Тил миллатнинг маънавий бойлиги
Она тили миллатнинг руҳидир. Тил—давлатнинг тимсоли, мулки.
Тилни асраб авайлаш орқали миллат юксалади.
Республикамиз Конституциясида давлат тилининг мақоми белгилаб қўйилган.
Она тилимизга 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди.
Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди.
“Давлат тили” тўғрисидаги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида хам кенг имкониятлар яратди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрў-эътибори ошди.
Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, саноат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилган ишларнинг энг мухимларидандир.
Тил—миллат қиёфасининг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ.
Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда хар ўн беш кунда битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади.
YUNESKO вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди.
Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир.
Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бебаҳрадир. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи хамон ўз ёзувларига эга эмас.
Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ. Янги технологияларнинг ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бугун интернет тилининг 81фоизи инглиз тилига тўғри келади.
Мазкур рақамлардан кўринадики, хар бир миллат ёки халқ ўз она тилининг ривожи учун амалий харакат қилмаса, вақт ўтиб ўша миллат ўз она тилини йўқотиши мумкин.
Тил нафақат муомала воситаси- балки халқнинг маъданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир.
Турли халқларнинг тилларига ҳурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади.
Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир.
Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан-бир кафолатидир.
Шу сабабли хам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси