Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг навбатдаги сайёр мажлиси манзил-колониясида бўлиб ўтди

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириладиган барча ишлар замирида қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш каби эзгу ғоялар ётади.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш борасида изчил ишлар олиб борилиб, бир қанча ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасида жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этиш ва шу кодекснинг 74-моддасида эса жазони енгилроғи билан алмаштириш назарда тутилган.

Бугун жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди томонидан 41-сон манзил-колониясида ўтказилган сайёр суд мажлисида жами 15 нафар озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумларга нисбатан колония маъмурияти томонидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.

Хусусан, суд инсонпарварлик тамойилига таяниб ҳамда жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига риоя қилган, ўзининг ҳулқини ижобий томонга ўзгартирган, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етиб, ўзларига тегишли хулоса чиқарган 1 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод этиш ҳамда 14 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят Кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши ва бу борада суд ҳокимияти фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ҳамда одил судловни сифатини оширадиган тизим яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

Айнан инсон ва адолатли суд ўртасидаги ўзаро муносабатларда қонунийликни ва адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар замирида халқимизнинг осойишта ҳамда рози бўлиб яшаш ҳуқуқи турибди.

ТЎЛҚИН ТЎРАҚУЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси

СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИДА СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТНИНГ ЎРНИ

Аввало сунъий интеллект нима? Сунъий интеллект бу компьютер тизимлари ёки дастурларнинг инсон ақлига хос вазифаларни, яъни ўйлаш, ўрганиш, қарор қабул қилиш ва муаммоларни ечиш каби қобилиятларни амалга оширишга мўлжалланган технологиялар мажмуасидир.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва адолатни таъминлаш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қабул қилинган давлат дастурлари ва қонунчилик ислоҳотлари жараёнида замонавий технологиялар, жумладан, сунъий интеллектдан фойдаланиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.

2024 йил 14 октябрда Президентнинг қарори билан сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Унда сунъий интеллектни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, хорижий тажрибалар ва мамлакатимизда бу технологияларни жорий қилиш бўйича вазифалар аниқ белгилаб берилган.

Сунъий интеллект суд-ҳуқуқ соҳасида қуйидаги имкониятларни яратади:

-суд ишларини тезкор ва шаффоф тарзда ҳал қилиш;

-коррупция хавфини камайтириш;

-қонунларни қўллашда инсон хатоларининг олдини олиш;

-ҳуқуқий жараёнларда фуқароларнинг иштироки осонлашиши.

Хорижий мамлакатларда сунъий интеллектдан ҳуқуқ соҳасида фойдаланишнинг бир қатор илғор мисоллари мавжуд. Масалан:

Хитой: Хитой «ақлли судлар» платформасини жорий этган бўлиб, суд ишларини автоматлаштириш орқали юкламани камайтириш ва жараёнларни тезлаштиришга эришмоқда. Бу технология орқали суд қароридаги камчиликлар ёки ишлов беришдаги хатолар автоматик тарзда аниқланади.

АҚШ: Суд ишларини таҳлил қилиш ва ҳужжатларни классификация қилиш учун сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, адвокатлар учун махсус дастурлар орқали ишга тааллуқли ҳуқуқий претседентларни топиш анча осонлашган. 

Эстония: «Электрон суд» тизими орқали майда суд ишларини автоматик равишда ҳал қилиш жараёни жорий қилинган. Бу вақт ва ресурсларни тежашга ёрдам бермоқда.

Сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари кенг бўлса-да, уни амалиётга жорий қилишда қуйидаги қийинчиликлар мавжуд:

-ҳуқуқий маълумотларнинг тўлиқ ва ишончли бўлиши керак;

-сунъий интеллект технологиялари учун етарли молиявий ва техник ресурслар зарур;

-судьялар ва ҳуқуқшуносларнинг сунъий интеллект билан ишлаш бўйича малакасини ошириш лозим.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, суд-ҳуқуқ соҳасида сунъий интеллектдан фойдаланиш адолатни таъминлаш ва ҳуқуқий тизимни янада самарали қилиш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу нафақат суд ишларини тезкор ва самарали қилишга, балки фуқароларнинг адолатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Сунъий интеллектдан тўғри фойдаланиш адолатли, шаффоф ва замонавий суд-ҳуқуқ тизимини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

Нигора Хасанова,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судья ёрдамчиси

КЕНГАШ РАИСИ ВИЛОЯТ СУДЛАРИ СУДЬЯЛАРИ БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ

Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Хомўмин Ёдгоров Сурхондарё вилоят судлари судьялари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Тадбир аввалида куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти фармойиши билан Сурхондарё вилоят суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланган Зоир Аманович Рустамов таништирилди.

Айтилдики, юксак лавозимга муносиб кўрилмоқ, аввало, катта ишонч, бундай ишонч жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашдек шарафли бурчни ҳалол меҳнат ва фидоийлик билан амалга ошириш орқали оқланиши лозим. Ушбу таъкид нафақат янги тайинланган судлов ҳайъати раиси, балки барча судьяларга бирдек тааллуқли. Зеро, судьялик мақоми ушбу лавозим эгасидан  нафақат иш фаолиятида, балки ишдан ташқари пайтда ҳам намунали хулқи ва  ҳалол-поклиги билан ибрат бўлмоғини талаб қилади.

Очиқ мулоқтда фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали самарали ҳимоя қилиш,  ягона суд амалиётини шакллантириш, Судьялар одоби кодекс қоидаларига қатъий риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан,  судьяларнинг юксак муомала маданияти фуқароларнинг судга бўлган ишончини янада оширишда алоҳида аҳамият касиб этиши таъкидланди.

Шунингдек, меҳнат ва ижро интизомига риоя этиш, суд ҳокимиятининг обрўйи ва нуфузини сақлаш  тизимнинг ҳар бир вакили бурчи экани, бунинг учун судья деган  мақомга доимо лойиқ бўлиш қайд этилди. Судьялар одоби кодекси ва судьлик қасамёдини бузгани учун тизимдан четлатилган айримларнинг қисмати бошқалар учун сабоқ бўлиши, мақомига номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этганлар билан асло муроса қилиб бўлмаслиги аниқ мисоллар билан тушунтирилди.

Мулоқот якунида сўз олганлар суд ҳокимиятининг обрўйи ва нуфузини сақлаш ҳар бир судья ва ходимнинг мажбурияти эканлигини қайд этган ҳолда, тизимнинг барча вакиллари судьянинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзини тийишлари шартлигини таъкидладилар.

АСҚАР ҚУДРАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди Жамоатчилик ва

оммавий ахборот воситалари билан

алоқалар бўйича бош консультанти

АВТОМАШИНА ОЛИБ ҚОЧГАН САРҲУШ ҲАЙДОВЧИ ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

Ташқи муҳитдан югурик сув мисоли оқиб кирадиган минг бир иллатлар тури борки, уларнинг лоақал биттаси ҳам инсон руҳиятида қолиб кетса, унинг ҳаёт тарзи давомида у чуқур илдиз отиб ўрнашиб олиб, жиноят содир этиш кўчасига киришга йўллайди.

Ёши олтмишдан ошган, оқ-қорани тўла ажрата оладиган бир даврда спиртли ичимлик истеъмол қилишдан ўзини тия олмаган Мухтор Абдиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2024 йил 14 август куни соат 13:00 ларда Ангор туманидаги ошхоналарнинг бирида спиртли ичимлик истемол қилиб, сўнгра туманнинг “Наврўз” маҳалласи ҳудудида фуқаро Олим Жовлиевга тегишли бўлган “Матиз” русумли автомашинани ойнаси очиқ қолдирилганлиги ва калити ўзида турганлигини кўриб, автомашинани олиб қочади. “Маст ҳайдовчи” транспорт воситасини бошқариб боравергач ушбу “Наврўз” маҳалласи ҳудудида бошқарувни йўқотиб, “Дамас” русумли транспорт воситасининг орқа томонидан урилиб, йўл транспорт ҳодисаси содир этиб тўхтаганида, шу вақтда ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ушланган.

Натижада ушбу ҳолат юзасидан Мухтор Абдиевга нисбатан жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят ишлари бўйича Ангор тумани судида бўлиб ўтган суд мажлисида унга нисбатан қонуний жазо тайинланди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки. ушбу тоифадаги кимсаларнинг қилмишини баён этишдан мақсад шуки, бу ҳаётда ҳеч қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Шундай экан, бебаҳо умрни эзгу ишларга бағишлаш, ҳаётда ўзидан яхши ном қолдиришга не етсин?!

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, шунингдек судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи Қонун қабул қилинди.

Мазкур “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни юртбошимиз томонидан 2024 йил 30 сентябрда имзоланган.

Хусусан, ушбу Қонун билан суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви принципини, давлат манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш судлар томонидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўришда прокурорнинг иштирокига, шунингдек ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишга тааллуқли процессуал нормалар янада аниқлаштирилишини тақозо этаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда иштирок этиш ҳуқуқини, шунингдек давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари,  Қонунда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига прокурорнинг суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида прокурор тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган, қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган ишлар бўйича кассация протести, тафтиш тартибида протест келтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли судлардан ишларни талаб қилиб олишга бўлган ҳуқуқи белгиланди. шунингдек мазкур тоифадаги ишларни кўриш якунлари бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш тартиби аниқлаштирилди.

Фуқаролик процессуал кодекси 50-моддасида, “Прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда иштирок этиши мумкин. Прокурор бошқа шахсларнинг аризаси билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.

Прокурор давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиши мумкин” деган мазмундаги биринчи ва иккинчи қисмлар билан алмаштирилган бўлса, ушбу кодекснинг 383 ва 387-моддалари қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган бўлиб, бироқ у суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган иш бўйича протестлар киритиш каби қоидалар киритилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу Қонун прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, шунингдек судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

АКМАЛ АКРАМОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси

ФУҚАРОЛИК ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИДА ИШТИРОКЧИЛАРНИНГ ТЕНГЛИГИ

Фуқаролик ҳуқуқи жамиятдаги муносабатларни тартибга солувчи муҳим ҳуқуқий соҳалардан бири ҳисобланади. Ушбу соҳанинг асосий принциплари орасида иштирокчиларнинг тенглиги тамойили марказий ўрин эгаллайди. Мазкур тамойил қонуний муносабатларда барча тарафларнинг бир хил ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларга бир хил мажбуриятлар юкланишини кафолатлайди.

Фуқаролик қонун ҳужжатларида иштирокчиларнинг тенглиги тамойили шундан иборатки, барча юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек давлат органлари фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда бир хил мақомга эга бўлади. Улар ўзаро муносабатларда тенг шарт-шароитларга риоя қилиши, шартномавий эркинлик ва мулкка бўлган ҳуқуқни ҳурмат қилиши шарт.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 1-моддасида, иштирокчиларнинг тенглиги тамойили мустаҳкамлаб қўйилган. Унда белгиланишича, фуқаролар, юридик шахслар, давлат ва давлат ташкилотлари бир-бирига нисбатан тенг ҳуқуқларга эга ва улар ўзларининг мажбуриятларини бажаришда тенг асосда ҳаракат қилишлари лозим.

Иштирокчиларнинг тенглиги тамойили турли соҳаларда фуқаролик ҳуқуқининг асосий функсияларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Мисол учун, тарафларнинг шартномалар тузишда эркинлигида, ҳар бир тараф ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини эркин равишда белгилаш ҳуқуқига эга. Бу тамойил туфайли томонлар ўзаро тенг шартларда шартнома тузиши мумкин бўлса, мулкий муносабатларнинг барқарорлигида мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни амалга оширишда тарафларнинг тенглиги мулкка бўлган ҳуқуқларни кафолатлайди. Яна бир энг муҳим тамойилларидан бири эса бу фуқаролик ҳуқуқий низоларни суд тафтибида ҳал қилишда фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, ташкилотларнинг эса ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, мулкчилик шаклидан, жойлашган ери, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилиши ҳисобланади. Бу тамойил судларнинг холислиги ва адолатли қарор чиқаришини таъминлайди.

Фуқаролик қонун ҳужжатларида иштирокчиларнинг тенглиги тамойили – бу қонун устуворлиги ва адолатни таъминлаш учун асосий мезондир. Ушбу тамойил қонуний муносабатларнинг шаффофлигини, барча субъектларнинг ўз ҳуқуқларидан тенг фойдаланишини ва уларга бир хил мажбурият юкланишини кафолатлайди. Шу боис, бу тамойил нафақат ҳуқуқий назарияда, балки амалиётда ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлиб қолаверади.

САИДИСЛОМ САТТОРОВ,

Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси

Skip to content