“Товламачилик жиноятлари ва уларни олдини олиш чоралари”
Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги туб ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Бу ислоҳот-ларнинг асл моҳияти халқ фаровонлигини ошириш, жамиятда ижтимоий адолат ва демократия тамойилларининг устуворлигини таъминлашга қара-тилган бўлиб, уларнинг суръати ва натижалари ҳар биримизнинг бугунги кундаги шижоатимиз ва ҳаракатимизга боғлиқдир.
Иктисодиёт соҳасидаги жиноятлар ва бошка хукукбузарликлар мамлакатимизда амалга оширилаётган бозор ислохотларига жиддий хавф тугдиради, бозор иктисодига хос булган хусусий мулкчиликнинг, бошка турдаги мулкий муносабатларнинг шаклланишига ва ривожланишига тускинлик килади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ, мамлакатимиз иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Мулк дахлсиздир ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади, унга қилинган ҳар қандай тажовуз қонунга хилоф деб ҳисобланади.
Жиноятнинг объекти жиноят таркибининг элеменентларидан биридир Ҳар қандай жиноят шубҳасиз у ёки бу объектни тажовуз қилиш билан содир этилади Шунинг учун жиноят объектини тўғри аниқлаш жиноятнинг ҳуқуқий моҳиятини аниқлаш, энг асосийси, жиноят объектига етказилган зарарга қараб, қилмишни тўғри квалификация қилиш имконини беради.
Бизга маълумки жиноятнинг объекти жиноят таркибиниг элементларидан биридир. «Жиноят ҳуқуқи назариясида жиноятнинг объекти деб, жиноят қонуни билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатлар тушунилади.» Жиноятнинг объекти жиноий қилмишнинг жамиятга, ижтимоий муносабатларга таъсири орқали унинг ижтимоий хавфлилик ҳусусиятини белгилаш имконини беради.
Товламачиликнинг объекти ўзгаларнинг мол-мулки, мол-мулкка бўлган ҳуқуқи, жабрланувчи шахсларнинг соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматидир.
Мол-мулк, мол-мулкка бўлган ҳуқуқ, мулкий йўсиндаги ҳаракатлар (муайян ишни бажарилишини хизмат кўрсатишни ва ҳ.к.) товламачилик жиноятининг предмети бўлиши мумкин.
Айбдор товламачиликни содир этаётиб мулкка бўлган ҳуқуқни талаб қилмай, ўзганинг мол-мулкидан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини талаб қилиши ҳам мумкин.
Товламачиликнинг предмети фақат ўзганинг мол-мулки ёки унга бўлган ҳуқуқи бўлиши мумкин.
Жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиб, унинг мулкига шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи сир сақланишини хоҳлаган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ёхуд жабрланувчининг манфаатларига хавф соладиган вазиятни вужудга келтириш йўли билан шахс жабрланувчини унда турган (масалан, қарзга, кредитга олган, вақтинча сақланиб турган ва ҳ.к.) ўзининг мол-мулкини беришга мажбур этганида у ўзганинг мулкини товламачилик йўли билан талон-торож қилганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
Бундай қилмиш, қонунда назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлса, ўзбошимчалик, деб ҳисобланади.
Мулкий йўсиндаги ҳаракатлар деганда, ҳақи тўланиши лозим бўлган ҳар қандай ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш (иморатлар қуриш, уларни таъмирлаш, автомобилларни таъмирлаш, товар-моддий бойликларни ташиб бериш ва ҳ.к.) тушунилади.
Объектив томондан товламачилик ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилишдан иборат.
Қуйидагилар:
1) жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш;
2) мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш билан қўрқитиш;
3) (жабрланувчи ёки унинг яқинлари учун) сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиш;
4) жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш товламачиликни содир этиш ҳисобланади.
Товламачининг талаблари оғзаки, телефон, факс, хат орқали ва бошқа усулларда амалга оширилиши мумкин.
Талаб деганда, товламачининг жабрланувчидан мол-мулк ёки мол-мулкдан ўз мулкидай фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тақдим этилишини талаб қилиши тушунилади. Мол-мулкни талаб қилиш, албатта, товламачиларнинг талабини рад этганлик учун ўч олиш мақсадида қўрқитиш билан бирга содир қилинган бўлиши керак
Талаблар пул олиш, ердан, дўкондан, автомобилдан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритиш, товламачини шерик сифатида мунтазам дивидендлар ва бошқа мулкий манфаатлар олиши учун кооператив, корхона аъзолигига киритиб қўйиш кўринишда бўлиши мумкин.
