Ислоҳот: Одил судлов – инсон манфаатлари ҳимоясидир
Янги Ўзбекистон шароитида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш асосий масалалардан бири бўлиб, маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириш йўлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
29 январь кунидаги «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-107-сон қарори қабул қилиниши, алоҳида аҳамиятга эга.
Президентимизнинг мазкур қарорида давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Ҳақиқатдан ҳам, амалиётда юзага келаётган ҳолатлар таҳлили маъмурий судларда иш ҳолатларини исботлаш мажбурияти тарафларнинг ўзига юклатилгани уларни тенгсиз ҳолатга келтираётганини кўрсатмоқда. Шунингдек, кўп ҳолатларда фуқаролар ёки юридик шахслар манфаатида чиқарилган суд ҳужжати давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ижро этилмасдан қолаётганининг гувоҳи бўлаётган эдик.
Ушбу ҳолатлар инобатга олинган ҳолда ҳужжатда давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган муҳим чоралар белгиланди.
Жумладан, мазкур қарорга кўра, келгусида қуйидаги тартиблар жорий этилади:
маъмурий судларга далилларни йиғиш мажбурияти юкланади, ҳуқуқи бузилганларга эса далилларни йиғишда фақат ўз имкониятидан фойдаланиш шароити яратилади;
давлат органлари қарорлари натижасида етказилган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи берилади;
маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари томонидан ижро қилинмаганда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланади.
Шунингдек, мазкур қарор билан шундай тартиб белгиланмоқдаки, энг аввало фуқароларни ва тадбиркорларни судда ортиқча сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида судлар томонидан даъво ариза, ариза ва шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, мазкур ҳолатда даъво ариза, ариза, шикоят ёки ишларни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш йўли орқали ягона дарча тамойилини судларга жорий этиш белгиланмоқда.
Шу билан бирга, мазкур қарор асосида аризалар судга тааллуқли бўлмаганда уларни кўриб чиқиш ваколатли судга ўтказилиши бир суд доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик судга тааллуқли бўлган ишларни бирлаштириш тақиқланиши белгиланди.
Бундан ташқари, мазкур қарор билан, жамиятда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсадида қуйидагилар белгиланди:
тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш;
давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш;
давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш;
давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш.
Бир сўз билан айтганда, мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши давлат органлари фаолиятини қонуний асосда юритилишини, фуқаро ва юридик шахслар ҳуқуқлари ва манфаатлари самарали ҳимоя этилишини таъминлашга, маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга, энг муҳими, маъмурий судларни ҳақиқий халқ судига айлантиришга хизмат қилади. Ислоҳотлардан кўзланган мақсад эса, адолат ва қонун устуворлиги таъминлаш, “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга қаратилган.
Зухриддин Мавлонов
Сурхондарё вилоят суди судьяси