Иқтисодий судлар томонидан банкротликка оид ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш, суд бошқарувчилари фаолиятини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги
ПҚ-4146-сонли қарорига мувофиқ 2019 йилнинг 1 июлидан:
давлат солиқ хизмати органлари солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш имконияти бўлмаганлиги сабабли ижро ҳужжатлари қайтарилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмасдан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилади;
банкротлик тўғрисидаги иш банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда, агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз каррасини ташкил этадиган бўлса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса базавий ҳисоблаш миқдорининг камида йигирма каррасини ташкил этадиган бўлса, суд томонидан қўзғатилиши мумкин;
тугатишга доир иш юритиш муддати тўққиз ойдан ошмаслиги лозим, алоҳида ҳолларда ушбу муддат банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларнинг илтимосномасига асосан суд қарори билан уч ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин;
бенефициар ва аффилланган шахсларнинг биргаликдаги хатти-ҳаракатлари оқибатида сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари аниқланганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳукми мазкур шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда субсидиар жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади;
банкротлик таомиллари қўлланилган қарздорларнинг мол-мулки суд бошқарувчилари томонидан «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали сотилади.
Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 24 апрелдаги 474-II-сонли “Банкротлик тўғрисида” ги Қонуни (янги тахрири)га асосан банкротлик (иқтисодий ночорлик) – иқтисодий суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслигидир, ушбу қонунга асосан суд бошқарувчиси (муваққат бошқарувчи, санация қилувчи бошқарувчи, ташқи бошқарувчи, тугатиш бошқарувчиси) банкротлик таомилларини ўтказиш мақсадида иқтисодий суд томонидан тайинланадиган шахс ҳисобланади, банкротлик тўғрисидаги иш иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.
2019 йил 1 майдан давлат солиқ хизмати органларининг аризалари бўйича қўзғатилган банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда суд бошқарувчиларини давлат солиқ хизмати органлари ходимлари орасидан тайинлаш амалиёти бекор қилинди.
Давлат солиқ хизмати органларининг аризалари бўйича қўзғатилган банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда тўртинчи тоифали суд бошқарувчиси аттестатига эга бўлган ва Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси аъзолари ҳисобланган шахслар суд бошқарувчиси этиб тайинланадиган, қарздор турган жойдаги туман (шаҳар) солиқ инспекциясининг қарорига асосан, ҳар бир якунланган тугатишга доир иш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан суд бошқарувчиларига энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни узишда тўланган қарз суммасининг 5 фоизи миқдорида суд бошқарувчиларига қўшимча ҳақ тўланадиган бўлди.
Суд бошқарувчиларининг фаолияти «фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш» ихтисослашуви бўйича лицензияга эга бўлган ва суд бошқарувчиси аттестатини олган адвокатлар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкинлиги белгиланди.
Суд бошқарувчиларини тайинлаш кредитор ёки банкротлик ишлари бўйича ваколатли давлат органи ёхуд Ассоциация ва унинг ҳудудий тузилмалари тақдимномаси бўйича суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг баҳолашни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан амалга ошириладиган бўлди.
Мазкур фармон асосида сохта банкротлик, банкротликни яширганлик ва қасддан банкротликка олиб келганлик учун жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, 2019 йил 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси «Банкротлик тўғрисида»ги қонунига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, иқтисодий суд томонидан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида қарор қабул қилиниши тугатишга доир иш юритишнинг бошланишига сабаб бўлади.
Тугатишга доир иш юритиш муддати тўққиз ойдан ошиши мумкин эмас. Зарурат бўлганда банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра ёки иқтисодий суднинг ташаббуси билан бу муддат кўпи билан уч ойга узайтирилиши мумкин.
Тугатишга доир иш юритиш муддатини узайтириш учун қуйидаги ҳолатлар асос бўлиши мумкин:
иқтисодий суд ишини юритишда қарздор юридик шахснинг ёки унинг кредиторларининг мулкий манфаатига дахл қилувчи ишнинг мавжудлиги;
қарздор юридик шахснинг реализация қилинмаган мол-мулки мавжудлиги;
сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш, қарздорнинг мансабдор шахслари томонидан қарздор юридик шахснинг ва унинг кредиторларининг манфаатларига қарши бошқа ҳуқуқбузарликлар ёки жиноятлар содир этилганлиги аломатлари бўйича жиноят ишининг мавжудлиги;
тугатиш бошқарувчисининг тугатиш таомилини ўтказиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш рад этилганлиги тўғрисидаги иқтисодий суднинг ажримида кўрсатилган қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш зарур бўлганда;
банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи томонидан аниқланган қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш зарур бўлганда.
Иқтисодий суднинг тугатишга доир иш юритиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ажрими устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
Қайд этилган қарор ва янги қабул қилинган қонун хужжати қарздор юридик шахсларнинг кредиторлар олдидаги мажбуриятларини бажариш масъулиятини кучайтирилишига ва иқтисодиётимизнинг янада ривожланишига хизмат қилади.
Аббос Холмуминов
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси
Саида Нуриева
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси