Сурхондарё вилояти суди раҳбариятининг Денов туманида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабули бўлиб ўтди

Денов Тадбиркорлик ва педагогика институти биносида ўтказилган сайёр қабулда суд-ҳуқуқ масалаларига доир жами 25 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқаролар мурожаатларининг 20 таси жиноят ва 5 таси фуқаролик судловга тааллуқлидир.

Сайёр қабулда вилоят суди раҳбарияти томонидан қабул қилинган 5 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати тингланиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, 20 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати жойида ижобий ҳал этилди.

Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 24 нафар фуқаронинг алимент ундириш тўғрисидаги аризалари кўриб чиқилиб, уларнинг аризалари қаноатлантирилди ва Мажбурий ижро бюросининг тегишли ҳудудий бўлимига юборилди.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Шўрчи, Олтинсой, Сариосиё ва Узун туман судлари томонидан сайёр суд мажлисида тақдимнома (илтимоснома)лар асосида 20 нафармаҳкум ўталмай қолган ахлоқ тузатиш ишлари ва бошқа жазолардан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Бу каби сайёр қабуллар суд тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда судларга бўлган ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

ЗОИР РУСТАМОВ,

Сурхондарё вилоят суди раисининг ўринбосари –

иқтисодий ишлар бўйича ўринбосари

КИТОБ – МАЪНАВИЯТ КЎЗГУСИ

Дарҳақиқат, юртимизда китоб ўқиш маданиятини кенг оммалаштириш, янги нашрларни йўлга қўйиш ҳамда аҳоли орасида китобга қизиқишни кучайтириш, кутубхоналар ва таълим даргоҳларини касбий ҳамда соҳавий адабиётлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январь кунида “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-9-сонли Қарори қабул қилинди.

Мазкур Қарорга кўра, 2026-2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси (бир одам ўқийдиган китоб сони)ни йилига ўртача 10 та китобга етказиш асосий мақсад этиб белгиланган.

Шунингдек, Қарорнинг 7-бандига асосан 2026 йил 1 февраль кунидан бошлаб, давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олиниши, транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларида (автобус, метро, самолёт, поездлар) симсиз ёки мобиль интернет тармоғи орқали «Mutolaa» платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилиши, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилиши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, мазкур Қарорга мувофиқ барча вазирлик ва идораларда 2026 йил 1 апрелга қадар ўзида ва тизимидаги ташкилотларда «Китоб бурчаги» ташкил этилиши, ходимлар учун ҳар ойда «Китоб ўқиш соати» йўлга қўйилиши, китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилиши, танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан бир ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилиши белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу қарорнинг қабул қилинишидан асосий мақсад аҳолининг китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш ҳисобланади.

МАНСУР АБДУРАХМОНОВ,

Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЗАМОНАВИЙ СУД ИСЛОҲОТЛАРИ

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим йўналишларидан бири, суд тизимини тўлиқ рақамлаштиришдан иборат.

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2025 йил 21 август куни имзоланган «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон билан суд ишларини юритишни рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш юзасидан муҳим ҳуқуқий асос яратилди.

Ушбу Фармонда суд фаолиятини автоматлаштириш, суд ишларида қоғоз ҳужжат айланмасидан босқичма-босқич воз кечиш ҳамда электрон тизимга тўлиқ ўтиш вазифалари белгиланди.

Хусусан, мазкур фармон билан суд соҳасини рақамлаштиришнинг истиқболдаги режалари ҳам тасдиқланган бўлиб, 2025-2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ҳамда одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури орқали 2026 йил 1 январдан бошлаб “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш, 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратиш, йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, 2025 йил 24 ноябрда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг навбатдаги муҳим босқичи сифатида эътироф этилди.

Мазкур Фармонга кўра, судьяларни тайинлаш тартиби икки босқичли қоидалар асосида амалга оширилиши белгилаб олинди. Яъни, дастлаб 5 йиллик муддатга, кейин эса муддатсиз лавозимга тайинлаш. Судьялар корпусида гендер тенглигини таъминлаш мақсадида Одил судлов академияси касбий қайта тайёрлаш курсларига хотин-қизлар учун махсус квота жорий этилди.  

Давлат раҳбарининг халқимиз ва Олий Мажлисга Мурожаатномасининг олтинчи устувор йўналиши суд-ҳуқуқ ислоҳотларига бағишланди. Унга кўра, давлат раҳбари бир қатор истиқболи ислоҳотларни амалга оширилади. Жумладан, “Рақамли суд” концепцияси доирасида терговдан бошлаб судга қадар бўлган барча жараёнлар сунъий интеллект технологиялари орқали автоматлаштирилиши айтилди. Бу эса инсон омилини қисқартириш ва ишларни тезкор ва самарали юритиш имконини беради. Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ва бекор қилиш ҳуқуқи берилиши таъкидланди. Шу билан бирга, ҳар бир инстанцияда жамоатчилик иштирокини ошириш орқали одил судлов жараёнлари шаффофлигини таъминлаш белгилаб олинди.  

Таъкидлаш лозимки, “Рақамли суд” концепцияси суд ҳокимияти фаолиятида очиқлик, шаффофлик, тезкорлик ва адолатни таъминлашга хизмат қилади.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

САЙЁР СУДДА БИР ГУРУҲ МАҲКУМЛАР МАНЗИЛ-КОЛОНИЯСИДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг тумандаги 41-сон манзил-колониясида ўтказган сайёр суд мажлисида колония маъмуриятининг озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 11 нафар маҳкумларга нисбатан киритилган тақдимномаси кўриб чиқилди.

Туман суди раиси Тулкин Туракулов раислигида ўтказилган мазкур сайёр суд мажлисида манзил-колонияси маъмурияти томонидан тақдим этилган тақдимномалар иш ҳужжатлари билан бирга ўрганиб чиқилди.

Суд мажлисида жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига риоя этган, ўзининг хулқини ижобий томонга ўзгартирган, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб, тегишли хулоса чиқарган ўн бир нафар маҳкумларнинг ўталмай қолган жазо муддати Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилди. Миллатимизга хос инсонпарварлик, кечиримлилик каби тамойилларга асосланган суд мажлисида озод этилганларнинг барчаси турли ёшдагилардир.

Сайёр суд мажлисида ўталмай қолган жазо муддати енгилроқ жазо турига алмаштирилганларнинг барчаси қилмишидан тўғри хулоса чиқаргани ва бу ишидан пушаймонлигини, жиноятлари кечирилгани, ўзларининг жамиятда ҳалол, тўғри яшашига катта имконият берилгани учун давлатимизга, одил судга чуқур миннатдорлик билдирди.  

Манзил-колониясидан озод этилган 11 нафар маҳкумлар эндиликда ўталмай қолган жазо муддатини тегишли тартибда ўз ҳудудидаги пробация хизматида ўтайди.

ТУЛКИН ТУРАКУЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси

Skip to content