Медиация низони мақбул ҳал қилиш усули
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил
3 июль куни имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Медияация тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири 5 та боб ва 34 та моддадан иборат.
Медиация бу келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули.
медиатор — медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс;
медиатив келишув — медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув;
медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув — тарафларнинг тузилган пайтдан эътиборан медиация тартиб-таомили амалга ошириладиган келишуви;
медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув — низо келиб чиққунига қадар ёки у келиб чиққанидан сўнг тарафларнинг низони медиация тартиб-таомилини амалга оширган ҳолда ҳал этиш зарурлиги тўғрисида тузилган келишуви.
Тарафлар ва медиатор медиация иштирокчиларидир. Жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин.
Медиация икки ва ундан ортиқ тарафлар ўртасида бўлиши, шунингдек бир ёки бир нечта медиатор томонидан амалга оширилиши мумкин.
Тарафлар медиацияда шахсан ёки ўз вакили орқали қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этади.
Медиация тарафлари:
медиаторни ихтиёрий равишда танлашга;
медиатордан воз кечишга;
медиациянинг исталган босқичида унда иштирок этишдан воз кечишга;
медиация тартиб-таомилини амалга оширишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шахсан ёки ўз вакиллари орқали иштирок этишга ҳақли.
Медиация тарафлари ўз ўрталарида тузилган медиатив келишувни ушбу келишувда назарда тутилган тартибда ва муддатларда бажариши шарт.
Медиация тарафлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Медиаторнинг фаолияти профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга оширилиши мумкин.
Профессионал асосдаги медиатор фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек Профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс амалга ошириши мумкин.
Медиатор:
медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида бир вақтнинг ўзида ҳам тарафларнинг барчаси билан, ҳам тарафларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида учрашувлар ўтказишга, уларга низони ҳал этишга доир оғзаки ва ёзма тавсиялар беришга;
медиация тартиб-таомилини амалга ошириши муносабати билан сарфлаган харажатларининг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли.
Медиатор:
медиация бошлангунига қадар медиация тарафларига медиациянинг мақсадини, шунингдек уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;
медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида фақат медиация тарафларининг розилиги билан ҳаракат қилиши;
низо юзасидан ўзаро мақбул келишувга эришишга тарафларни ишонтиришнинг қонуний воситалари ва усулларидан фойдаланиши;
ўзининг мустақиллиги ва холислигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд бўлса ёки юзага келса, бу ҳақда тарафларга маълум қилиши шарт.
Медиатор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Медиатор тарафлар олдида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижасида етказилган зарар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида қўлланилади.
Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида қўлланилиши мумкин.
Медиация низони ҳакамлик судида кўриш жараёнида ҳам ҳакамлик судининг қарори қабул қилингунига қадар қўлланилиши мумкин.
Медиация суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида қўлланилган тақдирда фаолиятини профессионал асосда амалга оширувчи медиаторнинг албатта иштирок этиши талаб этилади.
Медиацияда иштирок этганлик факти айбни тан олиш далили бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.
Медиацияни қўллаш чоғида медиатор:
айни бир низо бўйича бирор-бир тарафнинг вакили бўлишга, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва унинг иштирок этишига ҳар иккала тарафнинг ўзаро розилиги бўлган ҳоллар мустасно;
бирор-бир тарафга юридик, маслаҳат ёрдами ёки бошқа ёрдам кўрсатишга;
агар у медиацияни амалга ошириш натижасидан шахсан (бевосита ёки билвосита) манфаатдор бўлса, шу жумладан тарафлардан бири бўлган шахс билан қариндошлик муносабатларида бўлса, медиатор фаолиятини амалга оширишга, бундан унинг иштирок этишига ҳар иккала тарафнинг ўзаро розилиги бўлган ҳоллар мустасно;
тарафларнинг розилигисиз низонинг моҳияти бўйича ошкора баёнотлар беришга ҳақли эмас.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо ёхуд мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади.
Давлат органи ёки бошқа орган томонидан қайси шахснинг манфаатларини кўзлаб даъво тақдим этилган бўлса, ўша шахс мазкур давлат органининг ёки бошқа органнинг иштирокисиз медиатив келишув тузишга ҳақли.
Медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади.
Медиатив келишув бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб судга мурожаат этишга ҳақли. Медиатив келишув бажарилмаслигининг оқибатлари тарафлар томонидан ушбу келишувнинг ўзида белгилаб қўйилиши мумкин.
Сохиб Рахимов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси