ОИЛАДАГИ ЗЎРАВОНЛИК – МИЛЛАТ ШАНИГА ДОҒ
Бош қомусимиз бўлган Конституциямизнинг XIV боби “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган ва ушбу бобга тегишли 76-моддадасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир” деб белгилаб қўйилган.
Албатта, жамиятимизда биринчи галда “Ватан” тушунчаси устувор бўлса, иккинчи ўринда оила ҳам муқаддас даргоҳ сифатида доимо эъзозлаб келинган. Ўтган асрнинг 30-йилларида миллий тараққиёт ҳаракатининг кўзга кўринган вакилларидан бўлган Абдурауф Фитрат ўзининг “Оила” асарида оила асосини тўғри қуриш, оилада ёш авлодга жисмоний, ақлий ва ахлоқий таълим ва тарбия бериш орқали турғунликдаги жамиятни ислоҳ қилиш мумкинлигини баён қилиб, “Миллат тақдири мана шу миллат вакиллари яшаган оиланинг ҳолатига боғлиқдир. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади” деб эътироф этган.
Психолог В.П.Левкович тадқиқотлари натижаси шуни кўрсатдики, шахслараро муносабатлар ёмон бўлган оиладаги болаларда душманлик, ишончсизлик, бефарқлик ва бошқа салбий сифатлар шаклланган ва бу боланинг ички дунёсига ҳам зарар етказган бўлади. Ота-оналарнинг фарзандларига меҳр-муҳаббатли бўлишлари ва буни тўғри ифодалаб беришлари оиладаги психологик муҳитнинг ҳар томонлама соғлом, маънавий мустаҳкам бўлишига эришишда асосий манба бўлиб ҳисобланади.
Албатта, замон бир жойда тургани йўқ, доимо ривожланиб бормоқда. Бундан 30-40 йил олдин комьютер, уяли телефон, интернет деган тушунчалар сизу бизга бегона эди. Бугун булар шунчалик оммалашиб кетдики, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қила олмайдиган бўлиб қолдик. Табиийки, мана шулар билан “оммавий маданият” деган тушунча ҳам кириб келди ва яшаш тарзимизга, урф-одату қадриятларимизга гоҳида ўзининг салбий таъсирини ҳам кўрсатмоқда.
Буларнинг акс-садосини, энг аввало, “Зангори экран” орқали тез-тез намойиш этилаётган эр ўз хотинини уриб ўлдиргани, ака-ука, ҳатто ота-бола ўртасида муроса қочиб, жиноят юз беришигача етиб бораётгани ва бошқа кўпдан-кўп оилавий зўравонликлар акс эттирилган ҳолатлар орқали кўриб била турибмиз.
Ваҳоланки, инсоннинг оиласи тинч, яқинлари соғ-саломат бўлсагина ҳотиржам яшай олади.
Хусусан, сўнгги вақтларда маҳалла билан давлат ўртасида кўприк вазифасини ўтай оладиган қатор янги тизимлар яратилдики, буларнинг барчаси биринчигалда оилани мустаҳкамлаш, тинчликни таъминлашдек эзгу тамойилга эгалиги билан аҳамиятли бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 18 февралда “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5938-сонли Фармони эълон қилиниб, ҳаётга тадбиқ этиб келинмоқда. Худди шу куни Президентимиз Фармони ортидан “Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 4602-сонли қарорини ҳам имзолади.
Албатта, глобаллашув жараёнида маҳалла ва оилани янада қўллаб-қувватлашга қаратилган юқоридаги жиддий саъй-ҳаракатлар ўзининг самараларини бермоқда. Жойлардаги кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ажримларни олдини олиш, жиноятчиликка қарши профилактик тадбирларни кучайтириш, хотин-қизлар, ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган ҳаракатлар давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
“Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга тадбиқ этишга йўналтирилган сиёсатнинг олиб борилаётгани оилавий зўравонликларнинг камайишига, жойларда “Жиноятдан ҳоли маҳалла”, “Жиноятдан ҳоли қишлоқ”ларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Ижтимоий реабилитация қилиш мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жойларда Ижтимоий мослашув марказлари фаолият олиб бора бошлади.
Мазкур марказлар оилаларни асраш учун оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган шахслар, шунингдек, хотин-қизларга руҳий-психологик, маънавий ва тезкор ижтимоий ёрдамлар кўрсатишни ташкил этмоқдалар.
Зеро, жамиятимиз тараққий этиб борар экан, бугунги кунда “Никоҳ шартномаси” ҳам аста-секин истеъмолимизга кириб, оммалашиб бормоқда. Гарчанд, ривожланган Европа мамлакатларида никоҳ шартномасига жуда кўплаб оилалар риоя этсаларда, никоҳ шартномаси сизу биз учун ҳозирча оммалашмаган янгиликдир.
Бундан ташқари, “Гендер тенглик” тушунчаси БМТнинг 2015 йил қабул қилган 70-сонли резолюциясида ўз ифодасини топган эди. Миллий қонунчилигимизда юз бераётган ўзгаришлар ифодаси сифатида қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунимизни ҳаётга кенгроқ тадбиқ этишимиз учун ҳали кўп саъй-ҳаракат қилишимизга тўғри келади. Чунки, миллий қонунчилигимиз тарғиботининг кун тартибидан ушбу қонун ҳам ўрин олгандир. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, оиладаги зўравонликнинг юзага келиши, энг аввало, оиладаги муҳит, таълим-тарбиянинг нечоғлик мукаммал эмаслиги билан изоҳланмоқда.
САЙДУЛЛА МИХЛИЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси