Моддий ва маънавий зарар тушунчаси, уни ундириш асослари.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳуқуқий муҳофазанинг алоҳида объекти сифатида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиги, шаъни ва қадр-қисммати белгилаб қўйилган. Бундай ҳимоянинг ҳуқуқий усулларидан бири эса, фуқаронинг ҳаёти ва соғлигига етказилган зарарни тўлашдир.
Зарар деганда, ҳуқуқбузарлик натижасида жабрланувчига тегишли мол-мулк, мулкий ҳуқуқ ҳажмининг камайишида ёки йўқотилишида намоён бўладиган моддий зарар ёки номоддий неъматнинг (жисмоний шахснинг ҳаёти ёки соғлиги) шикастланиши ёинки ундан маҳрум бўлиниши тушунилади. Шу сабабл, зарар модий ёхуд жисмоний характер касб этади. Моддий зарар кўрган жабрланувчи жисмоний шахс ҳам, юридик шахс ҳам бўлиши мумкин. Жисмоний зарар бўйича жабрланувчи фақат фуқаро бўлади.
Фуқаронинг ҳаёти ёки соғлигига етказилган зарар, шунингдек, маънавий зарар ўзига хос хусусиятларга эга.
Етказилган зарар тўлиқ ҳажмда, бой берлган фойдани ҳам қўшиб ҳисобга олган ҳолда ундирилади.
Шахснинг бузилган ҳуқуқини, нобуд бўлган ёки шикастланган мол-мулкини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган ҳаракатлари ҳақиқий (реал) зарар ҳисобланади.
Қонунда етказилган зарарни тўлиқ ҳажмда қоплаш умумий қоидасидан истисно назарда тутилиши мумкин.
Умумий қоидага кўра, зарарни тўлаш мажбурияти бевосита зарар етказувчига юкланади. Айни пайтда қонунда етказилган зарарни тўлаш мажбурияти зарар етказган шахсгагина эмас, балки унинг хатти-ҳаракатлари учун масъул ёхуд хатти-ҳаракатларини назорат қилиши шарт бўлган шахсларга ҳам юкланиши мумкин.
Зарар етказганлик учун жавобгарликни қўллаш асоси сифатида зарар етказувчининг айби мавжуд бўлши керак. Айб зарар етказувчининг ўз қилмиши ва унинг оқибатларига руҳий-психик муносабати ҳисобланади.
Зарар етказувчи айбининг шакли қонун ҳужжатларида бевосита белгилаб қўйилган ҳоллардагина ҳуқуқий оқибатларга эга бўлади. Қолган ҳолатларда қасд ёки эҳтиётсизликдан қатъи назар, қилмиш тўлақонли айб асосида содир қилинган ҳисобланади, яъни айбнинг ҳар қандай шаклида етказилган зарар тўлиқ ҳажмда ундирилади.
Зарар етказган шахс, агар бунда ўзининг айби йўқлигини исботлаб берса, яъни форс-мажор ҳолатлар рўй берган ёхуд учинчи шахсларнинг айби мавжуд бўлса, жавобгарликдан озод қилинади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 333-моддасида ҳам айбсизликни исботлаш бури зарар етказган шахс зиммасига юкланади. Ушбу ҳолатда айбсизлик презумпцияси намоён бўлади, яъни зарар етказган шахс қонунда белгиланган тартибда ўзининг айбсизлигини исботлаб бермагунича, айбдор ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддасининг биринчи қисмига биноан, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, жумладан, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
Шунингдек, жабрланувчиларнинг бири, уларнинг яқин қариндошлари ёки боқувчиси вафот этган тақдирда фуқаролик қонунчилигига асосан зарарлар тўлиқ қопланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 100-моддасининг саккизинчи қисмида фуқарога етказилган манавий зарарни қоплаш борасида умумий меъёр белгиланган. Маънавий зарарни қоплаш масаласига оид нормалар мазкур Кодекснинг 1021, 1022-моддаларида ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелда қабул қилинган “Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 7-сонли қарорида баён этилган.
Умумий қоидага кўра, маънавий зарар уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланади.
Маънавий зарарни қоплашга асос бўлувчи ҳолатлардан энг муҳими ноқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этган шахснинг айби мавжудлигидир.
Маънавий зарарни қоплаш имконияти унинг муддати билан боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 149-моддасига кўра, даъво муддати фуқаро ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир. Умумий даъво муддати мазкур Кодекснинг 150-моддасига асосан уч йил қилиб белгиланган. ФКнинг 163-моддасида даъво муддати жорий қилинмайдиган талаблар белгиланган бўлиб, улардан бири-шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талаблардир. Маънавий зарар фуқаронинг шахсий номулкий ҳуқуқлари ва бошқа номоддий бойликлари бузилиши оқибаида етказилади.
Демак, маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги талабларга даъво муддати жорий қилинмайди.
Фуқаронинг ҳаёти ва соғлигига моддий зарар етказилиши билан унга маънавий зарар ҳам етказилиши табиийдир.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1021-моддасига мувофиқ, маънавий зарарни етказувчи шахснинг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан тўланиши лозим, маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар, зарар фуқаронинг ҳаёти ва соғлигига ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган бўлса қопланади, 1022-моддасига кўра, маънавий зарар пул билан қопланади, маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва ва маънавий азобларнинг хусусияти, маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади, маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъи назар, қопланади.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси