Қарз бериш ва олишнинг ҳуқуқий жиҳатлари

Ҳозирги кунда кишилар ўртасидаги катта муаммолардан бири қарз олди-берди муомаласи бўлиб қолганлиги, кўпчилик қарз бериб қайтиб ололмай қийналаётганлиги бот-бот қулоғимизга чалиниб туради.  Аслида қарз олди берди муносабатлари, кишилар ўртасидаги меҳр оқибат, саховату мурувват каби инсонийлик фазилатларнинг ортиб боришига муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоғи лозим. Чунки, ўзидан орттириб бировга қарз берган одам, қарз олувчига ёрдам кўрсатишни ният қилади ва бундан савоб ҳам умидвор бўлади. Қарз олувчи эса, мушкул бир ҳолга тушиб қолган вақтида мурувват кўрсатган одамдан ўта миннатдор бўлиб, ҳатто қарзини қутулгандан кейин ҳам ўзини ундан гўёки қарздордек ҳис қилиб юради. Бунинг оқибатида эса, иккала оила ўртасида ўзгача ҳурмат эҳтиром  шаклланади.  Бироқ, бугунги кунда бунинг мутлақо тескари ҳолати акс этмоқда. Қарз олди-берди сабабидан ўзаро адоват ва нафрат аланга олмоқда. Ҳатто, кўп йиллик қадрдон дўстлар орасига совуқлик тушмоқда, яқин жигарлар юзкўрмас бўлишмоқда, қўни қўшнилар бир бирига эшикларини терс ёпмоқдалар, тижорий ҳамкорлар эса бир бирига душманга айланишмоқда. 

Аслида, қарз бериш ва олишнинг ҳуқуқий жиҳатлари юзасидан қонун ҳужжатларида аниқ белгиланган бўлиб, хусусан Фуқаролик кодексининг 732-737-моддаларига кўра қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш хуқуқига эга бўлади.

Агар қарз шартномаси бўйича қарз олувчига турга хос аломатлари билан белгиланган ашёлар топширилса, уларнинг миқдори ва шакли (пул ёки натура ҳолидаги) шартномада кўзда тутилган ҳолларда фоизлар тўланиши керак.

Фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари қарз шартномаси билан белгиланади. Агар фоизлар тўлаш тартиби ва муддатлари шартномада белгиланган бўлмаса, улар асосий қарзни қайтариш учун шартномада назарда тутилган тартибда ва муддатларда тўланади. Қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.

Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш хақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак. Фоизсиз қарз суммаси қарз олувчи томонидан муддатидан олдин қайтарилиши мумкин.
Фоиз эвазига берилган қарз суммаси, агар қарз шартномасида кўзда тутилган бўлса ёки қарз берувчининг розилиги билан, муддатидан олдин қайтарилиши мумкин.

Агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

Агар қарз шартномасида қарз бўйича фоизларни қарзнинг ўзини қайтариш муддатидан олдин тўлаш назарда тутилган бўлса, бу мажбурият бузилган тақдирда, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасини тегишли фоизлари билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.
Агар қарз олувчи қарз шартномаси юзасидан даъволашуви жараёнида пул ёки бошқа ашёлар ҳақиқатан ҳам қарз берувчидан олинмаганлиги аниқланса, қарз шартномаси тузилмаган ҳисобланади.

Зухриддин Мавлонов

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси