СУДЛАР ТОМОНИДАН ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА
ДАЛИЛЛАР ҚАНДАЙ ҚЎЛЛАНИЛАДИ
Фуқаролик процессуал кодекси янги таҳрирда амалга киритилиши муносабати билан Олий суд Пленумининг 2020 йил 19 декабрь кунидаги «Cудлар томонидан фуқаролик ишлари бўйича далиллар ва исботлашга оид қонун нормаларини қўллаш амалиёти тўғрисида»ги 35-сон қарори қабул қилинди.
Жумладан, Судларга фуқаролик иши бўйича далилларни қуйидагилардан олиниши мумкинлиги тушунтирилади:
- тарафлар ва учинчи шахслар тушунтиришларидан;
- гувоҳлар кўрсатувларидан;
- ёзма ва ашёвий далиллардан;
- экспертлар хулосаларидан;
- аудио- ва видеоёзувлардан;
- мутахассислар маслаҳатларидан (тушунтиришларидан).
Тарафлар, учинчи шахслар ва улар вакилларининг тушунтиришлари оғзаки тарзда ҳам, ёзма кўринишда ҳам берилиши, шунингдек видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш йўли билан олиниши мумкин.
Судлар томонидан қуйидагилар гувоҳ бўла олмаслиги назарда тутилиши лозим:
- фуқаролик иши бўйича вакил ёки жиноят иши бўйича ҳимоячи сифатида қатнашган шахс – вакил ёки ҳимоячи вазифасини бажарганлиги муносабати билан унга маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида;
- жисмоний ва руҳий нуқсонлари сабабли фактларни тўғри идрок қилишга ёки улар тўғрисида тўғри кўрсатувлар беришга лаёқатсиз шахс.
Шу билан бирга ишда иштирок этувчи шахсларга нисбатан қариндошлиги, хизмат бўйича ёки бошқа қарамлиги ёхуд шахсий адовати борлиги шахснинг ишда гувоҳ сифатида қатнашишига тўсқинлик қилмайди.
Тарафлар, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар илтимосига ёки суднинг ташаббусига кўра, ишни кўраётган суд жойлашган жойдан бошқа ерда яшовчи гувоҳлар суд топшириғи тартибида ёки видеоконференцалоқа воситаларидан фойдаланиш орқали сўроқ қилинишлари мумкин.
Судларга иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган рақамли, график ёзув шаклида бажарилган, шу жумладан факс, электрон ёки бошқа алоқа воситасида ёхуд ҳужжатнинг ҳақиқийлигини аниқлаш имконини берадиган ўзга усулда олинган ҳужжатлар ва материаллар ёзма далиллар ҳисобланиши тушунтирилади. Бир қатор ҳужжатлар (ФҲДЁ органлари томонидан бериладиган гувоҳномалар, нотариал ҳужжатлар, векселлар) белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда (муайян ҳимоя даражасига эга бўлган махсус бланкалар, муҳр, штамплар) суд томонидан ёзма далиллар сифатида қабул қилиниши мумкин эмас. Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган чет давлатда олинган ҳужжатлар, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда легализация қилинган ҳоллардагина суд томонидан ёзма далил деб тан олиниши мумкин ва уларга умумий асосларда баҳо берилади.
Процессуал қонун талабларига мувофиқ, далилларни тақдим этиш ва исботлаш мажбурияти тарафларга юклатилган. Шу билан бирга судлар назарда тутишлари лозимки, қонунда далилларни тақдим этиш мажбуриятини тақсимлашга оид умумий қоидалардан ташқари, айрим тоифадаги ишлар учун махсус қоидалар ҳам белгиланган. Жумладан, Меҳнат кодексининг 111-моддасига мувофиқ, меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки ходимни бошқа ишга ўтказишнинг асослилигини исботлаш масъулияти иш берувчига юклатилади, зарар етказишда айби йўқлигини тасдиқловчи далилларни тақдим этиш мажбурияти эса Фуқаролик кодексининг 985-моддасига мувофиқ жавобгарга юклатилади.
Судларнинг эътибори иш учун аҳамиятга эга бўлган, лекин суд томонидан ҳаммага маълум деб топилган ҳолатлар исботлашни талаб этмаслигига қаратилади. Жиноят иши бўйича қонуний кучга кирган суд ҳукми устидан ҳукм чиқарилган шахс ҳаракатларининг фуқаролик-ҳуқуқий оқибатларига оид ишни кўриб чиқаётган суд учун фақат шу ҳаракатлар содир этилган-этилмаганлиги ва улар мазкур шахс томонидан содир этилганлиги-этилмаганлиги масалалари бўйича мажбурийдир. Ҳал қилув қарорида, ҳукмга ҳавола қилинишидан ташқари, тарафлар томонидан тақдим этилган ва суд томонидан тўпланган ҳамда даъво мазмуни бўйича хулосага келишда суд асосланган далиллар кўрсатилиши лозим. Етказилган зарар миқдорига доир ҳолатлар умумий асосларда исботланиши лозим.
Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, бир тараф томонидан бошқа тараф ўз талаб ёки эътирозларини асослаётган фактларнинг тан олиниши, фактлари тан олинган тарафни бу фактларни исботлаш мажбуриятидан озод қилади. Шу билан бирга, агар бундай фактларга нисбатан судда шубҳа пайдо бўлса, улар умумий асосларда исботланиши лозим.
Зухриддин Мавлонов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси