ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР
Мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, шунингдек судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи Қонун қабул қилинди.
Мазкур “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни юртбошимиз томонидан 2024 йил 30 сентябрда имзоланган.
Хусусан, ушбу Қонун билан суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви принципини, давлат манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш судлар томонидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўришда прокурорнинг иштирокига, шунингдек ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишга тааллуқли процессуал нормалар янада аниқлаштирилишини тақозо этаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда иштирок этиш ҳуқуқини, шунингдек давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари, Қонунда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига прокурорнинг суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида прокурор тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган, қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган ишлар бўйича кассация протести, тафтиш тартибида протест келтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли судлардан ишларни талаб қилиб олишга бўлган ҳуқуқи белгиланди. шунингдек мазкур тоифадаги ишларни кўриш якунлари бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш тартиби аниқлаштирилди.
Фуқаролик процессуал кодекси 50-моддасида, “Прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда иштирок этиши мумкин. Прокурор бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.
Прокурор давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиши мумкин” деган мазмундаги биринчи ва иккинчи қисмлар билан алмаштирилган бўлса, ушбу кодекснинг 383 ва 387-моддалари қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган бўлиб, бироқ у суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган иш бўйича протестлар киритиш каби қоидалар киритилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу Қонун прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, шунингдек судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
АКМАЛ АКРАМОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси