СУД ТОМОНИДАН ВОЯГА ЕТМАГАН ФАРЗАНД ОНА ТАРТИЯСИГА ОЛИБ БЕРИЛДИ
Юртимизда суд ҳокимиятига фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш учун суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, суд фаолиятини тубдан яхшилаш вазифалари белгиланган.
Хусусан, фуқаролик судига даъвогар Лобар Мансурова (исми ва фамилиялар ўзгартирилган) жавобгар Шухрат Шокировга нисбатан “Фарзандини ўз тарбиясига олиб бериш ҳақида”ги даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига кўра, “Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” деб белгиланган.
Аниқланишича, даъвогар Лобар Мансурова ва жавобгар Шухрат Шокиров 2021 йил 11 январь куни қонуний никоҳдан ўтиб оила қурган бўлиб, уларнинг бир нафар яъни, 2023 йил 25 апрель куни туғилган Хайрулла исмли фарзанди бор.
Тарафлар ўзаро келишмовчиликлар сабабли 2024 йил 20 март кунидан буён бир-бирларидан алоҳида яшаб келаётганлиги боис уларнинг фарзанди Хайрулло жавобгар Шухрат Шокировнинг тарбиясида қолган бўлиб, тарафлар ўртасида низо келиб чиққан.
Оила кодексининг 75-моддасига кўра, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олиши назарда тутилган.
Суд томонидан даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, 2023 йил 25 апрель куни туғилган Хайрулла исмли фарзанди жавобгар отанинг тарбиясидан даъвогар онанинг тарбиясига олиб берилди.
ЗАРИФ ХЎЖАМУРОТОВ,
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судяси