НАФС  БАНДАЛАРИ…!

“Нафс шундай балодур, ёнган ўтга соладур”. Мана шу гапларни ким, қачон айтган бўлсаям, “линейка”дай тўғри айтгани рост. Донишмандларни айтган бу сўзи, ҳозирги кунда ҳар қадамда учрайди. Яхшиямки саломлашганда қисташмайди. Йўқ, аслида саломлашиб бўлгач нафс ишга тушади. Нафсдай кучли қуролни ўзи йўқ. Нафс бомбаниям портлатмай осмонга учиради. Хохласа ўртада келишув бўлолмай қолса яна ерга тушириб порлатиб юборади.

Нафс деган бало билан коррупция деган қуругир бир қориндан талашиб тушган эгизаклардир. Бу эгизаклар фақат қабр ичида йўқ. Қабр ташқарисида эса ғиж-ғиж. Ким қандай кўради буни билмадим. Бироқ шундайгина ёнимизда турган бўлади.

Нафсини жиловлаёлмаган кимсани шерга ем бўлганини эшитганмисиз? Эшитмаган бўлсангиз, эшитинг.

Саҳрога кетаётган кимса, қараса йўлида қуёш нуридан ялтираб турган тиллога кўзи тушади. Нафсига қул бўлган ҳалиги кимса тиллоларни барини олмоқчи бўлади. Бироқ, шу ерни ўзида оғзини очиб турган шерни пайқамабди. У тиллога ташлангач, шер ҳалиги кимсага ташланиб, паққос туширибди. Ана сизга нафс. Нафс дегани ҳар хил тоифа одамлар томонидан, ўзларини касби-корига мослаштириб ишлаб чиқилган.

Қурувчи қурилишидан, шифокор шифосидан, ўқитувчи мактабидан, фермер даласидан, сотувчи товаридан, киракаш уловидан, бозорчи олиб сотаридан, мулла эшон калимасидан, хуллас ҳаммасини бир ризқи бор. Ризқни ҳам  ҳалол ҳароми бўлади. Ана шунисидан фарқланади. Нафс бандаларидан бири Бахром Эшонов (исм фамилиялар ўзгартирилган) билими қанчалик ғовлаб кетган буни билмадигу, у киши эллик ёшни қоралаган бўлса-да, ҳеч бир тайинли ишнинг жиловини тутмаган. Қишлоқдаги маракаларда дуои каломини ўқиб юрса керак. Энг ёмони у киши ҳеч бир қонунга айтилмаган шаърий никоҳ ўқишни ўзига одат қилиб олган. У кишини нафси шу йўлга олиб кирган.

Қонуний никоҳлари бекор бўлмаган Саттор Хуррамов билан Шоира Муродовалар ўртасида шаърий никоҳ ўқиб, нафс қулига бўйсунди. Суд уни шу иши учун маъмурий қамоқ жазосига қарор қилди.

Яна биттаси, аниқроғи Тоштемир Аллаев ҳам ўзини яхши мулламан, – деб ўзбошимчалик ишларга қўл уриб юрганлардан чиқиб қолди. Ўзи жомеъ масжидида имомлик қилиб, бошқаларга бузғунчилик ишларга қўл урманглар дейиш ўрнига, шакаргуфторлик қилиб, шаърий никоҳни ўқишни ўз зиммасига олган. Бўлмаса Эргаш Норовни гулдек оиласини чирқиллатиб Руқия Назарова билан шаърий қуппа ўқиб қўярмиди. Буни нафс балоси дейдилар. Пулни юзи иссиқлик қилиб, қонунни ҳам четлаб ўтган чала мулла Тоштемир Аллаевга етти суткалик малакасини ошириб, қонунни ўргатиб қўйиш учун суд томонидан қарор чиқарилди. Ётган “люкс” жойи учун базавий ҳисобнинг ўн беш фоизи ҳисобида ҳар куни учун пул тўлайдиган бўлди.

Нафс балодур, ёнган ўтга соладур, деб бежис айтмадикда. Ахир нафс бало бўлмаганда мулла яна нафс қулига айланармиди. Илгари ҳам нафси уни уятга қўйиб, жазо олишга гирифтор қилганида ҳам тавба қилдим, пушаймонман, бошқа бу иш такрорланмайди, деб аҳд қилган эди. Йўқ. Бўлмади. Аҳди-ю қасамини бузди. Пул бўлса чангалда шўрва деганларидек, унинг нафси чангал устига чиқариб қўйганини ўзи ҳам билмай қолди.

Мулла ака мана хизмат ҳақингиз,- деб бир даста пулни олдига қўйгач илгари оиласи билан оралари очиқ бўлмасада, Даврон Тўраев билан машуқаси Салима Абдуллаеваларга яширинча шаръий никоҳ ўқиб, бугундан бошлаб Сизлар эр-хотинсизлар, деб фатво берди.

Муллани кимдир чақирди. У ташқарига чиқса, илгари ҳам чақириб судга олиб борган нозир турибди. Э, мулла ака, яна қовун туширибсизда. Қалинроқ кийиниб олинг, борадиган жойингиз бироз совуқроқ дея эслатиб қўйди.

Мулла Вали Бўриевни яна етти кеча-ю, етти кундуз номози қазо бўладиган бўлдида. чунки, унга илгари чала қолган жойидан яна билимини ошириш учун қарор чиқарилди.

Боқивой Эргашев уч нафар фарзандини ташлаб, маҳалласидан чиқиб кетганига ҳам анча бўлди. Тўрт маҳалла нариги қишлоқдан бир жувонга дардини айтиб уйланмоқчи бўлди. У жувонга ҳам бир эркак керак бўлиб турганидан рози бўла қолди. Бироқ, никоҳсиз яшамаймиз, бир мулла топинг никоҳлаб қўйсин.

Боқивой ҳам яна беш маҳалла наридан бир чала муллани адресини олиб, уйига бориб хизматини айтди. Ўртада келишув бўлиб, икки бевага қуппани қўйиб, ҳақини олиб жўнаб қолди. Шу кундан бошлаб улар эри-хотин бўлиб яшай бошлади. Фарзандли ҳам бўлишди. Катта хотини қайнонасига ўғли қаерда яшаётганини, уйланиб фарзандли бўлганини эшитиб айтди. Келин қайнона йўлга чиқиб, сўраб суриштириб охири уларни яшаш жойини топди. Не кўз билан кўрсинки, эшитганларининг бариси рост бўлиб чиқди. Дилбар кундоши Иқлиманинг қўлидаги боласини олиб отиб юборди. Келин қайноналар ўртасида бўлди жанжал, бўлди можора. Ахири бу хабар керакли жойга ҳам етиб борди. Ҳаммасини жам қилиб, ҳужжат қилиб гаплашилди. Гапни охири чала муллага етганда, мулла акамиз Содиқ Назаровга сиз гуноҳкорларнинг бошисиз дея, ўн сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Мана Сизга нафс бандалари ҳақида икки калима сўз айтдик. Ҳар жума куни жомеъ масжидларига айтиладиган вазифаларни бири шу шаръий никоҳларни ўқимаслик тўғрисида бўлади десак, бу хато эмас. Барибир нафсларини қулига айланган мулла эшонларимиз борлиги ҳам рост!  “Олим оламни бузар, мулла рўзғорни” деган гап ҳам рост.

Комилжон Назаров

Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман суди раиси