МЕҲНАТ ҚИЛИШ ҲУҚУҚИ – КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲИМОЯДА

Мана ўттиз йилдирки, кўп миллатли Ўзбекистон ўзининг Асосий Қонуни – Конституцияси ҳимоясида яшаб келмоқда. Чунки, унинг барча моддаларида инсон ва фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаётини яхшилаш, хавфсизлигини таъминлаш йўлида ҳар биримизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳуқуқларимиз аниқ мустаҳкамлаб қўйилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Гарчи, меҳнат қилиш ҳуқуқи Асосий қонун ва бошқа қонун ости ҳужжатлар билан ҳимояланган бўлса-да, бироқ ҳозирга қадар иш берувчилар томонидан ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига салбий таъсир кўрсатувчи ҳужжатлар чиқарилмоқда.

Жумладан, судга фуқаро Ахмад Аброров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ушбу аризасида у туман давлат солиқ инспекциясида Солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келганлиги, унинг меҳнат фаолиятида аниқланган хато ва камчиликлар юзасидан интизомий жазо қўллаш муддати ўтган бўлса-да, у ғайриқонуний равишда эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлигини баён қилиб, суддан мазкур Солиқ бошқарма бошлиғининг тегишли буйруғини ғайриқонуний деб топиб, уни аввалги ишига тиклашни сўраган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, фуқаро Ахмад Аброров вилоят Солиқ бошқармаси тизимида кўп йиллардан буён ишлаб келиб, жумладан туман давлат солиқ инспекциясининг Юридик шахсларга хизмат кўрсатиш шўъбаси давлат солиқ инспектори лавозимида, Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторида ишларни ташкил қилиш бўлими давлат солиқ катта инспектори лавозимида, Юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими Ресурс солиқлари ҳисобини юритиш ва назорат шўъбаси давлат солиқ катта инспектори лавозимида, Солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.

Солиқ бошқармаси томонидан ходимнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ўтказилган хизмат текшируви хулосасидан кўринишича, Солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш бўлими бошлиғи Ахмад Аброров ўз вазифасидан фойдаланиб, ARMNI дастури орқали “Baraka” хусусий корхонаси раҳбарини Бегмат Бозоровдан Ж.Жумаев номига ўзгартирилганлиги, натижада эса “Baraka” хусусий корхонасининг 2023 йил 10 февраль ҳолатида ҳосил бўлган 58.723.186 сўм солиқ қарздорлиги бюджетга ундирилмасдан қолганлиги боис фуқаро Ахмад Аброров билан тузилган мазкур меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандини қўллаган ҳолда бекор қилиш таклиф қилинган.

Суд томонидан “Baraka” хусусий корхонаси раҳбари дастлаб Қумқўрғон туман Давлат хизматлари марказида ўзгартирилганлиги ва шу асосда солиқ органинг ARMNI дастурида ҳам корхона раҳбари ўзгартирилганлиги, ушбу корхона раҳбари ўзгартирилганлиги корхонанинг 58.723.186 сўм солиқ қарздорлиги бюджетга ундирилмасдан қолишига ҳамда банкротликка тушиб қолишига сабаб бўлмаганлиги, фуқаро Ахмад Аброровнинг хатти-ҳаракатларида ARMNI дастурига қасддан нотўғри ёки сохта маълумотлар киритилмаганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 182-моддаси талабига кўра, фуқаро Ахмад Аброровнинг 2021 йил 21 декабрь кунидаги хатти-ҳаракати учун ушбу хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб 16 ой ўтгач ғайриқонуний равишда  интизомий жазо қўлланилганлиги аниқланди.

Судда аниқланган барча ҳолатларга кўра, суднинг тегишли қарори асосида даъвогарнинг даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилиб, фуқаро Ахмад Аброров туман давлат солиқ инспекциясига Солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш бўлими бошлиғи лавозимига ишлаб тикланди.

Хулоса қилиб айтганда, Бош қомусимизда ҳамда меҳнат қонунчилигида белгиланган барча нормалар ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ва адолатли меҳнат шароитларида ишлашга тўла ҳақлилиги таъминлаб келмоқда.

Зухриддин Мавлонов

Сурхондарё вилоят суди судьяси