ТАЗЙИҚ ВА ЗЎРАВОНЛИКДАН ЖАБРЛАНУВЧИГА
ДАВЛАТ ҲИМОЯСИ МАВЖУД

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда кўплаб қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунга мисол бўла олади. Ушбу қарорда, ҳимоя ордерини бериш тартиби, ҳимоя ордерининг ижросини таъминлаш тартиби, амал қилиш муддатини узайтириш тартиби, амал қилиш муддатини тугатиш тартиби, ҳимоя ордери бериш фаолияти устидан мониторинг олиб бориш тартиблари келтирилган.

Ҳимоя ордери бу — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат.

Ушбу ордерни бериш учун,  тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати,  жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар, давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар, тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши, ҳолатларда ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ва ташкилотлар жабрланган хотин-қизлар бўйича маълумотга эга бўлгач белгиланган шаклдаги хабарномани дарҳол ички ишлар органларига тақдим этади. Хабарнома қонун ҳужжатларига мувофиқ ички ишлар органлари навбатчилик қисмидаги дафтарда қайд этилади. Тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида ҳабар берган шахслар ва тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўриқланади. Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмида белгиланган тартибда қайд этилган мурожаатлар ва хабарлар дарҳол профилактика инспекторига тақдим этилади.

Шунингдек, профилактика инспектори ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари томонидан тақдим этилган мурожаатлар ва хабарларни 24 соат мобайнида ўрганиб чиқади ҳамда ўрганиш давомида, жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслар ҳамда бошқа шахслар билан ҳолат юзасидан суҳбат ўтказади. жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахснинг турмуш тарзи, тазйиқ ва зўравонлик содир этилишининг келиб чиқиши сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганади, жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини амалга оширади.

Профилактика инспектори мурожаат ва хабарларни ўрганиш якуни бўйича, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланган тақдирда — ҳимоя ордерини расмийлаштиради. Ҳимоя ордери ўттиз кун муддатгача берилади ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Зўравонлик содир этган шахсларга ҳимоя ордери берилганлиги тўғрисида жабрланувчининг розилиги билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, шунингдек, бошқа тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотларни хабардор қилади, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланмаган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли чораларни белгилайди ҳамда бу ҳақда фуқаролар йиғини раиси, котиби, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис иштирокида далолатнома расмийлаштиради, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланган тақдирда  ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материалларини жиноий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборади. Ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчиларнинг ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги аризаси уларнинг қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органининг вакили иштирокида кўриб чиқилади. Шахс ҳимоя ордерини олишни ва уни имзолашни рад этганда, профилактика инспектори холислар иштирокида далолатнома тузади ҳамда уни ушбу хатти-ҳаракатни давом эттирган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши тўғрисида расмий огоҳлантиради ва бу ҳақда жабрланувчини хабардор қилади.

Асрор Саъдуллоев

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъатининг судья катта ёрдамчиси