АЙИРБОШЛАШ ШАРТНОМАСИ ТУШУНЧАСИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг
497-моддасида айирбошлаш шартномасига таъриф берилган.

Унга кўра, айирбошлаш шартномасига мувофиқ ҳар бир тараф бошқа тарафга бир товарни бошқа товарга алмаштириш йўли билан мулк қилиб топшириш мажбуриятини олади.

Айирбошлаш шартномасига нисбатан тегишинча олди-сотди тўғрисидаги қоидалар қўлланади, башарти бу ушбу боб қоидаларига ва айирбошлаш моҳиятига зид келмаса. Бунда ҳар қайси тараф алмаштириш йўли билан топшириш мажбуриятини олган товарни сотувчи ва қабул қилиш мажбуриятини олган товарни сотиб олувчи ҳисобланади.

Қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини айирбошлаш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Агар айирбошлаш шартномасидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, айирбошланадиган товарлар тенг қийматли деб тахмин қилинади, уларни топшириш ва қабул қилиш харажатларини эса ҳар бир ҳолда тегишли мажбуриятларни бажарадиган тараф амалга оширади.

Айирбошлаш шартномасига мувофиқ айирбошланадиган товарлар тенг қийматли эмас деб тан олинган тақдирда баҳоси айирбошлашга тақдим қилинаётган товар баҳосидан паст бўлган товарни топшириши лозим бўлган тараф, агар шартномада ҳақ тўлашнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса, товар ёки товарни тасарруф қилиш ҳужжатлари топширилгандан сўнг кечиктирмасдан баҳолардаги фарқни тўлаши лозим.

Агар айирбошланадиган товарлар тенг қийматли эмас деб тан олинса, бироқ уларнинг баҳоларидаги фарқ айирбошлаш шартномасида назарда тутилган бўлмаса ва шартнома шартларига қараб белгиланиши мумкин бўлмаса, нархлардаги фарқ ушбу Кодекс 356-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ аниқланади.

Айирбошлаш шартномасига мувофиқ айирбошланадиган товарларни топшириш муддатлари бир-бирига тўғри келмаган тақдирда, товарни топшириш мажбуриятини бошқа тараф товарни топширганидан сўнг бажариши лозим бўлган тарафнинг товарни топшириш мажбуриятини бажаришига нисбатан мажбуриятни муқобил бажариш тўғрисидаги қоидалар қўлланади.

Агар қонунда ёки айирбошлаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, айирбошланадиган товарларга мулк ҳуқуқи айирбошлаш шартномасига мувофиқ сотиб олувчи ҳисобланадиган тарафларга иккала тараф тегишли товарларни топшириш мажбуриятини бажарганидан сўнг бир вақтда ўтади.

Айирбошлаш шартномаси бўйича олган товарини учинчи шахслар олиб қўйган тараф, ушбу Кодекснинг 395-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, бошқа тарафдан айирбошлаш асосида олинган товарни қайтаришни ва (ёки) зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Хулоса ўрнида айта оламизки, айирбошлаш шартномаси – мулк қилиб олиш ва топшириш мажбурияти ифодаланган шартнома. Бунга кўра, ҳар бир тараф бошқа тарафга бир товарни бошқа товарга алмаштириб беради. Айирбошлаш шартномасига нисбатан тегишинча олди-сотди тўғрисидаги қоидалар қўлланади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси