Тил-миллат кўзгуси.

Ҳар бир миллатнинг Ватани каби яна бир буюк бойлиги бор. Бу ҳам бўлса унинг тили. Айнан тил инсонларни бир миллатга мансуб халқ сифатида бирлаштиради. Тил ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгиси, халқни-халқ,  миллатни-миллат қиладиган рамзлардан бири асрлар оша аждодлардан-авлодларга бевосита мерос бўлиб етиб келадиган ўзаро муомала воситасидир.

Мамлакатимизда 1989 йилнинг 21 октябрида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши истиқлолимиз сари қўйилган дадил қадамлардан бири сифатида тарихда муҳрланган эди. Айни пайтда она тилимизга бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори поғонага кўтарилиб, унинг бой хазинасини қайта тиклаб ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Биз одатда ҳар йили 21 октябрь – тил байрами куни она тилимиз ҳақида гапириб уни нишонлашга ўрганиб қолганмиз. Бироқ, тилимизнинг софлиги учун ҳар куни хушёр бўлишимиз тақозо этилади.

Бугунги кунда биз барча меъёрий хужжатларни она тилимизда юритиб барча ўқув қўлланмаларни адабиётларни она тилида ўқимоқдамиз. Шуни хам таъкидлаш жоизки, юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч-тотув ва бирдамликда яшаб келаётган мустақил юртимизда уларнинг миллий маъданияти, урф-одати, жумладан, она-тилига хурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлишга катта эътибор берилмоқда.

Тилга қиёс берар экан, бобакалонимиз  Алишер Навоий  “Лайли ва Мажнун” достонида шундай деган:

Айтиб совумас таронасен сен,

Олиб қуримас хизонасен сен.

Ушбу мисраларнинг маъноси шуки, тил ишлатилгани сари ва муомалада бўлгани сари янада бойиб, сайқалланиб борадиган неъмат. Тил миллатнинг тарихи, бугуни хамда келажагидир. Тилнинг энг асосий манбаи-сўз. Бироқ, шу тилда сўзлашувчи халқ унга нисбатан эътиборли ва масьулиятли муносабатда бўлмаса, сўзларни нотўғри талаффуз қилса, ўз она тили, луғати сўзга бой бўла туриб, нутқида бошқа миллат тилидан кириб келган сўзларни ишлатса, мумтоз сўзлар маънолари изоҳланмаса, бора-бора бу тил унитилиши, йўқолиб кетиши хеч гап эмас. Шунинг учун хам биздан олдин яшаб ўтган мутафаккир олимлар тилимизни устида ишлаб, луғатлар тузиб келажак авлодларга етказишга харакат қилишган.

Бугунги кунда биз барча меъёрий хужжатларни она тилимда юритиб барча ўқув қўлланмаларни, адабиётларни она тилида ўқимоқдамиз. Шуни хам таъкидлаш жоизки, юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч-тотув ва бирдамликда яшаб келаётган мустақил юртимизда уларнинг миллий маданияти, урф-одати, жумладан, она-тилига хурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлишга катта эътибор берилмоқда.

Тил меъёрларсиз яшай олмайди. Аммо бу меъёрлар ижтимоий тараққиёт билан боғлиқ ҳолда ўзгариб, ривожланиб такомиллашиб боради. Она тилига гапирганда унинг меъёр ва қоидаларига амал қилиш талаб этилади. Тилимизда илмий тил, адабий тил, шева, лаҳжа ва бошқа тушунчалар мавжуд. Маърузалар, тадбирлар, кино ва театр саҳналари хаммага тушунарли бўлган адабий тилда бўлиши, шева қўшмасдан гапириш тил меъёрларига киради. Баъзан жамоат жойлари, жамоат транспортида ёшларни русча, ингилизча сўзларни қўшиб қориб ўзаро гаплашганида она тилимизга бўлган эътиборсизлик холатларини кўриб ачиниб кетамиз. Ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган сўз ва иборалар билан тилимизни булғаш, луғатимизда таржимаси бўла туриб, бошқа тилдан кириб келган сўзларни ишлатиш хам муомала маданияти қоидаларига зиддир. Ўзбек тили шу қадар бой тилки, унда ўзга тиллардаги бир сўзнинг бир нечта синоним таржималари бор. Масалан: “лицо” юз-чехра, ораз, ранг, афт, ангор, бет, башара ва хоказо…Бунга ўхшаган мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Ҳақиқатдан, миллатнинг қиёфаси унинг тил бойлиги билан намоён бўлади. Бир замонлар дунёга тил борасида хам хукмронлик қилган бизнинг маданиятимиз юксак ривожланган давлатлар тараққиёти ва глобаллашувида “ютилиб” кетмаслиги учун тилимизни янада бойитиб, соф холда келажак авлодларга қолдиришга изчил ҳаракат қилишимиз керак.

Тил миллат-кўзгусидир. Унда халқимизнинг асрлар силсиласидан, мустабидлик тўфонларидан сабр-матонат билан босиб ўтган хаёт йўли, маданияти, тарихи, савияси, ақл-заковати акс этади. Тилимизни инсон учун мухим омил, азиз, қадрли ва муқаддас билиб, уни покиза ва озода сақлаш луғатимизни кўрки бўлган сўзлар мохиятини чуқур англаш, миллий қадриятларимизни ҳамда тил бойлигимизни бор бутунича келажак авлодларга етказиб бериш барчамизнинг бурчимиздир.

Дилором Алмуратова

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси