КУЧЛИ ТАЪСИР ҚИЛУВЧИ ДОРИЛАРНИ СОТГАН ШАХСНИ ОЗОДЛИГИ ЧЕКЛАНДИ

очерк
Дарҳақиқат, инсон ҳамиша ҳалол топгани ортидан умргузаронлик қилади, рўзғор тебратади. Пешана тери билан топилган ризқ албатта татийди. Афсуски шундай инсонлар ҳам борки, текин даромад топиб яшашни ўзига гўёки шиор қилиб олганкимсалар ҳам орамизда учраб туради.
Фикримизни бир жиноят тафсилотига қаратсак.
Ноилахон Хакимова (исм ва фамилияси ўзгартирилган) кўп йиллардан буён савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланиб келади. Аммо у жиноий йўл билан мўмай даромад кўрмоқчи бўлди.
Нега дейсизми? Ноилахон таркибида кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш мақсадида, ўзининг ушбу турдаги моддаларни сотишга лицензияси ва тегишли рухсатномаси йўқ бўлса-да, ўзига олдиндан таниш бўлмаган шахсдан келгусида ўтказиш учун таркибида кучли таъсир қилувчи бир қанча дори воситаларини келишилган нархда сотиб олади.
Шундан сўнг у олган дориларни ўзининг буюм бозоридаги савдо дўконининг растасига сотиш учун жойлаштиради. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан 2024 йил 19 апрель куни ўтказилган тезкор тадбирда унинг бу ҳаракатларига чек қўйилади. Мижозга жами 450 минг сўмга юқоридаги дори воситаларини сотган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан ушланади ва дори воситалари ундан тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинади.
Бежизга айтишмаганда, кўза кунда эмас, кунида синади деб!
Қўзғатилган жиноят иши очиқ суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида кўриб чиқилди. Ноилахон эса айбига тўлиқ иқрор қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўради.
Суд унинг аёллигини, муқаддам судланмаганлигини, қарамоғида бир нафар фарзанди борлигини, шунингдек содир этган қилмишини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2511-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, 1 (бир) йилга озодликни чеклаш жазосини жазосига ҳукм қилди.
Мамлакатимизда қонун устувор ва ҳар бир содир этилган жиноятга эса жазо муқаррарлиги таъминланади. Қинғир ишлар билан боғлиқ воқелик якунидан судланувчи хулоса чиқариб, жиноят кўчасига қайта қадам босмаслиги учун аччиқ сабоқ бўлса, ажабмас.
ОЙБЕК ЖУМАНОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси






