Сурхондарё вилояти маъмурий судида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан маъмурий судлар фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан жорий этилаётган янги институтлар, уларни амалиётда қўллашга доир амалий семинар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ижроси бўйича Судьялар олий кенгаши ва Олий суд судьялари, маъмурий судлар раислари ва судьялари, Судьялар олий мактаби профессор ўқитувчилари, прокуратура, адвокатура, солиқ, божхона, кадастр, ҳокимиятлар, пенсия жамғармаси, бошқа давлат, давлат ва нодавлат органлар вакиллари иштирок этишди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари самарали ҳимоясини таъминлашда тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Илк маротаба маъмурий судлар ташкил қилинганлиги фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари устидан судга шикоят қилишга оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Ўтган даврда маъмурий судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланганлиги ҳам маъмурий судларнинг қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим институт сифатида шаклланганлигини кўрсатмоқда.
Бу борада маъмурий судлар зиммасига шикоятларни кўриб чиқишда «фаол иштирок этиш» тамойили асосида низони тўғри ҳал қилиш учун далилларни мустақил йиғиш мажбурияти юклангани, суд қарори ижросини таъминламаган мансабдор шахсларга жарима қўллаш ваколати берилгани ҳам ушбу институт такомиллашиб бораётганлигидан далолат беради.
Семинарда Сурхондарё вилоят маъмурий суди биносидан суд раислари, судьялар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Ушбу семинарда Президент қарори ижроси юзасидан маърузалар қилинди ҳамда семинар бахс ва мунозараларга бой бўлиб, семинар сўнгида қонунчилик ва амалиётни ривожлантиришга қаратилган хулосалар олинди.
Сурхондарё вилоят маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар бўйича одил судлов амалга ошириш борасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя этилиб келинмоқда.
Жумладан, маъмурий судлар томонидан 2025 йилнинг 6 ойи давомида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар билан боғлиқ жами 459 та маъмурий ишлар мазмунан кўриб чиқилган.
Кўриб чиқилган 459 та маъмурий ишларнинг 153 таси қаноатлантирилган, 256 таси рад қилинган, 12 таси кўрмасдан қолдирилган ва 38 таси иш юритувдан тугатилган. Ушбу ишларнинг 39 таси сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган.
Сурхондарё вилоят маъмурий судлари томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида кўрилган ишларга оид мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилган қонунбузилишлар юзасидан 109 та хусусий ажримлар чиқарилиб, жойларга муҳокама қилиш учун юборилган.
Бу даврда Маъмурий орган, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорини, мансабдор шахснинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ жами 368 та ишлар кўрилган, шундан 126 таси қаноатлантирилган, 206 таси рад этилган, 6 таси кўрмасдан қолдирилган, 30 таси иш юритувдан тугатилган. Ушбу кўрилган ишлар юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан 67 та хусусий ажримлар чиқарилган.
Жумладан, Маҳаллий ҳокимликлар яъни, ҳоким қарорлари ва ҳаракат (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ жами 49 та низоли ишлар кўрилган бўлиб, шундан 12 таси қаноатлантирилган, 31 таси рад этилган, 2 таси кўрмасдан қолдирилган, 4 таси иш юритишдан тугатилган, мансабдор шахсларга нисбатан 8 та хусусий ажримлар чиқарилган.
Мажбурий ижро бюросининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ва мансабдор шахсларнинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ 81 та иш кўрилган, шундан 11 таси қаноатлантирилган, 61 таси рад этилган, 1 таси кўрмасдан қолдирилган, 8 таси иш юритувдан тугатилган, ушбу кўрилган ишлар юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан 12 та хусусий ажримлар чиқарилган:
Давлат кадастрлар палатаси мансабдор шахсларининг қарорини ҳақиқий эмас, ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш юзасидан 88 та иш кўриб чиқилган, шундан 32 таси қаноатлантирилган, 41 таси рад этилган, 6 таси кўрмасдан қолдирилган, 9 таси иш юритишдан тугатилган, ушбу тоифадаги ишлар юзасидан 10 та хусусий ажримлар чиқарилган.
Солиқ органи мансабдор шахсларининг қарорини ҳақиқий эмас, ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш юзасидан 35 та иш кўриб чиқилган, шикоятларнинг 16 таси қаноатлантирилган, 14 таси рад этилган, 1 таси кўрмасдан қолдирилган, 4 таси иш юритишдан тугатилган, ушбу тоифадаги ишлар юзасидан 4 та хусусий ажримлар чиқарилган.
Суд қарорларининг юқори интанцияда кўрилиши юзасидан қуйида маълумот бериб ўтилади.
Сурхондарё вилоят маъмурий судининг апелляция инстанциясида 2025 йилнинг 6 ойи давомида 63 та иш кўрилган бўлиб, бу ишлардан жами 10 таси (3 таси ажрим) бекор қилинган, 1 та шикоят бўйича апелляция инстанциясида иш юритиш тугатилган, бироқ кўрмасдан қолдирилган ишлар мавжуд эмас. 52 та ишлар бўйича суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, ушбу инстанциядаги ишлар юзасидан 12 та хусусий ажримлар чиқарилган.
Шунингдек, кассация инстанциясида жами 25 та иш мазмунан кўрилган бўлиб, 4 таси (1 таси ажрим) бекор қилинган, 21 та ишлар бўйича суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган бўлиб, ушбу инстанциядаги ишлар юзасидан 5 та хусусий ажримлар чиқарилган
Ушбу давр давомида вилоят маъмурий судининг тафтиш инстанциясида жами 37 та иш мазмунан кўрилган бўлиб, 1 та иш бекор қилинган, 36 та иш бўйича суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, тафтиш инстанцияда 5 та хусусий ажримлар чиқарилган.
2025 йилнинг 6 ойи давомида вилоят маъмурий судига жами 188 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 74 таси шахсий ва сайёр қабул вақтида, 88 таси Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал ва халқ қабулхона орқали шунингдек, 26 та почта ва бошқа алоқа тармоқлари орқали келган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси орқали ҳамда почта ва бошқа алоқа тармоқлари орқали келиб тушган шундай мазмундаги 41 та мурожаат келиб тушган бўлса, шахсий қабулларда 26 тани ташкил этган.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш мақсадида вилоят ва туманлараро судлари судьялари ҳамда ходимлари томонидан 236 маротаба очиқ мулоқот, давра суҳбатлари ўтказилган бўлса, 205 маротаба турли ҳуқуқий мавзуларда оммавий ахборот воситаларида чиқишлар амалга оширилиб, Республикамизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда бошқа ҳуқуқий мавзулар кенг ёритилиб келинмоқда.
Жумладан, 236 та маъруза, давра суҳбатлари, семинар ва конференциялар шаклида ҳуқуқий тарғибот ишлари ўтказилган шундан 140 маротаба аҳоли ўртасида, 47 маротаба корхона ва ташкилотларда, 49 маротаба ўқув муассасаларида ўтказилган.Оммавий ахборот воситаларида жами 205 маротаба чиқишлар қилинган, шундан 59 маротаба радиода, 24 маротаба телевидениеда, 42 маротаба газета ва журналларда, 80 маротаба веб-сайтларда чиқишлар қилинган.
Барчамизга маълумки, буюртмачи ва бажарувчи бирор бир фаолият тури (иш)ни амалга ошириш жараёнидан олдин энг аввало ўз муносабатларини қонунийлаштириб олиши учун улар ўртасида шартнома расмийлаштирилади.
Даъвогар – “МАКС” маъсулияти чекланган жамияти ва жавобгар – “ИКС” МЧЖ ўртасида 2018 йил 28 январь куни №7-сонли техника хизмат кўрсатиш шартномаси расмийлаштирилган.
Шартнома шартларига риоя қилинмаслиги натижасида даъвогар судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгардан 337.816.792 сўм асосий қарз ва 168.908.396 сўм пеня ундириб беришни сўраган.
Мажбуриятлар тарафлар томонидан лозим даражада бажарилмаслиги жавобгарликнинг келиб чиқишига сабаб бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 8, 234-моддаларига кўра, мажбурият – фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса – қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мазкур ҳолатда тарафларнинг мажбуриятлари шартномадан келиб чиққан Фуқаролик кодексининг 703-моддасига кўра, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги Қарорида ҳам бу каби ҳолатларга тушунтириш берилган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекснинг 3-моддасида ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга (судга) ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли эканлиги қайд этилган.
