан кўзланган асосий мақсад иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат.
Иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, улар учун қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш ва улар иштирокидаги низоларни қонун ҳужжатларига асосан синчковлик билан адолатли кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада иқтисодий судлар томонидан ҳам бевосита низоларни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектлари ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали тўлиқ ҳимоя қилишларини таъминлаш мақсадида даъво аризаларидаги ҳар бир ҳолат синчковлик билан ўрганилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари тикланмоқда.
Жумладан, сўнгги пайтларда иқтисодий судларда мазмунан кўрилаётган ишлар орасида банк кафолати шартномасидан келиб чиқувчи низолар ҳам учраб турибди. Бу борада судлар томонидан тарафларга низони ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиш, келишув битими ва медиатив келишув институтлари орқали низони ҳал этишнинг аҳамияти ва афзалликлари борасида тушунтиришлар берилиб келинмоқда.
Фикримизни амалий мисол билан давом эттирадиган бўлсак, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси даъвогар акциядорлик тижорат банки манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “W.I.S” масъулияти чекланган жамиятидан 130 012 АҚШ доллари қарздорлик, 24 850 АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик фоиз, жами 154 862 АҚШ доллари қарздорликни ундириш ва ундирувни қўшимча жавобгар “Z.Z” масъулияти чекланган жамиятига тегишли гаров мулкига қаратиш ва гаров мулкининг ким ошди савдосидаги бошланғич реализация баҳосини белгилаб беришни сўраган.
Денов туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 22 августдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилган.
Ишни Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида қайта кўриш жараёнида суд мажлисида иштирок этган тадбиркорлик субъекти вакиллари биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг 24 850 АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик фоиз ундириш қисмини 3 004,06 АҚШ долларига камайтириш ҳақида қарор қабул қилишни сўрашган.
Судлов ҳайъати томонидан биринчи инстанция суди даъво аризасини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида барвақт хулосага келганлиги, ишни мазмунан кўриб чиқишда моддий ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлиги аниқланди.
Жумладан, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2020 йил 30 декабрда тузилган 950-сонли кафолат тўлов хизмати шартномасига асосан даъвогар банк (кредитор) жавобгар мижоз (қарздор)нинг хусусий секторни ривожлантириш Ислом корпорацияси томонидан ажратилган қарз маблағлари учун тузилган шартномасига кўра 52 ой муддатга, СВОП курс +4,7 фоиз маржа устама ҳақ билан 600 000 АҚШ долларигача миқдорида қарзларини тўлаб бериш кафолатини олган.
Банк томонидан жавобгарга 2024 йил 3 декабрда 44 681,36 АҚШ доллари, 2025 йил 6 мартда 44 681,36 АҚШ доллари, 2025 йил 5 июнда 44 681,36 АҚШ доллари кафолат суммалари тўлаб берилган бўлиб, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг иловаси ҳисобланган тўлов жадвалининг 13, 14, 15-қаторларида кафолат суммасига нисбатан банк кафолат хизмати фоизи 2025 йилнинг 10 июнь ҳолатига жами 24 850 АҚШ долларини эмас, балки 3 004,06 АҚШ долларини ташкил қилганлиги аниқланди.
Шу асосга кўра, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, даъво аризасидаги 24 850 АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик банк фоизи ундириш талабининг 21 845 АҚШ долларига тенг қисми асоссизлиги учун бекор қилиниб, тадбиркордан банк ҳисобига 24 850 АҚШ доллари ўрнига 3 004,06 АҚШ доллари ундирилиши белгиланди ҳамда тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари иштирокида кўрилаётган ҳар бир даъво аризаси қонун ҳужжатлари асосида синчковлик билан кўриб чиқилиши, ишни кўриш жараёнида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қўллаб-қувватланиши ҳамда уларнинг иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш учун қонун доирасида барча зарурий чоралар кўрилиши билан бирга, уларда амалдаги қонунларга нисбатан ҳурматда бўлиш ҳамда шартнома интизомига риоя қилиш муносабати шакллантириб борилмоқда.
АСҚАР МАМАРАИМОВ,
Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси






