Муомала лаёқати чекланган деб топиш ҳақидаги ишларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари
Ўзбекистон Республикакси Фуқаролик кодексининг 31-моддасига кўра, спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш натижасида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётган фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан фуқаролик процессуал қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чеклаб қўйилиши мумкин. Унга ҳомийлик белгиланади. Бундай фуқаро майда маиший битимларни мустақил тузиш ҳуқуқига эга. У бошқа битимларни ҳомийнинг розилиги билангина тузиши, шунингдек иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлар олиши ҳамда уларни тасарруф этиши мумкин. Бироқ бундай фуқаро ўзи тузган битимлар бўйича ва етказган зарари учун мустақил равишда мулкий жавобгар бўлади.
Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши натижасида унинг оила аъзолари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари томонидан “Муомала лаёқати чекланган деб топиш ҳақида” судга ариза бериши мумкин.
Мазкур тоифадаги ишлар юзасидан аризалар фуқаро яшаб турган жойдаги, агар бу шахс даволаш муассасасига жойлаштирилган бўлса, мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги судга берилади.
Фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ишларни юритиш билан боғлиқ суд харажатлари аризачидан ундирилмайди.
Агар суд ариза фуқаронинг оила аъзолари томонидан инсофсизлик қилиб, асоссиз равишда фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш мақсадида атайлаб берилган деб топса, суд харажатларини оила аъзоларидан ундиради.
Амалиётдан мисол. Музработ туман прокуратураси фуқаро У.Ю.нинг манфаатини кўзлаб, фуқаро С.Ю.га нисбатан “Муомала лаёқатини чекланган деб топиш ҳақида”ги ариза билан судга мурожаат қилган.
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 12 август кунидаги ажримига кўра, биринчи инстанция судининг ажрими бекор қилиниб, иш мазмунан кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборилган.
Чунки, суд фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ишни албатта мазкур фуқаронинг, прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида кўради. Агар фуқаро суд мажлисига келмаса, у мажбурий тартибда судга келтирилиши лозим.
Шуни таъкидлаш лозимки, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, суд фуқаронинг ўзи, унинг ҳомийси, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 310-моддасида санаб ўтилган ташкилотлар ва шахслар берган аризага биноан фуқаронинг муомала лаёқатини чеклашни ва унга нисбатан белгиланган ҳомийликни бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
Шерзод Элиев
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси,
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти