Янгиланаётган Ўзбекистонда гендер тенгликнинг ҳуқуқий асослари
Мамлакатимизда жамиятнинг пойдевори сифатида оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оила манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий асосларини кучайтириш, унинг хавфсизлигини ва уйғунлигини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Кўрилган чоралар хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига шак-шубҳасиз риоя қилиш, маънавий-ахлоқий асосларни ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш учун пойдевор яратмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлари ва шу соҳага оид қонун ҳужжатлари асосида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинди.
Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази, Ҳукумат ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази каби янги тузилмалар ташкил топди.
Айни шу чора-тадбирларнинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг 22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасида “Биз зўравонликка қаршимиз” шиори остида фаол ҳаракатлар кампаниясига старт берилиши келгусида ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни ҳамда жамиятдаги ва оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа ҳолатларни қўзғата оладиган оилавий ва шахслараро низоларнинг, депрессив вазиятларнинг эрта олдини олиш, шунингдек, ушбу жараёнда кенг жамоатчилик иштирок этишини таъминлаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш тизимини йўлга қўйишда, юзага келадиган низоли вазиятларни, шу жумладан оилавий-маиший зўрлик ишлатиш сабабларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш, жамиятда оилавий-маиший тусдаги зўрлик ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан, биринчи навбатда, яқин қариндошлар томонидан муросасиз муносабат муҳитини, шу жумладан жазо муқаррарлигини таъминлаш, оғир ижтимоий аҳволдаги шахсларни қўллаб-қувватлаш орқали қарор топтириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, оилавий ва шахслараро муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш жараёнларига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш каби устувор йўналишларнинг амалга ошишига ҳисса қўшади. Зеро, гендер зўравонлик – бу глобал муаммо бўлиб, жамиятда бундай зўравонликка ҳеч қандай ҳолатда ҳам кўз юмиб турмасдан, таълим ва оммавий ахборот воситалари орқали ҳар қандай кўринишдаги зўравонликни инкор этадиган, унга тоқат қила олмайдиган муҳит яратишда ҳисса қўшишимиз зарур бўлади.
З.Мавлонов
Сурхондарё вилоят суди судьяси