Яшаш уйида ноқонуний майнинг қурилмаси ўрнатиб олган шахсга ҳукм ўқилди

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида истиқомат қилувчи 34 ёшли йигит Халим Жумаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) яшаш уйида ноқонуний майнинг қурилмаси ўрнатиб олиб, ҳар бири 1,6 кВт дан жами 3,2 кВт бўлган 2 дона “BITMAIN ANTMINER L3+” русумли майнинг қурилмаларини ўзбошимчалик билан электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб олганлик ҳолати тезкор тадбир давомида аниқланади. Электр тармоғидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси манфаатига 178.329.060 сўм миқдорда моддий зарар етказган.

Ушбу ҳолат юзасидан тезкор тадбир давомида Халим Жумаевнинг хонадонидан 2 дона “BITMAIN ANTMINER L3+” русумли майнинг қурилма, 1 дона “Kenweiiрc” номли электр таъминловчи қурилма, 1 дона “Shenzhen cloudic Technology” номли электр таъминловчи қурилма, 1 дона“iON” номли UPS, 1 дона “Huawei” номли Wi-Fi аппарати, 1 дона “Huawei” номли Wi-Fi аппарати, 1 дона “Prima” номли электр токини меёрлаштирувчи қурилма, 1 дона “Iphone Рro Мах.12” (ичидаги барча маълумотлар ўчирилган ҳолда) маркали телефон аппарати, 1 дона “Elit ва Mercury” номли UPS ҳамда 1 дона “Tenda” номли қурилма, 10,5 метр “АПР-2х8мм2” русумли электр токини ўтказувчи сим, 4 та розетка, 18,5 метр шиша толали сим, 1 дона “Драйвер”, 1 дона “VIDEO PLAYER RF CHANGEOVER” ва 2 дона “UZTELEKOM” маркали қурилмалар, 2 дона қувватлаш мосламаси, 1 дона “FSP GROUP INC” маркали қурилмалар тегишли тартибда ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.

Мутахассислар хулосасига кўра, ушбу фуқаро ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб олиб, ноқонуний фойдаланиши натижасида, 20.11.2021 йилдан 14.06.2023 йилгача электр энергиясига 118.402.560 сўмлик, шунингдек 15.06.2023 йилдан 29.01.2024 йилгача ўғирлаган электр энергиясидан 59.926.500 сўмлик моддий зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, судланувчи, фуқаровий даъвогар ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқилиб, ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо берилиб, суднинг ҳукми эълон қилинди.

Судланувчи Халим Жумаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1852-моддаси 3-қисми ва 169-моддаси 2-қисми “б,д” бандлари билан айбли деб топилиб, унга нисбатан узил-кесил 3 (уч) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.

Шунингдек, суд ҳукми билан судланувчидан Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси фойдасига 108.329.060 сўм зарар ундириш белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу кимсаларнинг қилмишини баён этишдан мақсад шуки, бу ҳаётда ҳеч қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Шундай экан, бебаҳо умрни эзгу ишларга бағишлаш, ҳаётда ўзидан яхши ном қолдиришга не етсин?!

Хулоса шуки, қонун устувор ва жазо муқаррар.

АББОС РАХМАТОВ,

Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди раиси