Бу каби ҳолатда даъвогар ўзининг бузилган ҳуқуқини ҳимоя қилинишини сўраб судга мурожаат қилганлиги ва унинг ҳуқуқи ҳамда қонуний манфаатлари лозим даражада ҳимоя қилинганлигига эътиборингизни қаратмоқчи эмасмиз.
Мазкур ҳолатда, жавобгарнинг шартнома шартларига риоя қилмаслиги натижасида жамиятга етказилган зарарни инобатга олиш лозим. Унинг маъсулиятсизлиги оқибатида эса корхонанинг моддий аҳволи сезиларли равишда зиён кўргани ҳам айни ҳақиқат.
Бирор бир ишни бошлашимиздан олдин ўзимизнинг имкониятимизни чамалаб, ишонч билдирган шахснинг ҳожатини чиқариш баробарида ўзимизнинг корхона ҳам моддий манфаатдор бўлишини инобатга олсаккина бошлаган ишларимиз хайрли ҳам баракали бўлади.
Суд Фуқаролик кодексининг 326-моддасига мувофиқ суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий аҳволини, шунингдек кредиторнинг манфаатларини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли.
Шу билан бир қаторда мажбуриятларни бажара олмаганлигининг объектив сабаблари ҳам суд томонидан инобатга олиши мумкин.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 354-моддасида фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркин эканлиги, шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.
Ҳурматли тадбиркорлар шартнома тузиш эркин экан қонун ҳужжатларида юқорида қайд этилган мажбуриятларни бажарилиши, уларни ҳар бир тарафнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказмасдан амалга оширилиши лозим экан берилаётган имтиёзлардан инсофли равишда фойдаланиб ривожланишда ва тараққий этишда давом этиш керак. Акс ҳолда зиммангизга олган мажбуриятни бажармаслигингиз натижасида айбдор бўлиб қолишингиз ҳамда корхонанин касодга учратишингиз ҳам ҳеч гап эмас.
АБДУЛЛА САФАРОВ,
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси
Иқтисодий суд ишларини юритишдан кўзланган асосий мақсад иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат.
Иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, улар учун қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш ва улар иштирокидаги низоларни қонун ҳужжатларига асосан синчковлик билан адолатли кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада иқтисодий судлар томонидан ҳам бевосита низоларни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектлари ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали тўлиқ ҳимоя қилишларини таъминлаш мақсадида даъво аризаларидаги ҳар бир ҳолат синчковлик билан ўрганилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари тикланмоқда.
Фикримизга амалий мисол келтирадиган бўлсак, даъвогар Сурхондарё вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Сурхондарё вилояти бўйича ҳудудий шўъбаси билан келишилган ҳолдаги “Текшириш ўтказиш тўғрисида”ги буйруққа асосан жавобгар Термиз шаҳридаги “A.S.B” масъулияти чекланган жамияти томонидан Термиз шаҳар, “Боғишамол” МФЙ, И.Каримов кўчаси ёқасида қурилиш ишлари олиб борилаётган кўп қаватли турар-жой биносининг қурилишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган “Қурилиш соҳасига оид ягона маъмурий-қурилиш Регламенти” талабларига риоя этилиши юзасидан текшириш ўтказилган.
Текшириш натижасида жавобгар томонидан амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда қурилиши тугалланмаган объектда қуриш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмасдан, экспертизадан ўтказилмасдан ҳамда белгиланган тартибда “Ягона интерактив давлат хизматлари портали” орқали электрон шаклда рўйхатдан ўтмасдан қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилаётганлиги аниқланган ва бу ҳақида далолатнома тузилган.
Жавобгар “A.S.B” масъулияти чекланган жамиятига қурилиш-меъёрий ҳужжатларни қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштириш ҳақида юборилган 2024 йил 19 ноябрдаги ҳамда 2024 йил 11 декабрдаги ёзма кўрсатмалар талаблари бажарилмаганлиги муносабати билан Сурхондарё вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “A.S.B” масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб борилаётган кўп қаватли тураржой биносини қурилиш монтаж ишларини тўхтатиш ва қурган шахс томонидан демонтаж ишларини амалга ошириш мажбуриятини юклашни сўраган.
Термиз туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, суд харажатлари жавобгар зиммасига юклатилган.
Ишни Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида қайта кўриш жараёнида биринчи инстанция суди томонидан даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисида барвақт хулосага келинганлиги аниқланиб, суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво аризасининг қаноатлантирилишини рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилинди ҳамда тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Хусусан, Сурхондарё вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан жавобгар “A.S.B” масъулияти чекланган жамияти ушбу объектда пудрат шартномаси асосида фаолият олиб бораётганлиги, аслида объект бошқа бир юридик шахс “Т.М.Р” масъулияти чекланган жамияти номига “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш” акциядорлик жамиятининг 2023 йил 7 августдаги электрон онлайн-аукцион натижалари бўйича кўп қаватли турар жой биноси қурилиши юзасидан YU 145-963219-cонли баённома расмийлаштирилганлиги ҳамда Архитектура ва шаҳарсозлик кенгашининг 2023 йил 13 декабрдаги хулосаси мавжудлиги ҳолатлари тўлиқ ва атрофлича ўрганилмасдан, судга даъво аризаси тақдим қилинган. Биринчи инстанция суди томонидан эса ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилмасдан, даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари иштирокида кўрилаётган ҳар бир даъво аризаси қонун ҳужжатлари асосида синчковлик билан кўриб чиқилиши, ишни кўриш жараёнида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қўллаб-қувватланиши ҳамда уларнинг иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш учун қонун доирасида барча зарурий чоралар кўрилиши билан бирга, уларда амалдаги қонунларга нисбатан ҳурматда бўлиш ҳамда шартнома интизомига риоя қилиш муносабатини шакллантириш лозим бўлади.
АСҚАР МАМАРАИМОВ,
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси
Гиёҳвандлик – умр заволи. Инсоният тарақиётнинг янги-янги чўққиларини забт этмоқда. Аммо жахонда халқлар, миллатлар келажагига таҳдид туғдирувчи бир қанча омиллар хамон сақланиб қолмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир.
Асримизнинг глобал муаммосига айланган ушбу иллатга қарши курашишда ҳар бир фуқаронинг сергаклиги алоҳида ахамият касб этади.
Орамизда шундай инсонлар борки, бу иллат савдоси билан шуғулланганлиги учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб келиб, ўзига тегишли хулоса чиқармади.
Денов туманида яшовчи Шерзод Ахмедов (исм-фамилия ўзгартирилган) муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жинояь кодексининг 270-моддаси 1-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун суд томонидан 10 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланади. У ушбу жазони ўтаб чиққанини эсидан чиқарди шекилли, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, яна гиёҳвандлик воситаларини сотиш йўлини танлади. 2025 йил 1 март куни тезкор ходимлар томонидан Денов туманидаги “Ораста” тўйхонаси олдида ўтказилган тезкор тадбирда, тадбирга мижоз сифатида киритилган “Х” исмли шахсга 19,19 грамм кўп миқдордаги гашиш гиёҳвандлик воситасини 1.600.000 сўмга сотган вақти жиноят устида ушланади.
Унинг бу қилмиши жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, суднинг ҳукми билан Шерзод Ахмедовга 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шу билан бирга бу гал у Жиноят кодексининг 34-моддаси “а” бандига мувофиқ ўта хавфли рецидивист деб топилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 6-бобида эр ва хотин мол-мулкининг шартномавий тартиб қоидалари белгилаб ўтилган.
Унга кўра, никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.
Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин.
Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.
Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.
Эр ва хотин никоҳ шартномасига кўра биргаликдаги умумий мулкнинг қонунда белгиланган (ушбу Кодекснинг 23-моддаси) тартибини ўзгартиришга, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидир.
Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мол-мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузилиши мумкин.
Эр ва хотин никоҳ шартномасида ўзаро моддий таъминот бериш, оила харажатларини кўтариш, бир-бирининг даромадида иштирок этиш, бошқа шахслар билан мулкий шартномалар тузиш, биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олишга, никоҳдан ажралганда эр ва хотиндан ҳар бирига бериладиган мулкни аниқлаб олишга, шунингдек никоҳ шартномасига эр ва хотиннинг мулкий муносабатларига оид бошқа қоидалар киритишга ҳақли.
