ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАР ЎЗАРО БОҒЛИҚЛИГИНИНГ КОНСТИТУЦИЯДАГИ АКСИ

Ҳар бир демократик давлатнинг конституция ва қонунларида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида баҳоланади.

Шуни унитмаслик керакки, ҳуқуқ бор жойда мажбуриятлар ҳам келиб чиқади.

Бу қоида янги Конституциямизда алоҳида бир норма сифатида ўз аксини топди.

Жумладан, янги Конституциямизнинг 20-моддасига “Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир” мазмундаги норма киритилди.

Бу норманинг асосий мазмуни шундан иборатки, фуқаролар ва давлат бир-бири билан муносабатга киришганда турли ҳуқуқ ва мажбуриятларни олади. Масалан, фуқароларга атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти бўлса, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини рўёбга чиқариш чораларини кўриши керак.

Шунингдек, мазкур моддада инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари фақат суд томонидан чекланиши ҳамда барча давлат органларининг фаолияти мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликларинидан келиб чиқиши белгиланди.

Бундан ташқари, ушбу моддада аввал ҳеч қайси нормада аксини топмаган “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” норма белгиланди.

Қонуннинг асосий мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилишдан иборатдир. Яъни, қонунлар кимгадир ортиқча мажбурият ёки харажат юклаши мумкин эмас. Аксинча, қонунлар воситасида жамият ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади, инсонлар ҳаёти барқарорлаштирилади ва бир маромда кетиши таъминланади.

Мутаносиблик принципи ҳам шу мақсадни кўзлайди. Давлат ва инсон ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар турли тушунмовчиликларга, инсон ва фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига олиб келади. Конституциянинг ушбу моддасида номувофиқликлар давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилиши назарда тутилган.

Буни эса мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг тўла таъминланганлигининг яна бир ёрқин мисоли сифатида кўрсатишимиз мумкин.

Мақсадимиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш. Зеро, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланганлиги давлатнинг конституция ва қонунлари мустаҳкам ва барқарорлигидан далолат демакдир.

Меҳриддин Холбеков

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси