Мажбуриятнинг лозим даражада бажарилиши – қўшимча жавобгарликдан озод этади

Республикамизда ҳар бир соҳада кенг миқиёсда ислоҳотлар олиб борилаётганлигини таърифлаб, уларга алоҳида тўхталишнинг ҳожати йўқ. Зеро, қилинаётган ҳар бир ҳаракат ва ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро нуфузини умум эътироф этилишига замин яратиши билан бир қаторда, юртимиздаги юридик ва жисмоний шахсларнинг шу билан биргаликда инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ўз мақсад ва вазифаларини тўла-тукис руёбга чиқариши учун қўйилаётган пойдевордир.

Ҳар бир тадбиркор ёки бошқа бир хўжалик юритувчи субъект энг аввало ўз фаолиятини фойда олишни мақсад қилиб олиб боради.

Лекин, шу билан бир қаторда айрим тадбиркорлар борки ўз фаолиятида зиммаларига олган мажбуриятларини бажармаслиги натижасида бошқа бир тадбиркорга моддий ёки маънавий зарар етказиши айни ҳақиқатдир.

Жамиятимизда, умум эътироф этилган қоидаги кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса – иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши кераклиги, шу билан бир қаторда, мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмаслиги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 236-237-моддаларида қайд этиб ўтилган.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади, хўш шартнома бўйича олинган мажбуриятнинг лозим даражада бажарилмаслигининг ҳуқуқий оқибати нима билан якун топади???

Айтайлик, “А” МЧЖ “Б” МЧЖ билан маҳсулот етказиб бериш ёки бошқа бир шартнома имзолади. Шартноманинг умумий қиймати шартли равишда 100 миллион сўм.

Тарафлар ўртасида шартномавий ҳуқуқий муносабат вужудга келдими, албатта ушбу шартноманинг бажарилиши билан ҳуқуқий муносабат ўз якунига етади ёки тарафларнинг ҳоҳишига кўра давом эттирилади.

Мажбуриятларнинг бажарилиши қонунчилик нормасида неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкинлиги қайд этилган.

Мазкур ҳолатда, юқорида қайд этилган тадбикорлик субъекти ўз мажбуриятини лозим даражада бажармаслиги натижасида, бошқа бир тадбиркорлик субъектига асосий мажбуриятидан ташқари пеня ёки жарима тарзидаги қўшимча тўловларни тўлаши ҳам мумкин бўлиб қолади.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 261-моддасида, қарздор мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган ва, қоида тариқасида, қатъий пул суммасида ҳисобланадиган неустойка жарима ҳисобланиши, қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланиши белгилаб ўтилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддаси иккинчи қисмида, етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун сотиб олувчи (буюртмачи) етказиб берувчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида пеня тўлаши қайд этилган.

Шу ўринда мазкур ҳуқуқ нормаларини қайд этишдан асосий мақсадимиз ҳар бир хўжалик юритувчи субъект ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариши унинг пеня ёки жарима шаклидаги қўшимча тўловлардан озод қилинишига олиб келади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, тадбиркорлик соҳасида ҳалол ва виждонан фаолият олиб бориш унинг ривожланишига ҳамда тараққий этишига замин яратиши ҳам айни ҳақиқатдир.

АБДУЛЛА САФАРОВ,

Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Эндиликда қамоққа олинган шахслар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин тиббий кўрикдан ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 17 март кунидаги бешинчи ялпи мажлисида “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қамоққа олинганларга нисбатан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мазкур қонун муҳокамасида сенаторлар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Қонун мазкум ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин ўша ернинг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши назарда тутилган.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатлари янада мустаҳкамланишига, давлатимизнинг инсон ҳуқуқлари таъминланиши бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги нуфузи ошишига хизмат қилади.

Таъкидлаш керакки, маъқуллаган ушбу қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ БАРВАҚТ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШ

Музработ туман ҳокимлиги фаоллар залида жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди  раиси, туман прокуратураси ва туман Ички ишлар бўлими масъуллари иштирокида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида Пробация назоратида турган шахслар билан маърифий-ҳуқуқий тадбир ўтказилди.

Маърифий-ҳуқуқий тадбирда Пробация хизмати назорат остида турган шахслар билан жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш юзасидан вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва диний экстремизмга қарши курашиш, фирибгарлик ҳамда ўғирлик, ёшлар ўртасида ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Пробация тўғрисидаги Қонунининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириладиган барча ишлар замирида қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш каби эзгу ғоялар ётади. Айнан инсон ва адолатли суд ўртасидаги ўзаро муносабатларда қонунийликни ва адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар замирида халқимизнинг осойишта ҳамда рози бўлиб яшаш ҳуқуқи турибди.

Хусусан, ушбу куни ҳам жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, туман Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳида жазо ўтаб турган 9 нафар маҳкумларни ахлоқ тузатиш ишлари жазосини, 3 нафар маҳкумларни озодликни чеклаш жазосидан ва 1 нафар маҳкумни эса муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш юзасидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилиб, инсонпарварлик тамойилларига таяниб, Пробация гуруҳи ҳисобида туриб, ҳақиқатда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва жазо ўташнинг тартиб қоидаларига риоя қилиб, тузалиш йўлига ўтган, судлар томонидан ўрнатилган тақиқ ва чекловларга тўлиқ риоя қилган, ўзининг ҳулқини ижобий томонга ўзгартирган 13 нафар назоратдаги шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Шунингдек, Пробация гуруҳи ҳисобида турган 1 нафар маҳкумга нисбатан суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси

Сайёр суд мажлиси якунида раислик қилувчи томонидан иштирокчиларга ҳуқуқ ва мажбуриятларини, жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозимлигини, жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузганлик учун уларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган интизомий чораларни, шунингдек жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинланиш оқибатларини тушунтирди.

ЯЪХЁ БЕККАМОВ,

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси

Амалдаги қонунчиликка йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ қатор ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди

Жорий йил 20 февраль куни йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи ЎРҚ-1033-сон Қонун қабул қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди тергов судьяси А.Алиқулов томонидан мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида Узун туман Ички ишлар бўйими йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи биносида очиқ мулоқот тарзида давра суҳбати ташкил этилди.

Қонунда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасликнинг салбий оқибатларининг олдини олишга хизмат қилувчи янги нормалар ўрин олган.

Хусусан, Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Бундан ташқари, Жиноят кодексида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик ва сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган “агрессив бошқариш”, “дрифт”, “шахмат” шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда мазкур Қонуннинг қабул қилиниши, йўл ҳаракати иштирокчиларини йўлларда ҳаракатланиш маданиятини оширишга, йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаракат давомида белгиланган қоидаларга амал қилишини таъминлашга, пировардида йўл-транспорт ҳодисалари сони камайишига хизмат қилади.

А.АЛИҚУЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг тергов судьяси

КЕЧИРИМЛИЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИК НАМОЙИШИ

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг навбатдаги сайёр суд мажлисида 41-сон манзил-колонияси маъмурияти киритган тақдимномалар кўриб чиқилди.

Сайёр судда жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига қатъий риоя этган, хулқини ижобий томонга ўзгартириб, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб олган ва тегишли хулоса чиқарган 1 нафар маҳкум ўталмай қолган жазо муддатидан инсонпарварлик тамойили асосида Жиноят кодексининг 73-моддасига  асосан муддатидан илгари шартли озод этилган бўлса, яна 6 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилди. 

Кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар қонун устуворлигини таъминлаб, одил судловга эришишга йўналмоқда. Инсон ва одил суднинг ўзаро муносабатларидаги қонунийлик ҳамда адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар негизида халқимизнинг осойишта ҳамда ҳаётидан рози бўлиб яшаш ҳуқуқи туради.

Суд тизими йилдан-йилга такомиллашиб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинаётгани, одил судлов самарали таъминланаётгани сайёр суд мажлисларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. 

Мазкур манзил-колонияда ўтказилган сайёр суд мажлисида ҳам халқимизнинг кечиримлилик, бағрикенглик каби юксак фазилатлари кенг намоён бўлди.

Сайёр суд мажлисида манзил-колониясидан озод этилган маҳкумларнинг 6 нафари эндиликда ўз оиласи бағрида яшаб, ўталмай қолган жазо муддатини тегишли тартибда пробация хизматида ўтайди.

ТЎЛҚИН ТЎРАҚУЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси

КОРРУПЦИЯ – РИВОЖЛАНИШИМИЗГА ТЎСИҚ

Термиз давлат университетида вилоят суди судьялари, прокуратура, адлия органлари ва ички ишлар бошқармаси масъуллари иштирокида Президентимиз раислигида жорий йилнинг 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси таъминлаш мақсадида очиқ мулоқот ўтказилди.

Очиқ мулоқотда университетнинг “Спорт фаолияти ва бошқаруви” факультети ўқитувчи ва талабалари иштирок этиб, кун тартибидаги мавзу юзасидан масъулларнинг фикр ва тушунтиришлари тингланди.

Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган мазкур йиғилишда коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли органлар, қолаверса, бошқа вазирлик ва идоралар йўл қўйган камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари асосан коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан ишлаб, коррупцион омилларни таг-томири билан йўқотадиган превентив, яъни, коррупцион ҳуқуқбузарликларнинг олдини-олишга қаратилган чораларни эътиборсиз қолдираётгани алоҳида таъкидланди.

Коррупция – бу ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов экани, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга бўлган ишончига путур етказиши, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланиши, коррупцияга қарши курашишда фақат давлатнинг саъй-ҳаракати билан кутилган натижага эришиб бўлмаслиги, бу бутун жамиятимизнинг иши экани ҳам қайд этилди.

Жаҳонда бу иллат ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида давлатларнинг ривожига тўсқинлик қиладиган, одил судлов самарадорлигига салбий таъсир кўрсатадиган ва охир-оқибат фуқароларнинг суд тизими ва давлат идораларига бўлган ишончига путур етказадиган омиллардан бирига айланаётгани сир эмас. Янги Ўзбекистонда эса судьяларнинг мустақиллиги, фақат Конституция ва қонунга бўйсуниши, уларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Коррупция – тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноятдир. Бу иллатга қарши курашиш барчамизнинг вазифамиз бўлиши зарур.

Ушбу бўлиб ўтган очиқ мулоқотда коррупциянинг олдини олиш юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар эшитилди ҳамда унга қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиши лозимлиги таъкидланди.

ИЛХОМ АБРАЕВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

СУВДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ ДАРКОР

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, сўнги йилларда сув муносабатларининг ижтимоий-иқтисодий асослари ўзгариб бораётгани сувга оид қонунчиликни қайта кўриб чиқиш заруратини вужудга келтирмоқда.

Мазкур Қонун билан тасдиқланаётган Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексида эса сув муносабатлари соҳасидаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилган.

Дарвоқе, сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, вазифа ҳамда функцияларига аниқлик киритиш назарда тутилган бўлиб, бу борада сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш шартлари, сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари, сувга доир муносабатларда халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда.

Бундан ташқари, ушбу Қонун мамлакатнинг сув хавфсизлигига эришишига хизмат қилади. Унда сув тақчиллиги кучайиб бораётган даврда барча иқтисодиёт тармоқлари ҳамда атроф муҳитнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув инфратузилмаси ва суғориладиган ерлар ҳолатини яхшилаш каби масалалар қамраб олинган.

Шу айтиш керакки, соҳа бўйича давлат органларининг бир-бирини такрорловчи ваколатлари билан боғлиқ масалалар ҳал қилиниб, сув етказиб берувчилар ва истеъмолчиларининг бу борадаги масъулияти ортади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мухтасар айтганда Сув кодексининг қабул қилиниши сувдан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайди.

АБЛҚОСИМ РУЗИҚУЛОВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси

ЎҒРИ БОЛАЛАР

Содир этилган ҳар қандай жиноят жамият учун хатарли иллат ҳисобланади. Ана шу иллатнинг вояга етмаганлар томонидан содир этилиши шу юртнинг эртанги фаровон ҳаётини ўйлаган, нурли келажаги учун қайғурган, тинчлиги ва осойишталигига ўзини дахлдор, деб билган кишини ташвишлантирмаслиги асло мумкин эмас.

Биламизки, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолаётган вояга етмаган шахслар йўқ эмас.

Вояга етмаган Гулмурод Эркинов ҳамда Жонибек Жўраевлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жиноятга қўл уришди, жумаладан, Гулмурод ва Жонибек бир гуруҳга бирлашиб, 2024 йил 05 сентябрь куни тахминан соат 19:45 ларда Ангор тумани ҳудудида фуқаро Карим Рашидовнинг “Некция” русумли транспорт воситасини кўриб қолиб, мазкур автомашинанинг буюмлар солиш учун мўлжалланган қисмидан 600 АҚШ доллари ва 11.000.000 сўм пул маблағларини ўғирлаб кетади. Ўғирлик ортидан тушган пулларни эса ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Жабрланувчи Карим Рашидовнинг мурожаатидан сўнг ўғрини аниқлаш, жиноятни фош этиш юзасидан тезкор чора-тадбирлар кўрилди. Жиноятни очиш эса кўп вақт олмади. Кўп ўтмай ўғрилар ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Тергов ҳаракатлари олиб борилди. Етказилган зарар тўланди, судланувчилар жабрланувчидан кечирим сўради.

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди ўтказилган суд мажлиси жараёнида айбдолр судланувчилар қилмишига яраша жазосини олди.

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир инсоннинг бу оламда яшашдан мақсади, орзу-ниятлари бор. Ўз умрини ўзининг яхши хислатлари билан энг аввало ўзига, яқинларига ҳамда атрофдагиларга сарфлашга ярамайдиган, қилмишидан тўғри хулоса чиқармаган, шахснинг ҳолига вой.

ХАДИЧА РАХИМОВА,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди тергов судьяси

СУДЛАР КОРРУПЦИЯДАН ХОЛИ ТИЗИМГА АЙЛАНАДИ

Муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида коррупцияга қарши курашиш доимий жараён эканини таъкидлаб, бу борадаги долзарб масалаларни ва келгуси вазифаларни аниқ ҳамда равшан кўрсатиб ўтдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов раҳбарлигида ҳам мазкур муҳим ва долзарб масалага бағишланган йиғилиш ўтказилди. Мазкур йиғилишда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгилаб берган вазифалар атрофлича ўрганиб чиқилди.

Шу тариқа Сурхондарё вилоят судида юқорида таъкидланган ҳар иккала муҳим тадбирда таъкидланган масалалар юзасидан судья ҳамда суд аппарати ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда узоқ ҳудудларда жойлашган туманлараро, туман ва шаҳар судлари судьялари ҳамда ходимлари видеоконференцалоқа воситасида иштирок этди.

Вилоят суди раиси йиғилишнинг мазмун-моҳияти, мақсади ва аҳамияти ҳақида батафсил тушунтириш берди. Муҳтарам Президентимиз шу йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар, хусусан суд тизимига боғлиқ масалаларга атрофлича тўхталди. Шунингдек, Олий суд раиси раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда таъкидланган йўналишлар борасида бирма-бир тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, Олий суд раисининг Мурожаатномаси ҳар бир судья ва суд ходимининг иш столида бўлиши лозимлиги, уни қайта-қайта ўқиб мағзини уқиш кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, вилоят суди раиси ўринбосарлари ва судьялари кун тартибидаги масалалар юзасидан сўзга чиқиб, фикр-мулоҳазалар, мунозара ва таклифлар берилди.

Йиғилиш якунида коррупцияга қарши муросасиз курашиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

АБЛҚОСИМ РУЗИҚУЛОВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси

МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИНИНГ ТУШУНЧАСИ ВА ТАРАФЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг VI-бобида меҳнат шартномасига таъриф берилган бўлиб, ушбу кодекснинг 72-моддасига кўра, меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир.

Ходим ва иш берувчи меҳнат шартномасининг тарафлари бўлиб ҳисобланадилар.

Меҳнат шартномасини тузиш ҳақидаги келишувдан олдин қўшимча ҳолатлар (танловдан ўтиш, лавозимга сайланиш ва бошқалар) бўлиши мумкин. Ходим ўриндошлик асосида ишлаш тўғрисида қонунчиликда белгиланган тартиблар асосида меҳнат шартномалари тузиши мумкин.

Шунингдек, меҳнат шартномасининг мазмуни тарафлар келишуви бўйича, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланади.

Меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви билан қуйидагилар белгиланади:

-иш жойи (корхона ёки унинг бўлинмаси);

-ходимнинг меҳнат вазифаси – мутахассислиги, малакаси, у ишлайдиган лавозим;

-ишнинг бошланиш куни;

-меҳнат шартномаси муайян муддатга тузилганда унинг амал қилиш муддати;

-меҳнат ҳақи миқдори ва меҳнатнинг бошқа шартлари.

Меҳнат шартномасини тузиш пайтида ходимларнинг қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари даражаси пасайтирилиши мумкин эмас.

Меҳнат шартномаси фақатгина ёзма шаклда тузилади ва меҳнат шартномасининг шакли Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган намунавий шартномани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Меҳнат шартномаси бир хил кучга эга бўлган камида икки нусхада тузилади ва ҳар бир тарафга сақлаш учун топширилади.

Меҳнат шартномасида албатта тарафларнинг манзиллари кўрсатилиши керак.

Меҳнат шартномаси ходим ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг имзолари билан мустаҳкамланиб, имзоланган муддати қайд этиб қўйилади. Мансабдор шахснинг имзоси имзонинг ҳақиқий ва ваколатли эканлигини таъкидлаш тариқасида корхона муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.

Меҳнат шартномалари номуайян муддатга, беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга ва муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин.

Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.

Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг розилигисиз муайян муддатга, шунингдек муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб қайта тузилиши мумкин эмас.

Муддатли меҳнат шартномалари:

-бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда;

-корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим билан;

-қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда тузилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишув ҳисобланади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Skip to content