Мулкий манфаатлар беришни талаб қилиш деганда, жабрланувчининг ўз хизмат ваколатларига кўра у ёки бу шахсга унинг муҳтожлигига қараб ёхуд белгиланган қоидалар ёки норматив ҳужжатларга биноан бериш ҳуқуқига эга бўлган манфаатлари тушунилади. Жумладан, товар-моддий бойликларни навбатсиз ажратиш, қўшимча тўловларсиз товар олиш, ўз корхонасидаги бўш лавозимларга тайинлаш тушунилиши керак.
Товламачининг талаби, албатта, жабрланувчининг мулкига зарар етказиш ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш ёхуд улар учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш тарзидаги қўрқитиш билан биргаликда содир қилиниши лозим. Қўрқитиш билан амалга оширилмаган талаблар жиноятнинг товламачилик таркибини вужудга келтирмайди.
Суд-тергов амалиётида кўпинча товламачиликни босқинчилик ва талончиликдан фарқлашда қийинчиликларга дуч келинади.
Бундай қийинчилик пайдо бўлганида босқинчилик ва талончиликда куч ишлатиш билан қўрқитиш ўзгалар мулкини эгаллаш ёки ўзгалар мулки тортиб олингач, уни қўлдан чиқармаслик воситаси бўлиб хизмат қилишини, товламачиликда эса қўрқитиш жабрланувчининг иродасини буйсундириш ва жабрланувчини товламачининг хоҳишини бажаришга мажбур қилиш воситаси эканлигини назарда тутиш лозим.
Шунингдек, босқинчилик ва талончиликда ўзганинг мулкини эгаллаш қўрқитиш билан бир вақтда содир бўлади, товламачиликда агар жабрланувчи мулкни ўз ихтиёри билан бермаса, бундай қўрқитишнинг кейинчалик бажарилиши кўзда тутилади.
Содир этилаётган қўрқитиш жабрланувчига таъсир қилмагани сабабли товламачи шу заҳоти ўзганинг мулкини эгаллаган бўлса, унинг ҳаракатлари жиноятлар жами: ўзганинг мулкини товламачилик йўли билан ва қўрқитиш усулига кўра, босқинчилик ёки талончилик йўли билан талон-торож қилиш, деб квалификация қилиниши лозим.
Товламачиликни содир этишда зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш деганда уриш, зарба бериш, баданга енгил, ўртача оғир ва оғир шикаст етказиш таҳдиди билан қўрқитиш агар айбдорнинг талаби бажарилмаса, шундай зўрлик ишлатиш хавфи мавжуд бўлиши тушунилиши, керак. ЖК 165-моддасининг диспозициясида уларнинг ҳаммаси кўрсатилган ва бундай қилмиш содир этилганида шахсга қарши жиноятлар бўйича қўшимча квалификация талаб қилинмайди.
Товламачилик жиноятининг амалга оширалаётган вақтдаги таҳдид реал бўлиши керак. Қўрқитиш оғзаки, имо-ишораларда ифодаланиши мумкин.
Фақат суд ҳар бир алоҳида ҳолда, содир этилган жиноят ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда, таҳдиднинг реаллиги ва ҳақиқатда мавжуд бўлганлигига баҳо беради. Бундай ҳолларда суд жабрланувчининг реал таҳдид мавжуд бўлганлиги тўғрисидаги субъектив фикрига эмас, балки аниқ фактларга таяниши керак.
Товламачиликдаги қўрқитишга қуйидаги: биринчидан, ўзида жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига нисбатан зўрлик ишлатиш, мулкка зарар етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд улар учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш нияти билдирилган бўлиши; иккинчидан, таҳдид реал, яъни агар жабрланувчи, товламачининг талабларини бажармаса, таҳдид амалга оширилиши мумкинлигидан хавотир бўлиши кераклиги каби аломатларга эга бўлиши лозим. Жабрланувчи томонидан қўрқитишнинг хусусияти ва жадаллиги қандай қабул қилинганлиги жиноятнинг квалификациясига таъсир кўрсатмаслиги лозим.
Жадаллиги бир хил бўлган таҳдид, жабрланувчиларнинг руҳий ҳолати, тарбияси, феъл-атвори, жисмоний хусусиятларидаги фарқлар туфайли, улар томонидан турлича қабул қилинади. Жабрланувчи қандай қабул қилганлигидан қатъи назар, таҳдиднинг кучи ошмайди ва камаймайди, унинг ўзи қандай бўлса шундайлигича қолаверади. Агар айбдорнинг айтганлари объектив томондан таҳдидни ўз ичига олмаган бўлса, қилмиш товламачилик деб ҳисобланши мумкин эмас.
Товламачиликни содир этишда ўлдириш билан қўрқитишни ҳам ЎзР ЖК 165-моддаси ўз ичига олади.
Қилмишини товламачилик, деб квалификация қилишда таҳдиднинг кимга – бевосита мулк эгасига ёки жабрланувчига яқин кишиларга қаратилганлигининг аҳамияти йўқ.
