КОРРУПЦИЯ – ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ КУШАНДАСИ.
Коррупция – нафақат инсон ҳуқуқлари бузилишига, балки хавфсизликка таҳдид солувчи уюшган жиноятчиликнинг ривожланишига ҳам шароит яратувчи хавфли жиноят саналганлиги учун ҳам уни ҳозирда жамиятимиз олдида турган энг катта таҳдид сифатида баҳолаш мумкин.
Ҳар бир давлат ўз ривожланиши давомида миллий манфаатларига энг кўп зиён келтирувчи таҳдидларга қарши курашишни устувор вазифа ҳисоблаб, унга қарши қатъий чоралар кўради. Шунинг учун ҳам халқимиз азалдан коррупцияни, айниқса, унинг азалий кўринишларидан бири бўлган порахўрликни қоралаб келган.
Аммо инсоният тараққий этиб боргани сари айрим иллатлар, хусусан, корррупция ҳам ривожланиб, унинг инсониятга, жаҳон иқтисодиётига, шу жумладан, республикамиз иқтисодиётига ҳам салбий таъсири кучаяётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, коррупция балосидан халос бўлиш мамлакатимиз олдидаги долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Таъкидлаш жоизки, жамият ҳаётида муаммоларни ҳал этишда ривожланган давлатлар тажрибасини чуқур ўрганиш, миллийлигимиз ва менталитетимизга мос келадиган усулларни тарғиб этиш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкин.
Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар миллий дастур асосида тизимли амалга ошириб келинмоқда.
2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганидан сўнг республикада коррупцияга қарши курашишнинг янги даври бошланди.
Президент Ш.Мирзиёевнинг шахсан ташаббуси остида ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлардаги коррупцион жиноятларга қарши курашиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар дунёнинг ривожланган давлатлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия тузилди.
Шунингдек, ҳукумат доирасида амалга оширилаётган ишлар доирасида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида – Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ташкил этилди.
Коррупцияга қарши курашишни такомиллаштириш орқали жамиятимиздаги ўз ечимини топилишини кутиб ётган иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал этилишига ва ривожланган мамлакатлар қаторига киришимиз имкониятларини кенгайишига ҳамда иқтисодиётимизга инвестиция оқимини ортишига имкон яратади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу иллат инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мамлакат тараққиёти ва жамият равнақига жиддий таъсир этар экан коррупцияга қарши курашиш, бу иллатни барча соҳа ва жабҳалардан сиқиб чиқариш, юртимизни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш биргина давлат идораси ёки жамоат ташкилотининг вазифаси эмас, балки, шу давлат фуқароси, жамият аъзоларига бирдек тегишли бўлган вазифа, масъулият ҳисобланади.
Дилором Алмуратова,
Зухриддин Мавлонов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари