Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари давлат ҳимоясида.
Мамлакатимизда тадбикорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Бунга мисол сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6314-сонли фармони ва “Тадбиркорлик субъектларининг хорижий валютадаги кредит мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ юкини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5268-сонли қарорини келтириш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Президентнинг юқоридаги фармони ва қарори билан тадбиркорларга бир қатор енгилликлар яратиб берилди.
Хусусан, ПФ-6314-сонли фармонга кўра 2021 йил 1 октябрдан бошлаб қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти, шу билан бирга алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган таъқиқ бекор қилинди.
Фармон билан 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси икки бараварга пасайтирилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланди. Шу билан бирга 2022 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текшириши, Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлик субъекти розилиги билан Савдо-саноат палатаси ходимлари иштирок этиши, текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисоби электрон тарзда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан юритилиши, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишда қонунбузилишларга йўл қўйилишини олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтакзилгандан сўнг йўл қўйилиши тартиби жорий этилди.
Бундан ташқари, фармонга кўра 2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси жорий этилиши, индекс Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали текширув натижалари асослилиги ҳамда қонунийлиги, профилактик тадбирлар ва текширувлар мутаносиблиги, тадбиркорларнинг текширув натижаларидан қониқиш даражаси каби кўрсаткичлар асосида тузилиши белгиланди.
Президентнинг ПҚ-5268-сонли қарорида эса тижорат банкларидан хорижий валютада олинган кредитлар миллий валютага ўтказилганда амалдаги компенсация тақдим этиш тўғрисидаги шартномалари мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларининг эквиваленти 1 миллион АҚШ долларидан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмайдиган кредитларнинг асосий ставкадан ошадиган, лекин 5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган қисми бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация тақдим этилиши, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси номидан чет эл валютасида тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан жалб қилинган кредитлар (қарзлар) лойиҳада иштирок этувчи молия ташкилотларига 10 йилдан кам бўлмаган муддатга ёки улар жалб қилинган муддатга қайта кредитланиши белгиланди.
Мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги иқтисодий низоларни ҳал этиш бўйича суд амалиётини такомиллаштириш, судларда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатлар иштирокини кенгайтириш, солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш, тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ишлар олиб борилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизда тадбиркорлик субъектларига қаратилган юксак эътибор иқтисодиётни янада либераллаштириш, тадбиркорларнинг жамият тараққиётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда самарали фаолиятини таъминлаш ва пировардида аҳоли фаровонлигининг таъминланишига хизмат қилади.
Жамшид Хомидов
Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари