КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ БИРГА КУРАШАЙЛИК
“Давлат ва жамият ишларида тамагирлик қилган одам, мозор титиб, ўғирлик қилишдан ҳам қайтмайди” деган экан қадимги грек файласуфи Плутарх.
Буюк файласуф бу билан ватан, жамият ва давлатга хизмат қилишдек шарафли вазифани бажараётганда, ўз шахсий манфаатларини ўйлаб тамагирлик қилган одамни мозор титиб марҳумнинг нарсаларини ўғирлаб юрган жирканч ўғрига тенглаштирган.
Дарҳақиқат, коррупция ва порахўрлик бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлиб, давлатни ич-ичидан емиради. Бу иллат сабабли кўплаб давлатлар инқирозга юз тутган.
Тарихдан биламизки, турли цивилизациялар ва давлатларнинг инқирозга юз тутишининг энг асосий сабабларидан бири сифатида, турли даражадаги давлат арбоблари ва хизматчиларининг тамагирлик қилиши, ўз манфаатини давлат манфаатларидан устун қўйишини кўрсатиш мумкин. Чунки бу ҳолатда давлат хизматчиси томонидан давлат ва жамият манфаатларига фойда келтирадиган эмас, ўзининг ёки танишларининг манфаатига хизмат қиладиган қарор қабул қилинади. Қоррупция даражаси юқори бўлган давлатларда ривожланиш бўлмайди. Чунки, коррупция ўз табиатига кўра, ҳар қандай ислоҳотнинг илдизига болта уради.
Шу сабабли, аксарият тараққий этган дунё давлатлари томонидан коррупцияга қарши курашиш асосий вазифа этиб белгиланган.
Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун ҳам коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли.
Шу боисдан ҳам давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан энг биринчи ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунида коррупцияга таъриф берилган. Унга кўра, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир. Халқ тилида соддагина қилиб -порахўрлик, кенг маънода коррупция деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта ураркан уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чораларини билишимиз лозим бўлади. Аслида коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир. Коррупция жамиятнинг ривожланишига, иқтисодни ривожланишини энг катта салбий таъсир кўрсатувчи омил ҳисобланади. Шунинг учун барча соҳаларда коррупцияга қарши курашиш унинг келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ва олдини олиш жуда долзарб бўлиб қолди. Коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши кураш самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва ҳалқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсатгич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган. Афсуски жамиятимизда коррупцияни бутунлай тугатиш имконияти бўлмаяпти. Коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари сифатида тадқиқотчилар асосан тўртта омилни кўрсатиб ўтадилар.
Биринчиси иқтисодий сабаблар. Коррупциянинг бу кўриниши ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни бевосита маъмурий йўл билан бошқаришга интилган ҳокимият ва бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган давлат шароитида ривож топади. Иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган ҳар хил чеклашлар амалдорларнинг кенг, назоратда холи, чекланмаган ё рухсат бериш, ё таъқиқлаш ваколати порахўрликка замин яратади. Шу билан боғлиқ бўлган ҳолда, йирик маблағларга эга бўлган ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатида алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга интиладилар.
Иккинчиси ҳуқуқий сабаблар. Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боғлиқдир. Мукаммал бўлмаган қонунлар ишламайди ва порахўрлар бундан усталик билан фойдаланадилар.
Учинчиси институциал сабаблар. Уларга аввало давлат бошқарув тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, шунинг натижасида ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги ёки фуқаролик назоратидан холилиги киради.
Тўртинчиси ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллиги пастлиги каби омиллардир.
Ушбу қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти давлатимизда Коррупцияга қарши кураш фоалиятини амалга оширувчи давлат органлари ҳисобланади. Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонунчиликка мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга ошириши мумкин.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўради, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш масалаларига доир тушунтириш ишларини амалга ошириш, ҳуқуқий тарбия ва таълимни, илмий-амалий тадбирларни ташкил этиш, ўқув-услубий ва илмий адабиётларни ишлаб чиқиш йўли билан зарур чора-тадбирлар кўради. Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз мансабдор шахсларининг ҳамда бошқа ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини, шу жумладан ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради.
Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди. Албатта, бажарилган ишлар салмоқли. Аммо биз кечаги қилган ишимизнинг натижасига маҳлиё бўлиб қолсак, эртанги ишимизнинг якуни биз кутганчалик бўлмаслиги табиий. Шундан келиб чиққан ҳолда иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу эса коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда. Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳам айни шу мақсадни кўзлагани билан аҳамиятли ҳисобланади.
Коррупция шундай иллатки, уни бир ёки икки идоранинг саъй-ҳаракати билан йўқ қилиб бўлмайди. Қачонки, барча фуқароларимиз, жамият унга қарши биргаликда курашиб, унинг илдизларини йўқ қилишга киришилсагина ижобий натижага эришиш мумкин.
Отабек Каримов
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раиси