СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИДА СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТНИНГ ЎРНИ
Аввало сунъий интеллект нима? Сунъий интеллект бу компьютер тизимлари ёки дастурларнинг инсон ақлига хос вазифаларни, яъни ўйлаш, ўрганиш, қарор қабул қилиш ва муаммоларни ечиш каби қобилиятларни амалга оширишга мўлжалланган технологиялар мажмуасидир.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва адолатни таъминлаш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қабул қилинган давлат дастурлари ва қонунчилик ислоҳотлари жараёнида замонавий технологиялар, жумладан, сунъий интеллектдан фойдаланиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
2024 йил 14 октябрда Президентнинг қарори билан сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Унда сунъий интеллектни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, хорижий тажрибалар ва мамлакатимизда бу технологияларни жорий қилиш бўйича вазифалар аниқ белгилаб берилган.
Сунъий интеллект суд-ҳуқуқ соҳасида қуйидаги имкониятларни яратади:
-суд ишларини тезкор ва шаффоф тарзда ҳал қилиш;
-коррупция хавфини камайтириш;
-қонунларни қўллашда инсон хатоларининг олдини олиш;
-ҳуқуқий жараёнларда фуқароларнинг иштироки осонлашиши.
Хорижий мамлакатларда сунъий интеллектдан ҳуқуқ соҳасида фойдаланишнинг бир қатор илғор мисоллари мавжуд. Масалан:
Хитой: Хитой «ақлли судлар» платформасини жорий этган бўлиб, суд ишларини автоматлаштириш орқали юкламани камайтириш ва жараёнларни тезлаштиришга эришмоқда. Бу технология орқали суд қароридаги камчиликлар ёки ишлов беришдаги хатолар автоматик тарзда аниқланади.
АҚШ: Суд ишларини таҳлил қилиш ва ҳужжатларни классификация қилиш учун сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, адвокатлар учун махсус дастурлар орқали ишга тааллуқли ҳуқуқий претседентларни топиш анча осонлашган.
Эстония: «Электрон суд» тизими орқали майда суд ишларини автоматик равишда ҳал қилиш жараёни жорий қилинган. Бу вақт ва ресурсларни тежашга ёрдам бермоқда.
Сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари кенг бўлса-да, уни амалиётга жорий қилишда қуйидаги қийинчиликлар мавжуд:
-ҳуқуқий маълумотларнинг тўлиқ ва ишончли бўлиши керак;
-сунъий интеллект технологиялари учун етарли молиявий ва техник ресурслар зарур;
-судьялар ва ҳуқуқшуносларнинг сунъий интеллект билан ишлаш бўйича малакасини ошириш лозим.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, суд-ҳуқуқ соҳасида сунъий интеллектдан фойдаланиш адолатни таъминлаш ва ҳуқуқий тизимни янада самарали қилиш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу нафақат суд ишларини тезкор ва самарали қилишга, балки фуқароларнинг адолатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Сунъий интеллектдан тўғри фойдаланиш адолатли, шаффоф ва замонавий суд-ҳуқуқ тизимини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Нигора Хасанова,
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судья ёрдамчиси