ФУҚАРОНИ БЕДАРАК ЙЎҚОЛГАН ДЕБ ТОПИШ ВА ФУҚАРОНИ ВАФОТ ЭТГАН ДЕБ ЭЪЛОН ҚИЛИШ ТАРТИБИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик протсессуал кодексининг 305-моддасида фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза манфаатдор шахс томондан бедарак йўқолган фуқаронинг охирги маълум бўлган яшаш жойидаги судга берилиши белгиланган.

Суд фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишга қонунчиликда белгиланган муддатлар ўтганидан сўнг киришади.

Аризада фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки уни вафот этган деб эълон қилиш аризачига қандай мақсадлар учун зарур эканлиги кўрсатилиши, шунингдек фуқаронинг бедарак йўқолганлигини тасдиқлайдиган ёхуд бедарак йўқолган шахсга ўлим хавфини солган ёки у муайян бахтсиз воқеа туфайли ҳалок бўлган деб тахмин қилишга асос бўладиган ҳолатлар баён қилиниши керак.

Судя ишни суд муҳокамасига тайёрлашда бедарак йўқолган шахс тўғрисида кимлар (қариндош-уруғлари, бирга ишловчилар ва бошқалар) маълумот бера олиши мумкинлигини аниқлайди, шунингдек бедарак йўқолганнинг маълум бўлган сўнгги яшаш жойи ва иш жойидаги тегишли ташкилотлардан (ички ишлар органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан) бедарак йўқолган шахс тўғрисида бор маълумотларни сўраб олади.

Судя аризани қабул қилиб олгач, айни вақтда васийлик ва ҳомийлик органига бедарак йўқолганнинг мол-мулкини сақлаш, шунингдек уни бошқариш учун шахсни тайинлашни таклиф қилиши мумкин.

Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ишлар албатта прокурорнинг иштирокида кўрилади.

Суднинг фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори бедарак йўқолган шахснинг мол-мулки турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органининг бу мулкка нисбатан бошқарувчи тайинлаши учун асос бўлади.

Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтарига мазкур фуқарони вафот этган деб ёзиб қўйиш учун асос бўлади.

Бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган фуқаро қайтиб келган ёки унинг турган жойи аниқланган тақдирда, суд ўзининг илгариги ҳал қилув қарорини янги ҳал қилув қарори билан бекор қилади. Янги ҳал қилув қарори тегишинча мол-мулкка нисбатан бошқарувни ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтаридаги фуқаронинг вафотига доир ёзувни бекор қилиш учун асос бўлади.

Хулоса ўрнида, фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ишлар фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судя катта ёрдамчиси