ЯНГИ МЕҲНАТ КОДЕКСИДА ЯККА ТАРТИБДАГИ МЕҲНАТГА ОИД МУНОСАБАТЛАР

Янги Меҳнат кодекси ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солади.

Янги таҳрирдаги Меҳнат Кодексга кўра, якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланди:

-меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш;

-меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш;

-меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик;

-меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги;

-ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслик.

Жумладан, меҳнат эркинлиги ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқини англатади.

Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик қуйидаги шахсларга нисбатан (агар улар бир вақтнинг ўзида иш берувчилар ёки уларнинг вакиллари сифатида иш юритмаса) татбиқ этилмайди:

-муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга;

-ташкилотларнинг кузатув кенгашлари аъзоларига;

-мазкур ташкилотнинг ходимлари бўлмаган тафтиш комиссиялари аъзоларига (тафтишчиларга);

-фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар асосида ишларни бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) шахсларга;

-агар қонунда белгиланган бўлса, бошқа шахсларга.

Асосий принциплар:

Янги кодексда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг қуйидаги асосий принциплари белгиланган:

-меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш;

-меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш;

-меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик;

-меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги;

-ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги.

Ушбу Кодексда меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликка бағишланган бўлим мавжуд. Ушбу шериклик яъни ходимлар, иш берувчилар, давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тизими бўлиб, бу тизим якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш масалалари юзасидан ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларини мувофиқлаштиришни таъминлашга қаратилган бўлади.

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари.

Давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча иш ўринларини, ихтисослаштирилган ташкилотларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қилиши учун ташкилотларни ташкил этиш, махсус қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш, иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш кабиўшимча кафолатларни таъминлайди.

Оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари.

Мазкур Кодексда ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш чоғидаги кафолатлар белгиланмоқда. Хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорларни ушбу кечиктириш келтириб чиқарган йўқотишларни иш берувчига бир вақтнинг ўзида қисман ёки тўлиқ компенсация қилиш орқали олти ой муддатгача тўхтатиб туриши мумкин.

Ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари жумласига қуйидагилар киради:

а) ходимларининг сони йигирма нафар ва ундан ортиқ бўлган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги ташкилотни (унинг алоҳида бўлинмасини) тугатиш;

б) ходимлар сонининг (штатининг) қуйидаги миқдорда:

-ўттиз календарь кун ичида эллик нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;

-олтмиш календарь кун ичида икки юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;

-тўқсон календарь кун ичида беш юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг қисқариши.

Муддатли меҳнат шартномасининг муддати қисқармоқда.  

Эндиликда меҳнат шартномаси:

-номуайян муддатга;

-уч йилдан кўп бўлмаган муайян муддатга (муддатли меҳнат шартномаси) тузилиши мумкин.

Мухтасар айтганда, ушбу ҳужжат мазкур соҳадаги қатор муаммоларни, меҳнат бозоридаги вазиятни инобатга олиб, бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда, қонуний ҳал қилишда, ишлаган ишига, иш берувчи эса киритган сармоясига муносиб тарзда эътибор ва рағбатга эга бўлишини кафолатлайдиган муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Рамз Тиллаев

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди судьяси