Мулкка шикаст етказиш деганда, мулкка зарар етказилиши туфайли, ашёнинг ўз сифатини шунчалик йўқотиши, яъни ундан ўз вазифасига кўра фойдаланиш учун вақтинча ёки қисман яроқсиз бўлиб қолиши ва уни тиклашга муайян меҳнат ёки маблағ сарфланганидан кейин аввалги қимматига эга бўлиши тушунилади.
Мулкни нобуд қилиш деганда, мулкнинг қайта тиклаб бўлмайдиган ва ундан вазифасига кўра фойдаланиб бўлмайдиган ҳолатга келтирилганлиги тушунилади.
Шахс учун сир сақланиши лозим бўлган (шахс сир сақланишини хоҳлаётган) маълумотлар деганда, ўзининг шахсий ҳаёти, иш фаолияти, яқин кишилари, қариндош-уруғлари ҳақидаги ва шу каби ҳар қандай ахборотлар тушунилиши керак.
Шахснинг маълумотларни сир сақлашни хоҳлаган ёки хоҳламаганлиги ҳар бир алоҳида ҳолда суд томонидан аниқланади.
Одатда, Суд бундай шантаж жабрланувчининг иродасига таъсир қилган ёки қилмаганлигига қараб, жабрланувчининг маълумотларини сир сақланишини хоҳлаган ёки хоҳламаганлигини аниқлайди. Агар жабрланувчи маълумотлар ошкор қилинишидан қўрқиб товламачининг талабларини бажарган бўлса, демак жабрланувчи ушбу маълумотларнинг сир сақланишини хоҳлаган бўлади. Маълумотларни ошкор қилиш деганда, жабрланувчининг фикрича, ошкор қилиниши номаъқул бўлган (масалан, фарзандликка олиш, касаллик, судланганлик тўғрисидаги ва ҳ.к.) ахборотларни бошқа шахсларга маьлум қилиш тушунилади.
Айбдор шахс маълумотларни оғзаки, хат, телефон, факс орқали ва бошқа тарзда ошкор қилиши мумкин. Маълумотларни ошкор қилиш усули товламачиликнинг квалификациясига таъсир қилмайди.
Жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш деганда айбдорнинг жабрланувчини ноиложлик туфайли, ўз хоҳишига қарши товламачининг талабларини бажариш (масалан, электр энергиясини узиб қўйиш, газни ўчириб қўйиш, транспорт воситасини бермаслик, нефть маҳсулотлари билан таъминламаслик ва ҳ.к.)га мажбур қиладиган ҳар қандай ҳаракатларни содир этиши тушунилиши лозим.
Товламачилик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини топшириш, мулкий манфаатлар бериш ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатларни содир этиш талаб қилинган пайтдан эътиборан тамом бўлган жиноят, деб ҳисобланади.
Товламачилик жинояти формал таркибли жиноят ҳисобланади. Формал таркибли жиноят, дейилганда бирор-бир зарарли окибатнинг келиб чикиши шарт бўлмай, бирор-бир оқибат келиб чиққан тақдирда хам жиноятнинг квалификациясига таъсир қилмайдиган жиноятлар тушунилади.
Ижтимоий хавфли ҳаракат содир этишда айбдор бўлган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун уни ижтимоий хавфли қилмиши (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) содир этганлигини аниқлаш кифоя қилинади. Бундай ҳолларда жиноий жавобгарликка тортиш учун жиноят содир этилганлиги натижасида оқибатнинг вужудга келиши шарт эмас.
Товламачиликни босқинчилик ва талончиликдан фарқлашда товламачиликда зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш мулкни зўрлик ишлатаётган вақтда эмас, балки келажакда қўлга киритишга қаратилишига эътибор бериш лозим. Агар қўрқитиш амалга оширилса, қилмиш ЖКнинг товламачилик учун жавобгарлик белгиланган моддаси ва асослар бўлганда, қўрқитиш амалга оширилаётганда содир этилган ҳаракат учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаси билан ҳам тавсифланиши лозим.
Субъектив томондан товламачилик тўғри қасд билан содир этилади. Жиноятни содир этишдан мақсад – ғараз (тамагирлик)дир.
Қилмишнинг мотивлари турлича бўлиши мумкин, аммо улар жиноятни квалификация қилишда аҳамият касб этмайди.
Жиноятнинг субъекти Узбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
17-моддасида жиноят субъекти ҳақида сўз юритилган бўлиб, «жиноят содир этгунга қадар ўн олти ёшга тўлган, ақли расо жисмоний шахслар жавобгарликка тортиладилар,»
ЖКнинг 17-моддасида баданга шикаст етказганлик учун жиноий жавобгар бўлиши мумкин бўлган шахснинг энг кичик ёши белгиланган 16 ёшга тўлган, ҳар қандай ақли расо шахсдир.
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти