Сурхондарё вилоят судида судьялар, прокуратура ва ички ишлар органлари, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, тиббий муассасалар ҳамда “Адолат” социал демократик партияси вакиллари иштирокида семинар ташкил этилди

Мазкур семинарда вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судлари судьялари, прокуратура, ички ишлар органлари, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят Сил касалликлари ва психиатрия диспанцерлари масъулари, “Адолат” социал демократик партияси вакиллари ҳамда АКТ ходимлари иштирок этишди.

Ташкил этилган ушбу семинарда масъуллар томонидан Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳамда шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш тартиблари ва ушбу тоифадаги аризалар билан судга мурожаат қилиш тартиби, тақдим этиладиган ҳужжатлар, судда иштирок этиш билан боғлиқ процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлар, шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия муассасасига олиб боришда ва ётқизишда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, яъни бу борада суд ҳужжатларининг ижросини таъминлашда масъул шахслар, суд қарорларини юбориш механизми, электрон ҳужжат алмашинувини интеграциялашга доир масалалар юзасидан сўз юритилди.

Бундан ташқари, семинар давомида фуқаролик ишлари бўйича судларда алоҳида тартибда кўриладиган ишлар яъни шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш;

-унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш;

-шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш;

-унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш тартиблари бўйича амалиётда учрайдиган муаммоларни бартараф этиш ҳамда муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги ишларни судда кўриб чиқиш тартиби, ҳал қилув қарори ижроси бўйича ҳамкор ташкилотлар билан келишиб олинди.

Шунингдек, ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиш мақсадида суд ва тиббиёт муассасалари ўртасидаги жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш, васийси бўлмаган шахсларни «Мурувват» уйларига жойлаштириш тартибини соддалаштириш механизмларини жорий этиш лозимлиги қайд этилди.

Қизғин муҳокамалар давомида ҳамкор ташкилотлар томонидан билдирилган бир қатор муҳим таклифлар илгари сурилди.

УКТАМ МАМАДИЕВ,

Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси