ОИЛА МУСТАХКАМЛИГИ – ҚОНУН НИГОХИДА

Оила- авлодлар давомийлиги, қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни, қолаверса халқимиз маънавий меросининг авлоддан-авлодга ўтишини таъминловчи омилдир. Шунга кўра, оилани қўллаб-қувватлаш масаласи давлатимизнинг доимий диққат-эътиборида бўлиб келмоқда.

Оила қанчалик мустахкам бўлса, жамият хам шунчалик мустаҳкам бўлади ва ривожланади. Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 30 декабрь куни 820-сонли қарорига кўра Махалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлар марказларини ташкил этилиши хам давлатимизда оилага уни мустахкамлашга қаратилган эьтиборнинг юксаклигини белгилаб берган.

Оилани мустаҳкамлаш мақсадида мехнат қонунчилигида хам аёлларга бир қатор имтиёз ва кафолатлар берилган. Жумладан хомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.

Хомиладор аёлни ёки 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилишни рад этилган тақдирда, иш берувчи рад этишнинг сабабларини ёзма тарзда маълум қилиши шарт. Мазкур шаҳсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин, Тиббий хулосага мувофиқ хомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки улар аввалги иш жойларида ўртача ойлик иш ҳақлари сақланган ҳолда ёнгилроқ ёҳуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади. Хомиладор аёлга енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган иш бериш масаласи хал этилгунига қадар, у ана шу сабабдан ишга чиқмаган барча иш кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим. Шу билан бирга хомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади. Уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жихатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг хафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади. Иш вақтининг қисқартирилган муддати даврида ушбу аёллар мехнатига ҳақ  хар кунги тўлиқ иш кунига тўланадиган иш хақи миқдорида маош олишлари таъминланади.

Ногирон боласини тарбиялаётган ота-онанинг бирига (васийга, хомийга) бола ўн олти ёшга тўлгунига қадар давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида хақ тўланган холда ойига қўшимча бир кун дам олиш куни берилиши қонун билан белгилаб қўйилган. Ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга хар йили ўн тўрт календар кундан кам бўлмаган муддат билан иш ҳақи сақланмаган холда таътил берилади.

Мехнат қонунчилигида мазкур имтиёз ва кафолатлар аёллар оиласига кўпроқ вақт ажратиши учун, бола тарбиясига эьтиборни кучайтириши учун ва шу орқали оилани мустаҳкамлашни  мақсад қилиб олинган. Шунингдек давлатимиз томонидан оиладаги мухитни соғломлаштириш, оиладаги таъзиқ ва зўравонликни йўқ қилиш борасида чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилган, унинг асосий мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш сохасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Чорибек Аролов

Сурхондарё вилоят судисудья катта ёрдамчиси