Никоҳ шартномасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар муайян муддат билан чекланиши ёки муайян шарт-шароитнинг юзага келиши ёхуд келмаслигига боғлиқ қилиб қўйилиши мумкин.
Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини, уларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини чеклашни, эр-хотин ўртасидаги шахсий номулкий муносабатларни, эр-хотиннинг болаларга нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солишни, меҳнатга лаёқатсиз таъминот олишга муҳтож эр ёки хотиннинг ҳуқуқини чекловчи қоидаларни, эр ва хотиндан бирини ўта ноқулай ҳолатга солиб қўювчи ёхуд оила тўғрисидаги қонунчиликнинг нормаларига зид келувчи бошқа шартларни назарда тута олмайди.
Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Никоҳ шартномаси қандай шаклда тузилган бўлса, унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ҳам шундай шаклда амалга оширилади.
Никоҳ шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. Никоҳ шартномаси эр-хотиндан бирининг талаби билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган асослар ва тартибда суднинг ҳал қилув қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Никоҳ тугатилган пайтдан бошлаб никоҳ шартномасининг амал қилиши ҳам тугайди, никоҳ шартномасида никоҳ тугатилганидан кейинги давр учун назарда тутилган мажбуриятлар бундан мустасно.
Никоҳ шартномаси суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида назарда тутилган асослар бўйича тўла ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Никоҳ шартномасининг шартлари ушбу Кодекс 31-моддаси бешинчи қисмининг талабларига зид келса, суд эр-хотиндан бирининг талабига биноан никоҳ шартномасини тўла ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.
Эр (хотин)нинг мажбуриятлари бўйича ҳақ ундириш фақат унинг мол-мулкига қаратилиши мумкин. Ушбу мол-мулк етарли бўлмаган тақдирда ҳақ ундиришни эр-хотиннинг мол-мулкига қаратиш учун кредитор қарздор эр (хотин) улушини эр-хотиннинг умумий мол-мулкидан ажратиб ундириб берилишини талаб қилишга ҳақлидир.
Агар суд эр (хотин)нинг мажбуриятлари бўйича орттирилган барча ашёлар оила эҳтиёжлари учун ишлатилганлигини аниқласа, эр-хотиннинг умумий мажбуриятлари бўйича, шунингдек эр (хотин)нинг мажбуриятлари бўйича ҳақ ундириш эр-хотиннинг умумий мол-мулкига қаратилади. Бу мол-мулк етарли бўлмаган тақдирда эр-хотин кўрсатиб ўтилган мажбуриятлар юзасидан уларнинг ҳар бирига қарашли мол-мулк билан шерик жавобгар бўладилар.
Агар эр-хотиннинг умумий мол-мулки уларнинг бири томонидан жиноий йўл билан топилган маблағ ҳисобига орттирилгани ёки кўпайгани суд ҳукми билан аниқланган бўлса, ҳақни ундириш тегишли равишда эр-хотиннинг умумий мол-мулкига ёки унинг бир қисмига қаратилиши мумкин.
Эр-хотиннинг вояга етмаган болалари етказган зарар учун жавобгарлиги фуқаролик қонунчилиги билан белгиланади.
Эр (хотин) никоҳ шартномаси тузаётгани, уни ўзгартираётгани ёки бекор қилаётгани тўғрисида ўз кредиторини (кредиторларини) хабардор қилиши шарт. Ушбу мажбуриятни бажармаган тақдирда эр ёки хотин, никоҳ шартномаси мазмунидан қатъи назар, ўз мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлади.
Қарздор эр (хотин)нинг кредитори (кредиторлари) шароит жиддий ўзгаргани туфайли никоҳ шартномасининг шартларини қонунда белгиланган тартибда ўзгартириш ёки бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, эр-хотин қонунда йўл қўйиладиган барча мулкий-шартномавий муносабатларга ўзаро киришишга ҳақлидир. Зеро, эр-хотин ўртасида тузилган, улардан бирининг ҳуқуқларини чеклашга қаратилган келишувлар ҳақиқий ҳисобланмайди.
БЕХРУЗ АВАЗОВ,
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Сурхондарё вилоят суди