Фирибгарлик жинояти тушунчаси, унга бериладиган жазолар ва олдини олиш чоралари
Ижтимоий турмушда инсонлар ўзаро бир-бирлари билан муомала қилар экан, улар орасида турли хил муносабатлар ўрнатилади. Айримлар соф, ҳалол йўл билан, ўзгалар ҳақидан қўрққан ҳолда бу муносабатни ўрнатса, айримлар инсонларнинг соддалиги, ишонувчанлигини суиистеъмол қилади. Бундайларнинг ҳам жамиятда ўз номи бор:
Фирибгарлар ва товламачилар.
Сўнгги вақтларда фирибгарлик, товламачилик билан боғлиқ жиноятлар ортгани сир эмас. “Аҳмадбой иши”, “Human” ва бошқа қатор хусусий бандлик агентликлари билан боғлиқ ишлар шулар жумласидан.
“Straus House” МЧЖ, “Avto 60 ой”, “Auto Rental” каби қатор фирма ва тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ ишларга ҳам кўп бўлгани йўқ.
Ачинарлиси шундаки, шунча воқеалардан кейин ҳам фирибгарлик жинояти ёхуд фирибгар ва ё товламачи қармоғига илинаётган ватандошлар сони камайиб қолаётгани йўқ. Қолаверса, тараққиёт юксалгани сари фирибгарликнинг янгидан янги турлари ҳам қайд этилмоқда. Ахборот технологиялари, интернет орқали амалга оширилаётган фирибгарликлар ҳам кўп учраяпти. Сўнгги 20 йилликларнинг яна бир фирибгарлиги – бу фарзандининг олий ўқув юрти талабаси бўлиши орзусидаги ота-онага нисбатан қилинмоқда.
Хўш, бундай жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари нимада?
Фирибгарлар домига тушаётганлар шунчалик соддами ёки фирибгарлар бошқаларни ўта гўл ҳисоблашадими?
Фирибгарлик жиноятини содир этиш услублари диққатимизни тортди. Содир этилган фирибгарликлардан пул олди-бердиси, чет элга ишга юборишни ваъда қилиш, ўқишга киритишга доир алдовдир кўпайиб кетган.
Мазкур жиноятларни кўпи аёллар, муқаддам судланганлар ишламайдиганлар фирибгарликка қўл урга.
Фирибгарликнинг ҳуқуқий тавсифи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддасига кўра, ўзгани алдаш ёки унинг ишончини суиистеъмол қилган ҳолда унинг мулкини ёки мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш фирибгарлик ҳисобланади. Фирибгарлик бошқа мулкий жиноятлардан фарқи – фирибгарликда жабрланганлар фирибгарга
мол-мулкини, мол-мулкка бўлган ҳуқуқини ўз хоҳиши билан топширади.
Фуқаролар маблағларини ўзлари олиб келиб берган бўлса-да, фирибгарга жазо тайинланади.
Фуқаролар пулларини ўз қўллари билан олиб келиб беради. Улар енгил бойиб кетиш, мулкка эгалик қилиш мақсадида шундай ҳаракатларни содир этишади. Фирибгарлар маълум бир соҳани эгаллаб, билимга эга бўлишади. Шунингдек, уларда актёрлик қобилияти ҳам бўлади. Шу сабабли фирибгарлик ақлли жиноятлар турига кириб, уни ақл-заковатли инсонлар содир этади.
Бугунги кунда фирибгарликка қўл урган шахсни, айби исботланса, нималар кутмоқда? Унга қандай жазо муқаррар?
Фирибгарлик жинояти таркибини оладиган бўлсак, объектив ва субъектив томони бўлади. У бошқа фуқаролик муносабатларидан фарқли ўлароқ, фуқаро жабрланувчининг мулкига эгалик қилишни олдиндан қасд қилиши керак. Фирибгарлар тергов қилинганда жуда камдан-кам ҳолатда фирибгарлик қилиш нияти бўлганини тан олади. Жиноят иши қўзғатилгандан кейин сўроқ жараёнида ҳужжатлар тақдим қилинади, ҳужжатларнинг қаерида камчилиги борлиги текширилади. Гумонланувчи шахс жабрланганлар билан юзлаштирилганда
Фирибгарлик учун қандай жазо белгиланган?
Жиноят кодексининг 168-моддасида кўрсатилган фирибгарлик
5 та қисмга бўлинган. Уларнинг 4 та қисмида жиноятни қайси ҳолларда оғирлаштирувчи малакалаш кўрсатилган. Бешинчи қисмида енгиллаштирувчи ҳолатлар баён қилинган. Яъни жиноят содир қилингандан кейин етказилган зарар тўлиқ қопланса, айбланувчи, гумонланувчи ёки судланувчига озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмаслиги мумкин.
Охирги нуқта суднинг қарори билан қўйилади. Жиноят кодексида фирибгарлик жинояти учун максимал 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади.
Фирибгарлик турлари
Ҳозирда кўп учрайдиган фирибгарлик турларидан бири – чет элга ишга жўнатиш, чет элдаги 3-шахслардан сизнинг маълум миқдордаги пул мукофотини ютиб олганингиз ҳақидаги келадиган хатлар ҳисобланади. Шунингдек, хайрия маблағлари учун ташкил қилинган пластик карталардан пул ечиб олиш ҳолатлари ҳам бўляпти.
Ер, уй олди-сотдиси бўйича фирибгарликлар ҳам кўп учраб туради.
Фирибгарлар ҳокимиятда таниши борлигини айтиб, уй олиб беришга ишонтириб, одамларнинг пулларини олиб қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шунингдек, ўқишга ёки ишга киритиш мақсадида ота-оналарни ишонтириб, пул олиш ҳолатлари ҳам охирги вақтда кўп учраб турибди.
Фирибгарлик шахсият муаммосими ёки жамият?
Жамият индивидуалликдан шаклланган. Яъни битта хусусийлик вужудга келиб умумийликка айланган. Шу хусусийликнинг ичида товламачилик, фирибгарлик, бировнинг ҳақидан қўрқмаслик уруғланса, бу юқумли бўлади. “Aҳмадбой воқеаси”да ҳам бир киши келиб, шу ишни қилди. Жуда катта натижага эришдим деганидан кейин унга бошқалар эргашди. Бу оломон психологияси дейилади.
Қачонки, жамиятнинг ичида фильтр, яъни ўз хавфсизлигини таъминлаш, қонун устуворлигига шахсан ҳар бир инсон ўзи жавобгар эканлиги тан олинмаган тақдирда оломон психологияси ишлаб кетади.
Фирибгарлик қандай пайдо бўлади?
Бола ўз қарорини, таҳлилий фикрлаш қолбилиятини йўққа чиқариб тарбияланса, унда фирибгарликка мойиллик пайдо бўлади. Бола бирор нарсага дуч келганда бу нима, бу қонунийми, менга керакми, деган танқидий саволларга жавоб бериши керак. Болада бу нарса йўқ қилинса, фильтр йўқолади. Болага бирор киши бирор нарсани таклиф қилганда, бола ўз чегарасини билиб, таклиф қилинган нарсани инкор қила олиши керак.
Фарзанддаги шу чегаранинг ичида “менинг ориятим бор, менинг мулким бор”, деган инкор қилиш қобилиятини ота-она шакллантирмаса, жамиятда шаклланиши жуда қийин бўлади. Бу қобилият фақатгина йўқотишлар, азобланишлар билан шаклланади ёки шаклланмай, ўша фирибгарликка дучор бўлган инсоннинг ўзи ҳам бошқаларга фирибгарлик қилиб, йўқотганларини қайтадан топиш илинжи билан яшашни бошлайди.
Жамиятнинг ривожланиши ота-оналарга боғлиқ.
Улар фарзандларига раҳм, меҳр, қонун устуворлиги туйғусини тарбия асоси қилишса, бола ҳаётда ўзи ҳам товламачи ҳам, жабрдийда ҳам бўлмайди.
Осон йўл билан пул топиш тарғиботи – нотўғри
Телевидениеда меҳнат қилмасдан эришиладиган кир ювиш машинаси ютиб олишга, енгил автомобиль соҳибига айланишга тарғиб бўляпти. Телевидение, радио бир хил йўналишга ўтиб олишган.
Инсон ўзини алдамаслиги керак. Ҳар бир имзо, ҳар бир қадам таҳлил орқали қўйилиши керак. Aлданмайдиган инсонлар кўп бўлса, алдайдиганлар ҳеч нима қилолмайди.
Фуқаролар фирибгарлар домига қандай илиниб қолмоқда?
Фирибгарларнинг ўзлари ҳам ўзларини “фирибгар” деб билишадими, тан олишадими? Йўқ, албатта. Уларнинг ҳеч бири қилмишини тан олмайди, аксинча, мақсади одамларга ёрдам бериш бўлганини таъкидлашади.
Биз жамият сифатида мақсадга кимнидир алдаш ёки қайсидир фирибгарга мурожаат қилиш билан эмас, мушкул ва мураккаб
кўринса-да, ҳалол меҳнат орқали эришишни тарғиб қилишимиз, фарзандимизни тўғри йўналтиришимиз лозим.
Сўнги сўзимиз эса, фирибгарга алданманг, ўзингизни ва яқинларингизни асранг!
Тахир Бекпулатов
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Музаффар Ҳакимов
Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг раиси