ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА АПЕЛЛЯЦИЯ ТАРТИБИДА ИШ ЮРИТИШ

Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақлидир.

Прокурор, юқори турувчи прокурор фақат прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция протести келтиришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақли, бундан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
34-бобига асосан апелляция тартибида иш юритиш тартиби белгиланган.

Апелляция шикоят ёки протестлари кимлар томонидан кўриб чиқилади?

Апелляция шикоятлари (протестлари):

тегишли туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.

Агар қонунчиликда бошқача муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти (протести) биринчи инстанция суди томонидан шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.

Суднинг соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги, ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилади.

Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати, шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган ва апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Апелляция шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) апелляция шикояти (протести) йўлланаётган суднинг номи;

2) шикоят (протест) бераётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

3) устидан шикоят (протест) берилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган иқтисодий суднинг номи, ишнинг рақами ва ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, низонинг предмети;

4) шикоят (протест) бераётган шахснинг талаблари ҳамда шикоят (протест) бераётган шахс иш ҳолатлари ва далилларга, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳавола қилган ҳолда ҳал қилув қарорини нотўғри деб ҳисоблаш учун келтирган асослар;

5) шикоятга (протестга) илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

Апелляция шикоятида шикоят бераётган шахснинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Апелляция шикоятига қуйидагилар илова қилинади:

1) давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

2) ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция шикояти ва унга илова қилинган, уларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

3) апелляция шикояти вакил томонидан имзоланган тақдирда, унинг имзолашга доир ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.

Апелляция протестига ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция протестининг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, прокурор иштирокисиз кўрилган иш бўйича тарафнинг мурожаати кўчирма нусхаси илова қилинади.

Даъво аризасини қайтариш ёки даъво аризасини қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан берилган апелляция шикоятига (протестига) қайтарилган даъво аризаси ва судга тақдим этишда унга илова қилинган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.

Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисидаги масала шикоят (протест) иш билан бирга судга келиб тушган кунидан эътиборан беш кундан кечиктирмай судья томонидан якка тартибда ҳал қилинади.

Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай юборилади.

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича:

1) ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга;

3) ҳал қилув қарорини ўзгартиришга;

4) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;

5)  ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги бўйича асос мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга;

6) ишнинг судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда кўрилганлиги бўйича асос мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга ҳақли.

Нурали Эргашев

Сурхондарё вилоят суди девонхона катта консультанти