ИЖАРАГА ОЛУВЧИНИНГ ЕР МАЙДОНИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИ ТИКЛАНДИ
Юртимизда суд ҳокимиятига фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш учун суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, суд фаолиятини тубдан яхшилаш вазифалари белгиланган.
Хусусан, даъвогар Жураева Мақсуда (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жавобгар Бердиев Расулга нисбатан “Ер майдонидан фойдаланишига тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш ҳақида”ги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган лойиҳа бўйича деҳқон хўжалиги юритиш учун 0.50 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонини 30 йил муддатга ижарага бериш учун очиқ электрон танлов ўтказиш учун буюртма берилган.
“Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” Давлат унитар корхонаси томонидан ўтказилган электрон танлов натижасига кўра даъвогар Жураева Мақсуда танлов ғолиби деб топилиб, бу ҳақда электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисида баённома тузилган.
Ушбу баённомага асосан туман ҳокимлиги ва Жураева Мақсуда ўртасида деҳқон хўжаликларига ер участкасини ижарага бериш бўйича ижара шартномаси тузилган ва ушбу ер майдони жойида ўлчаб, чегаралари белгилаб берилган ҳолда ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган.
Жавобгар Бердиев Расул ушбу ижарага олинган ер майдонидан даъвогар Жураева Мақсуданинг фойдаланиши учун қаршилик кўрсатиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 41-моддасига кўра, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг бузилган ҳуқуқлари қонунчиликда назарда тутилган тартибда тикланиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 11-моддасига кўра, ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш йўли билан фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоя қилинади.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари қаноатлантирилиб, унга кўра жавобгар Бердиев Расулга даъвогар Жураева Мақсуданинг ижарага олган 0.50 гектар ер майдонидан фойдаланишига тўсқинлик қилмаслик мажбурияти юклатилиб, даъвогар Жураева Мақсуданинг ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқлари тикланди.
ЗАРИФ ХЎЖАМУРОТОВ,
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси