ГУМОН ҚИЛИНУВЧИ, АЙБЛАНУВЧИ, СУДЛАНУВЧИНИ ҲИМОЯЛАНИШ ҲУҚУҚИ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ВА
АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ ПРИНЦИПИ

Демократик давлатда инсон манфаати, қадр-қиммати, ҳаёти ҳар нарсадан юқори туради. Бундай давлат ўзини ўзи бошқариш, кўп партиялилик, оммавий ахборот воситаларининг еркин бўлиши, фикрлар хилма-хиллигига шароит яратади. Демократиянинг ажралмас қисмидан бири қонунларни ҳурмат қилиш, бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишдир. Демократия тартиботлари ҳуқуқий давлатда мукаммал ривожланиб боради. Мамалакатимизда ҳам инсон манфаатлари устинлиги инобатга олиниб, ҳимоя ҳуқуқи ва айбсизлик презумпцияси қонунда мустаҳкамлаб қўйилган. Жиноят-процессуал Кодексининг 24-моддасидан гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминлаш принципи ўрин олган. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд уларнинг ҳуқуқлари таъминлашлари, уларга айбловдан ҳимояланиш учун барча қонуний усул ва воситалардан фойдаланиш имкониятини яратиб беришлари лозим. Бу принцип айбланувчининг (гумон қилинувчи, судланувчи) ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланишини кафолатлаб қолмай, одил судлов вазифаларини муваффақиятли амалга ошириш, яъни дастлабки тергов ва cуд муҳокамасини холисона олиб бориш, иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга бевосита боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида айбланувчи (гумон қилинувчи, судланувчи) нинг ҳимоя ҳуқуқига берилаётган катта эътиборнинг сабаби шундаки, айбланувчи жиноят процессида марказий ўринда турувчи шахс сифатида намоён бўлади. Унинг атрофида терговчи, прокурор, суд ва процесснинг бошқа иштирокчилари ўз процессуал ҳаракатларини ташкил этадилар. Жиноят ишини юритишда асосан айбланувчининг содир этилган жиноий қилмишдаги ҳаракатлари текширилади, шу ишга тааллуқли барча ҳолатлар аниқланади. Жиноят ишининг тергови ва суддаги муҳокамаси натижасида айбланувчининг тақдири, унинг шаъни, қадр-қиммати, қолаверса қариндош ва яқинларининг тақдири ҳал бўлади.

Айбланувчига ҳимоя ҳуқуқининг берилиши, биринчидан, жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш, уни асоссиз жиноий таъқибдан муҳофаза қилиш масалалари билан, иккинчидан эса, шахсни жавобгарликка тортишда дастлабки тергов ва суднинг фаолияти қонун ҳамда адолат мезонларига тўғри ва мос эканлигига ишонч ҳосил қилиш билан боғлиқдир.

Маълумки, жиноят иши юзасидан айбланувчининг (судланувчининг) айбдор ёхуд айбсизлиги масаласи, фақат суднинг қонуний тартибда кучга кирган ҳукмида ифода этилади. Дастлабки терговда айбланувчининг айбини исботловчи далил ва маълумотларни тўплаш имкони бўлмаса, прокурор жиноят ишини тугатади, аксинча, далиллар айбланувчининг айблилигини тасдиқласа, ишни суд муҳокамасига юборади. Судланувчи суд муҳокамасида айбловнинг асоссиз ёки етарли эмаслиги сабабли оқланиши. агар унинг айби исбот этилиб, айбдор деб топилса, унга нисбатан қонуний жазо чоралари қўлланиши мумкин. Бунга қадар айбланувчи (судланувчи) жиноят процессининг энг дастлабки босқичларидан, то суд ҳукми чиқарилиб, у қонуний кучга киргунча айбдор деб ҳисобланмайди. Демак айбланувчини айбдор деб ҳисоблаш учун унинг айби суд муҳокамасида тасдиқланган ва шу ҳақда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўлиши зарур.

Терговчи, айбланувчининг жиноятда айбли эканлигига ишонч ҳосил қилгач, айблов хулосасини тузади. Прокурор бу хулоса билан келишса, уни тасдиқлайди ва бу билан айбланувчининг жиноий қилмишда айбли эканлигини эътироф этади. Суд муҳокамасида айбловчи судланувчининг айбдор эканлиги тўғрисида қатъий фикрда бўлганлиги учун ўз фаолиятини судланувчининг айбдорлиги ҳамда айблов  хулосасининг тўғри эканлигини исбот этишга йўналтиради. Мантиқан олганда, давлат айбловчисида шундай фикр мавжуд бўлмаганида, биринчидан, у терговда айблов хулосасини тасдиқламас, иккинчидан, судда бу хулосанинг тўғрилиги ҳақида ҳимоя тарафи билан ҳуқуқий тортишувга киришмас эди.

Айбланувчининг процессуал-ҳуқуқий ҳолати айбдорнинг процессуал ҳолатидан қатъиян фарқ қилади. Жиноят процессида ушбу қоидага амал қилмаслик нафақат тортишувка асосланган суд муҳокамасига, балки умуман одил судлов  манфаатларига жиддий путур етказади.

Хулоса қилиб айтганда, жиноят процессидаги ҳар бир принцип ўз ўрнига, ўз мазмунига эга, улар бир бири билан узвий алоқадор ва жиноят судлов ишларини юритишда уларнинг барчасига қонунда мустаҳкамланган тартибда қатъий амал қилиниши шарт.

Фарход Мирзақулов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси