“Бир суд – бир инстанция” тамойили.
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, одил судлов самарадорлигига эришиш, судлар мустақиллигини амалда таъминлаш бўйича бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам алоҳида муҳим йўналишдаги вазифалардан бири сифатида белгилаб қўйилди.
Юртимизда одил судловни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида ягона суд амалиётини жорий этиш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Биринчи марта Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва ҳудудларда маъмурий судлар ташкил этилди.
Тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини судда ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш мақсадида иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилди.
Суд мустақиллигини таъминлаш масалалари парламентнинг доимий диққат марказида бўлиб, шу мақсадда Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ташкил этилди. Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизими яратилиб, Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.
Хорижий давлатлар тажрибаси асосида илк бор судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Суд тизими ходимларини тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган Судьялар олий мактаби ташкил этилди.
Ҳуқуқий демократик давлатнинг муҳим ва ажралмас белгиси – бу қонун устуворлиги ҳисобланади. Шунингдек, ҳуқуқий давлатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланиши асосий вазифа саналади. Ушбу йўлда судларнинг ўрни муҳим.
Хусусан, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида, Президент томонидан 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ташкил этилди.
Шунингдек, туман (шаҳар) маъмурий судлари ўрнида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди. Бу эса маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни тарафларни талаб ва эътирозларини атрофлича, синчковлик билан текширган ҳолатда кўриб чиқиш, фуқаролар ва тадбиркорларни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан суд орқали ҳимоялаш учун янада қулай шароит яратди.
2020 йил 19 декабрда Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган қонунга кўра, суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Фармон ва қонунчиликка киритилган ўзгартиришлардан келиб чиқиб, судларда бир-бирини такрорловчи инстанциялар бекор қилиниб, “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилди.
Суд қарорлари устидан назорат тартибида шикоят бериш институти тугатилди, апелляция ва кассация тартибида шикоят беришнинг амалдаги тартиби тубдан ўзгартирилди, апелляция ва кассация инстанцияси судлари ваколатлари кенгайтирилди.
Мазкур тамойил асосида туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд қарорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш белгиланди.
Маъмурий ишлар бўйича апелляция шикоятларини бериш муддатлари 20 кундан бир ойга қадар узайтирилди, апелляция тартибида шикоят беришнинг ўтказиб юборилган муддатларини тиклаш асослари кенгайтирилди. Кассация тартибида шикоят бериш муддатлари бир йил этиб белгиланди.
Шунингдек, киритилган ўзгартиришларга асосан, Бизнес омбудсманга биринчи инстанция судининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти қилиш ҳуқуқи берилди.
Мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини шакллантириш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Уларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам қонунчиликка ўзгартиришлар киритиб келинмоқда. Жумладан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 271-272-моддалари билан тўлдирилиб, суд томонидан ҳал этиладиган ишлар қаторига инвестициявий низолар бўйича ва рақобат тўғрисидаги ишлар киритилди.
Бунга кўра, инвестициявий низолар инвесторлар билан маъмурий органлар мансабдор шахсларининг инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ ишлар бўлса, рақобат тўғрисидаги ишлар юридик шахслар, чет эллик юридик шахслар, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва монополияга қарши орган ўртасида товар ҳамда молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар ҳисобланиши кўрсатиб ўтилди.
Қабул қилинадиган янги қонунлар маъмурий суд тизимидаги муаммо ва камчиликлар, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади. Бунда, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилиш, инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш тизимга бўлган ишончни, очиқлик ва шаффофликни таъминлайди.
Аблқосим Рузиқулов
Сурхондарё вилоят суди раиси