Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил14 сентябрдаги «Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6313-сонли Фармонининг мазмун-моҳияти
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш, айрим шартномаларни тузишда ўрнатилган сунъий чекловларни олиб ташлаш, шунингдек, шартномавий муносабатларда ахборот тизимларидан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 сентябрь кунидаги “Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6313-сонли Фармони қабул қилиниб, унга мувофиқ 2021 йил 01 декабрь кунидан бошлаб қуйидагича, яъни:
- тижорат банкларига етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ;
- давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) тўғрисида тузиладиган шартномаларида мажбурий равишда олдиндан тўловни белгилашга доир талаб;
- қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни белгилашга доир талаб бекор қилиниб,
- Олдиндан тўлов ва аванс шартнома тарафларининг келишувига мувофиқ белгиланадиган бўлди.
Мазкур қарорнинг 2-бандига асосан, эндиликда жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилади.
Хусусан, 2022 йил 1 январдан бошлаб:
Биринчидан, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн аукционда сотувга қўйилган мол-мулк уни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан аукцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлардан ечилган ҳолда топширилади. Бунда, мол-мулкни сотишдан тушган пул маблағлари етарли бўлмаганда қарздорликни тўлаш мажбурияти унинг собиқ эгаси — қарздор зиммасида қолади.
Иккинчидан, шартноманинг тарафи иккинчи тарафдан шартнома бўйича мажбуриятларни тўла ёки қисман бажаришини қабул қилган ёхуд шартноманинг амал қилишини бошқача тарзда тасдиқлаганда, ушбу шартномани кейинчалик ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга, агар бундай талаб ҳалоллик принципига зид бўлса, ҳақли эмас;
Учинчидан, эндиликда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан давлат харидлари билан боғлиқ тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда коррупцияга қарши қўшимча шартлар белгиланади.
Фармоннинг мана шу бандига тадбиркорларимиз алоҳида эътибор беришлари лозим, чунки, шартноманинг тарафи ва у томонидан жалб қилинган шахслар (ёрдамчи пудратчи ташкилотлар, агентлар ва тарафлар назорати остидаги бошқа шахслар) томонидан коррупцияга қарши қўшимча шартларга риоя этилмаганда, иккинчи тараф шартномани бир тарафлама тўхтатиб туришга, бекор қилишга ҳамда зарарни қоплаб беришни талаб қилишга ҳақли бўлади;
Тўртинчидан, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ ва божхона тўловлари бўйича қарздорлик тўланмаганда, солиқ ёки божхона органлари банкка тўловчининг ҳисобварақларидаги қарздорлик суммасига тенг миқдордаги пул маблағларини музлатиб қўйиш ва уларни ўттиз календарь кунидан сўнг ундириш тўғрисидаги фармойишни бу ҳақда тўловчини хабардор қилган ҳолда юборади.
Ушбу ҳолат ҳам алоҳида аҳамиятга молик, сабаби хабарнома олинган пайтдан бошлаб ўттиз календарь кун ичида тўловчи томонидан ушбу фармойиш устидан судга шикоят қилинган тақдирда, мижознинг ҳисобварағидан пул маблағларини чиқариш ёки чиқармаслик суднинг қарорига мувофиқ амалга оширилади;
Бешинчидан, коммунал соҳа, энергия билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юкларни ташиш ва бошқа шу каби катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган оммавий шартномалар монополияга қарши курашиш органи билан келишилганидан сўнг истеъмолчилар билан тузилади.
Шунингдек, эндиликда, Фармоннинг 4-бандида қайд этилганидек, намунавий шартномаларни қонуности ҳужжатлар билан тасдиқлаш амалиёти бекор қилинади.
Шунга кўра, Фармоннинг 8-бандига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий судига судлар томонидан шартномавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқишда ҳамда шартномалар шартларини шарҳлашда қонунчилик ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиётини тизимли равишда, лекин камида ярим йилда бир марта, таҳлил қилиш ва натижаси юзасидан ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш учун судларга тегишли кўрсатмалар бериб бориш вазифаси юклатилган.
Собиржон Кадиров
Термиз туманлараро иқтисодий суди судьяси