ФИРИБГАР ТЎҚИГАН ЁЛҒОН ОҚИБАТИ

очерк

Орамизда шундай инсонлар ҳам борки, текин даромад топиб яшашни ўзига гўёки шиор қилиб олгандек. Ботир Ахмедов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бозорқум, яъни бир деҳқон бозорининг раҳбари. Кунларнинг бирида унинг ҳузурига Муяссар Қодирова ташриф буюриб, доимий равишда гуруч маҳсулотлари сотиш учун жой ажратиб беришини сўрайди. Шунда бозор раҳбари Ботир унга ўзига тегишли бўлган бозор маъмурияти биноси жойлашган ернинг 30 квадрат метр ҳажмидаги қисмини 70 миллион сўм миқдоридаги пулларга сотишини, кейинчалик эса “Сотиб олувчи” ўз маблағлари ҳисобидан маъмурият биносининг сотиб олинган қисмини бузиб, савдо дўкони қуриб олишини, ер ва дўконнинг ҳужжатларини ўзининг танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришини айтади.  

Шундан сўнг Муяссар Қодирова бозорқумнинг таклифига рози бўлади. Бироқ кейинчалик суриштириб кўрса, ушбу бино ва ундаги ер майдонини сотиш ҳуқуқига бозорқум умуман эга эмаслигини билгач, унинг бу ҳаракатлари қонунга мутлақо зид эканлиги юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилади.

Ботир Ахмедов ваъда қилганидек, Муяссар Қодировага бозор маъмурияти биноси жойлашган ернинг 30 квадрат метр ҳажмидаги қисмини ажратиш учун талаб этган 70 миллион сўмдан бир қисмини яъни 10 миллион сўмини хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда Термиз шаҳридаги ресторанларни бирида олган вақтида ашёвий далиллар билан тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланади.

Шуни айтишадида одамларни алдаш, мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга уриниш ҳеч кимга ҳеч қачон яхшилик келтирмаган.

Суд мажлисида судланувчи Ботир Ахмедов айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ўз кўрсатувида, унинг ушбу қилмишидан оила аъзоларининг хабари йўқлигини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, суддан қонуний енгиллик беришни сўради. Суд унга нисбатан қилган жиноят ишидан чин дилдан пушаймонлигини инобатга олиб ва оилавий шароитидан келиб чиқиб, қилган жиноят ишига мос равишда жазо тайинлади.

Қилмиш-қидирмиш, деб бежизга айтишмайди. Ҳар бир қилган жиноятнинг албатта, жазоси бор.

ОЙБЕК ЖУМАНОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси