Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишда апелляция босқичининг ўрни ва аҳамияти
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини реал таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга суд ҳокимияти мустақиллигини, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслигини таъминлашга оид қатор ислоҳотлар тизимли давом эттирилмоқда.
Мазкур ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияда назарда тутилган суд орқали ҳимоя қилиниш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқларининг кафолатларини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилишга, одил судловдан фойдаланиш даражасини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 декабрдаги 887-сонли Қонуни билан суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишда апелляция босқичининг ўрни ғоятди муҳим бўлиб, фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўришда, мазкур инстанция судлари биринчи инстанция судларининг ҳал қилув қарорлари ҳамда ажримлари қонунийлиги ва асослилигини текшириб, улар томонидан йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф эта бориб, одил судловнинг тўғри амалга оширилишини ҳамда фуқаролик ҳуқуқий муносабатларида қонунийлик мустаҳкамланишини таъминлаб боради.
АПЕЛЛЯЦИЯ сўзининг маъноси ҳам (лот. appellatio – мурожаат қилиш; шикоят қилиш; норозилик билдириш) – суд ҳукми устидан шикоят аризаси беришнинг бир шакли ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 3721-моддасига кўра, суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги юзасидан биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикояти ёки апелляция протести бўйича текширув қўзғатилади.
Кодексининг 383-моддасига кўра, тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил суднинг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори устидан апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.
Кодекснинг киритилган ўзгартиришларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати – тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини кўриб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 3851-моддасига кўра, апелляция шикояти (протести) суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин. суднинг соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилиши мумкин. Ўтказиб юборилган муддат, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва муддатни ўтказиб юбориш сабаблари узрли деб топилган бўлса, апелляция шикояти (протести) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра апелляция инстанцияси судининг судьяси томонидан тикланиши мумкин.
Кодекснинг 388-моддасига кўра, апелляция шикоятини (протестини) қайтариш, қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишга қабул қилиш масаласи апелляция инстанцияси судининг судьяси томонидан якка тартибда шикоят (протест) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал қилинади.Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш, қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 270-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
Апелляция инстанциясининг суди ишни апелляция тартибида кўриб чиққач, ўз ажрими билан:
1) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга;
2) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқаришга;
3) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман ўзгартиришга;
4) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган асосларга кўра аризани кўрмасдан қолдиришга ёхуд иш юритишни тўлиқ ёки қисман тугатишга;
5) агар иш судга тааллуқлилик тўғрисидаги қоидалар бузилган ҳолда кўриб чиқилган бўлса, ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга ҳақли.
Ушбу Кодекс 3722-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида ва 3724-моддаси иккинчи қисмининг 2 ва 4-бандларида назарда тутилган асослар аниқланганда, апелляция инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради. Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда бажарилиши лозим бўлган ҳаракатлар кўрсатилади».
Хулоса қилиб айтганда, суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишда апелляция босқичининг такомиллаштирилиши фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
СОХИБ РАХИМОВ,
Сурхондарё вилоят суди судьяси