СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ЖИНОИЙ ЖАЗО ТИЗИМИНИНГ ЎРНИ

Ҳар қандай демократик ислоҳотларнинг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши, давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида қонунийлик принципининг жорий қилиниши қонунда содир этган шахсларга қандай жазо қўлланиши кераклиги ҳақида аниқ таъриф бўлишини талаб этади. Бундай шахсга нисбатан давлат мажбурловининг ҳар қандай чораси эмас, балки амалдаги жиноят қонунида кўзда тутилган жазо қўлланилиши лозим бўлади.

Жиноят қонуни нормаларини татбиқ этиш назарияси ва амалиётда ижтимоий хавфли қилмиш учун жазолар рўйхати (жазо тизими) га катта аҳамият берилади. Шу боис жиноят кодексининг умумий қисмида шахс кафолатларини таъминловчи жазо тизимда назарда тутилган, чунки жиноят қонунида кўзда тутилган муайян жазоларгина жиноятчиликка қарши курашда танланиши ҳамда жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 43-моддасида жиноят қонунида назарда тутилган жазолар муайян тартибда жойлаштирилган бўлиб, жазо тизимини ташкил қилади. Жиноят кодексида назарда тутилган жазо турлари уларнинг оғирлик даражасига қараб муайян тартибда жойлаштирилган қаътий рўйхати жазо тизими деб айтилади.

Улар қуйидагилар: 1) жарима; 2) муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
3) мажбурий жамоат ишлари 4) аҳлоқ тузатиш ишлари; 5) хизмат бўйича чеклаш; 6) озодликни чеклаш; 7) интизомий қисмга жўнатиш; 8) озодликдан маҳрум қилиш; 9) умрбод озодликдан махрум қилиш.

Криминалист олим М.Х.Рустамбоев жазо тизимига қуйидагича таъриф берган “ жазо тизими енгилидан оғирига қараб жойлаштирилган жазо турлари йиғиндисидир”.

Жазо тизими жиноят ҳуқуқининг умумий принципларига асосланади, бу принциплар: қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик, айб учун жавобгарлик, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 43-моддасида берилган жазо тизими расмий бўлиб, ўрни, номланишини эркин равишда ўзгартирилиши мумкин эмас. Мазкур моддадаги жазо тизимида ҳар бир жазонинг номи тартиб рақами, муайян тартибда жойлаштирилган ўрни бор. Уларнинг жойлашган ўрни, номини ўзгартириш фақат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қабул қилган тегишли қонуни билангина амалга оширилади.

Амалдаги Жиноят кодексининг негизида ёзилган бир қатор дарсликларда жазо тизими илмий-назарий жиҳатдан турлича тарзда қуйидагича тартибда таҳлил қилиб берилган. Масалан:

1. Фақат асосий жазо сифатида тайинланадиган жазолар;

2. Асосий ёки қўшимча жазо сифатида тайинланадиган жазолар;

3. Фақат қўшимча жазо сифатида тайинланадиган жазоларга бўлиб кўрсатишган.

Асосий жазолар – содир этилган жиноят учун асосий жазо тариқасида мустақил тайинланиши мумкин бўлган жазолардир. Шу турдаги жазолар ҳеч қачон бошқа қўшимча жазолар сифатида тайинланаши мумкин эмасдир. Жиноят кодексида бир нечта асосий жазолар назарда тутилган, бироқ суд уларнинг фақат биттасинигина тайинлаши мумкин. Асосий жазоларни биз юқорида бирма-бир санаб ўтган эдик, шунинг учун такроран номларини келтириб ўтиш лозим топмадик.

Бизга юқоридаги фикрлардан маълум бўлдики, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси асосий жазо сифатида ҳам қўшимча жазо тариқасида ҳам тайинланиши мумкин бўлган ягона жазодир.

Қўшимча жазолар – бу турдаги жазолар жазонинг мақсадига эришишни таъминлаш учун асосий жазога қўшиб тайинланадиган жазолардир. Мазкур жазолар ҳеч қачон мустақил равишда тайинланиши мумкин эмас. Бу жазоларга ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш ва 2001 йил 29 августда жиноий жазоларни либераллаштирилиш муносабати билан Жиноят кодексидан олиб ташланган мол-мулкни мусодара қилиш жазоси киради. Қўшимча жазолар шуниси билан характерлики, бу жазолар асосий жазо сифатида тайинланаётган жазоларни тўлдиради ва уларга қўшиб берилади. Бу эса содир қилинган жиноятга одилона жазо тайинлаш имкониятини беради. Хулоса, ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш жоиздирки, ҳар-бир жамият ва давлатда юз берган ижтимоий сиёсий ўзгаришлар натижасида жазо тизими, уларнинг жойлашиш тартиби, ўз аҳамиятини йўқотганларини бу тизимдан чиқариб ташлаш ёки янги жазо турининг киритилишига таъсир қилади. Айнан шу жараён вақтида юқорида мисол тариқасида келтириб ўтилган хорижий мамлакатларининг Жиноят кодексидаги айнан жазо тизими институтида оттирган бой тажрибаларидан ҳам нафақат ҳозирда, балки келажакда ҳам фойдаланиш фойдадан холи эмас. Зеро, ҳеч бир демократик давлат бошқа мамлакатларнинг бу борадаги бой тажрибаларидан фойдаланмасдан ўз-ўзича жиноят қонунини такомиллаштириб бориши мушкулдир, деган фикрдамиз.

Ж.Примов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси