СУДЛАРГА ДАЪВО АРИЗАСИ (ариза, шикоят) БИЛАН МУРОЖААТ ҚИЛИШДА ПОЧТА ҲАРАЖАТИ МИҚДОРИ ОШИРИЛДИ
Жисмоний ва юридик шахслар томонидан судларга даъво ариза (ариза, шикоят) билан мурожаат қилишда почта ҳаражатини тўлаш билан боғлиқ мажбурий норма 2018 йил 21 октябрь кунидаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига одил судловни амалга ошириш самарадорлигини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ўз кучида йўқотган деб топиш ҳақида”ги Қонунига асосан амалга киритилган.
Бундан ташқари, мазкур Қонунда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан 2018 йил 25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати томонидан РС-59-18-сонли раёсат қарори қабул қилинган бўлиб, 2018 йил 1 ноябрь кунидан судларга даъво аризаси (ариза, шикоят) билан мурожаат қилинганда қуйидаги миқдорда почта харажатлари тўланиши белгиланган:
иқтисодий судларга:
– суд буйруги бериш тўгрисидаги ариза билан мурожаат қилинганда – энг кам иш ҳақининг беш фоизи миқдорида;
– бошқа барча ишлар бўйича ариза ва даъво аризаси билан мурожаат қилинганда, кўрилган ишлар бўйича чикарилган суд қарорлари устидан апелляция, кассация ёки назорат тартибида шикоят берилганда – энг кам иш ҳақининг саккиз фоизи миқдорида;
фуқаролик ишлари бўйича судларга:
– суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилинганда – энг кам иш ҳақининг беш фоизи миқдорида;
– бошқа барча ишлар бўйича ариза ва даъво аризаси билан мурожаат қилинганда – энг кам иш ҳақининг етти фоизи миқдорида;
– кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан апелляция, кассация ёки назорат тартибида шикоят берилганда – энг кам иш ҳақининг 3,5 фоизи миқдорида;
маъмурий судларга оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий ишлар юзасидан ариза (шикоят) билан мурожаат қилинганда, кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан апелляция, кассация ёки назорат тартибида шикоят берилганда – энг кам иш ҳақининг саккиз фоизи миқдорида белгиланган эди.
Бугунги кунда 2022 йил 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг РС-71-22-сонли раёсат қарорига асосан судларга тўланиши лозим бўлган почта ҳаражати миқдорларига ўзгартириш киритилган.
Жумладан, иқтисодий судларга:
– суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилинганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш фоизи миқдорида;
– бошқа барча ишлар бўйича ариза, даъво аризаси билан мурожаат қилинганда, суд ҳужжатлари янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза билан кўрилганда ҳамда кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан апелляция, кассация шикояти берилганда ёки ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисида аризага асосан иш кассация тартибида такроран кўрилганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн фоизи миқдорида;
фуқаролик ишлари бўйича судларга:
– суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилинганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш фоизи миқдорида;
– бошқа барча ишлар бўйича ариза ва даъво аризаси билан мурожаат қилинганда, суд ҳужжатлари янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза билан кўрилганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн фоизи миқдорида;
– кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан апелляция, кассация шикояти берилганда ёки ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисида аризага асосан иш кассация тартибида такроран кўрилганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш фоизи миқдорида;
маъмурий судларга:
– оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий ишлар юзасидан ариза (шикоят) билан мурожаат қилинганда, суд ҳужжатлари янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза билан кўрилганда, кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан апелляция, кассация шикояти берилганда ёки ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритиш тўғрисида аризага асосан иш кассация тартибида такроран кўрилганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн фоизи миқдорида тўланиши белгиланган.
2022 йил 1 июнь кунидан амалга киритилган базавий ҳисоблаш миқдори (кейинг жамлаларда БҲМ деб номаланади) 300.000 сўмни ташкил этади, бу ҳолатда:
БҲМнинг беш фоизи – 15.000 сўмни;
БҲМнинг ўн фоизи – 30.000 сўмни ташкил этади.
Демак, қонун нормасига фуқаролар ва юридик шахслар томонидан судларга даъво ариза (ариза, шикоят) билан мурожаат қилишда почта ҳаражатларини тўлаш мажбурий бўлиб, ушбу ҳолатда фуқаролар ва юридик шахслар даъво ариза (ариза, шикоят) билан судга мурожаат қилишларида почта ҳаражатлари тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатларини илова қилишлари зарур ҳисобланади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, ушбу қонун нормаси талабига риоя қилинмасдан тақдим қилинган даъво ариза, ариза ва шикоятлар амалда Ўзбекистон Республикаси кодексларига биноан судлар томонидан иш юритувга олинмасдан қайтарилишига сабаб бўлади.
Рамазон Назаров
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси