ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Дарҳақиқат, ер, сув ва бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик, халқимиз ҳаёти ва фаровонлигининг асоси бўлиб, улардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан биридир.

Ерларни ноқишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун иқтисодий ва технологик асосланмасдан ўтказилиши ҳамда ерлар унумдорлигининг пасайиб кетиши ҳолатлари ўз ўрнида жараёнларни самарали бошқариш заруратини пайдо қилди.  

Хусусан, жорий йилнинг 5 май куни кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун шундай муаммоларга барҳам беришга қаратилган.  

Қишлоқ хўжалигига ушбу объектларни жойлаштириш чекланганлиги даладаги ишчиларнинг дам олиши учун қулай шароит яратишга, одамларни ва юкларни ташиш харажатлари ва вақтининг ошишига, етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратишга таъсир қилмоқда. Оқибатда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши харажатлари ортиб бормоқда.

Соҳага оид рухсат берувчи тартиб-тамойиллар содда ва шаффоф бўлишига қарамасдан, ер ости сувларидан назоратсиз ва ҳисобсиз фойдаланиш ҳолатлари йилдан йилга ортиб бормоқда.

Ер ости сувларидан назоратсиз ва ҳисобсиз фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ер ости сувларига қудуқни қонунга хилоф равишда бурғилаганлик учун жавобгарликни белгиловчи, ер ости сувларидан назоратсиз ва ҳисобсиз фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтирувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.    

Солиқ кодексига киритилган қўшимчага кўра, ер ости сувларидан фойдаланувчилар томонидан сувни ҳисобга олиш воситаларисиз сув олинганида солиқ тўловини белгиланган солиқ ставкасининг беш баравари миқдорида ундирилади.

Ер кодексига суғориладиган ерларни бошқа тоифага ўтказиш бўйича талабларни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш киритилди. Тоифаси ўзгартирилган ерлардан келгусида фойдаланиш бўйича аниқ шартларни белгиловчи, ер участкасини олганлик ва ердан фойдаланганлик учун ҳақ бўйича қарздорлик 6 ой ичида бартараф этилмаса, ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилишни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар ҳам кодексдан ўрин олди.  

Мухтасар айтганда эндиликда ер ости сувларидан рухсатсиз фойдаланиш ҳолатлари камайтирилади ҳамда соҳада давлат назорати кучаяди. Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари учун қулайликлар яратилди.

ОДИЛ НОРМАҲМАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди раисининг ўринбосари –

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси