Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддаси 3-қисмига кўра, Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган.
Даъвогар Бердиева Назокат (исм-фамилиялар ўзгартирилган) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, суддан жавобгар Баҳромов Мансурдан 2024 йил 10 февраль куни туғилган фарзанди уч ёшга тулгунига қадар ҳар ойда таъминот ундиришни сўраган.
Аниқланишича, Баҳромов Мансур ва Бердиева Назокат қонуний никоҳдан ўтган ҳолда оила қуриб бирга яшаб келишган. Уларнинг турмушларидан бир нафар вояга етмаган фарзанди бўлиб, фарзанди уч ёшга тўлмаган.
Ҳозирги кунда Баҳромов Мансур ва Бердиева Назокат ўзаро келишмовчилик сабабли алоҳида яшаб келишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 117-моддасига кўра, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт, бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаеқатсиз эр ёки хотин, шунингдек, хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.
Бундай ҳолда Баҳромов Мансур фарзанди уч ёшга етгунга қадар Бердиева Назокатга моддий ёрдам бериб туриши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 119-моддасида, эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг (собиқ эр ёки хотиннинг) моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини эътиборга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади, бироқ бу сумма қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги лозимлиги белгиланган.
Суд томонидан даъвогарнинг даъвосини қаноатлантириб, Баҳромов Мансурдан Бердиева Назокатнинг фойдасига вояга етмаган фарзанди уч ёшга етгунга қадар ҳар ойда қатъий суммада алимент ундириб бориш белгиланди.
ЗАРИФ ХЎЖАМУРОТОВ,
Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси
Маълумки, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, суд-тергов амалиёти инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича самарали механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлиги, шунингдек, жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ҳамда шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш чораларини кучайтириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.
Дарҳақиқат, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида:
-жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш;
-жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш;
-жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилаш;
-тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш;
-тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш белгиланди.
Бундан ташқари, тергов судьясига қуйидаги жиноят материалларини, шу жумладан санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилди:
а) қуйидагилар бўйича санкциялар:
-қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;
-қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлик, илтимоснома;
-паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;
-мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;
-почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
-тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;
-телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;
-мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
б) қуйидагилар бўйича мажбурлов чоралари:
-айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;
-шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;
-айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;
-ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;
в) прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси.
Шунингдек, қуйидагилар тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
-қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш;
-фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш.
Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги;
-тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофик, амалга оширилиши;
-тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислари томонидан амалга оширилиши белгилаб берилди.
Таъкидлаш керакки, “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони келгусида суд тизими тузилмасини ислоҳ қилишга, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга, фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, шунингдек қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Т.БЕКПУЛАТОВ,
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси
Ўзбекистон Республикаси Конститиуциясининг 42-моддасида, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.
Фуқаро Эшмўмин Нарзуллаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) Республикамизда фаолият кўрсатувчи тижорат банларидан бирининг туман филиалида бошқарувчи ўринбосари лавозимида ишлаб келиб, муқаддам содир қилган жинояти учун жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукмига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланлиги ҳамда қўшимча жазо сифатида мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқи чекланганлиги сабабли банкнинг туман филиали раҳбарининг тегишли буйруғига асосан у билан тузилган меҳнат шартномаси суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 168-моддаси 3-бандига асосан 2023 йил 18 июль кунидан бошлаб бекор қилинган.
Ходимга нисбатан жиноят ишлари бўйича суд томонидан чиқарилган ҳукм юқори инстанция судида ўзгартирилгач, у ўзининг Конституцияда белгиланган ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланиш ҳамда бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун фуқаролик ишлари бўйича судга “Ишга тиклаш ҳақида”ги даъво ариза билан мурожаат қилади.
Биринчи инстанция суди ҳамда апелляция инстанцияси томонидан ходимнинг даъво талабига нисбатан даъво муддати қўлланилиб, унинг даъво аризаси қаноатлантиришдан рад этилади.
Судларнинг ҳал қилув қарори ва ажримларидан норози бўлган ходим Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят билан мурожаат қилади.
Тафтиш инстанцияси томонидан ўрганилишича, жиноят ишлари бўйича суднинг ҳукми юқори инстация судида ўзгартирилгач ходим ўзининг ишдан бўшатилиши ноқонуний бўлганлигини билган ва шу сабабли Меҳнат кодексида белгиланган 3 ойлик даъво қилиш муддатини ўтказиб юборганлиги ҳолати узрли деб топилиб, даъво қилиш муддати тикланади.
Мазкур инстанция томонидан ходимнинг меҳнат шартномаси бекор қилинишининг қонунийлиги ўрганилганида у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиш ҳақидаги буйруқ тижорат банкининг бундай ваколатга эга бўлмаган туман филиали раҳбари томонидан чиқарилганлиги аниқланади ва шу асосга кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ ғайриқонуний деб топилиб, даъвогар Эшмўмин Нарзуллаевни аввалги лавозимига ишга тиклаш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилинади.
Суднинг ажрими дарҳол ижрога қаратилиб, даъвогарни аввалги лавозимига ишга тиклаш учун ижро варақаси берилиши орқали ходимнинг Конституцияда белгиланган меҳнат қилиш ҳуқулари тикланди.
Жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлсада, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғрилик ҳисобланади. Бордию жабрланувчи ёки бошқалар мол-мулкининг олинаётганлигини кўрган бўлсада, лекин айбдор билдирмасдан ҳаракат қиляпман деб ўйлаган бўлса, бундай қилмишни ҳам ўғрилик деб тавсифлаш лозим.
Афсуски ҳозирги кунда ҳалқимиз орасида айниқса аёллар ўртасида ўғрилик жинояти учраб турибди, бунга бир мисол сифатида Сафаргул Шайимова (исм фамилиялар ўзгартирилган) ўғирлик қилиш йўли билан мўмайгина даромад орттириш мақсадида 2024 йил 06 июнь куни соат 13.00 ларда Ангор туманидаги фуқаро Жамила Жўраеванинг савдо дўконининг ички қисмига аёллар матосини олишини айтиб кириб, атрофда ҳеч ким йўқлигини англаб, дўкондаги аёллар матосининг орқа томонида бўлган аёллар сумкасининг ички қисмидан Жамила Жўраевага тегишли бўлган жами 10.000.000 сўм пулларни яширин равишда талон-тарож қилиб, жуфтакни рослайди.
Буни қарангки, орада кўп вақт ўтмай ҳодиса содир бўлган жойдан 754.000 сўм ва фуқаро Жамила Жўраевага тегишли бўлган 1.000.000 сўм пул маблағлари Сафаргул Шайимовадан ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинади.
Шундай қилиб, Сафаргул Шайимова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни қасддан содир этган.
Суд, судланувчи Сафаргул Шайимовага нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, у содир этган жиноят иши юзасидан жабрланувчига етказилган моддий зарар ўрни тўлиқ қопланмаганлигини инобатга олиш билан биргаликда, аёллиги, ёш боласи борлигини ва оилавий шароитини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни лозим топди.
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида Сафаргул Шайимовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Бироқ, суд унинг 2024 йил 23 март куни туғилган ёш боласи бўлганлиги сабабли, ёш боласи 3 (уч) ёшга тўлгунга қадар ҳукмни ижроси кечиктириб туришни лозим топди.
Таъкидлаш жоизки, жиноятга жазо муқаррар. “Қилмиш-қидирмиш” деб бежизга айтилмаган, ўйламасдан босилган қадам афсус ва надомат келтириши аниқ…..
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича кенг қамровли ва тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Одам савдоси жабрланувчиларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, уларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш ҳамда ушбу жиноятларнинг содир этилишига имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.
Шуни қайд этиш керак, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг раҳбари бўлиб Сенат раисининг тасдиқланиши, Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиясига ички ишлар вазирининг раҳбарлик қилиши муҳим аҳамият касб этади ва масъулиятни янада кучайтиради.
Ўзбекистон Республикасида одам савдосининг олдини олиш мақсадида алоҳида қонун ишлаб чиқилди ва илк бор миллий қонунчилигимизда одам савдосидан жабрланган шахсларни идентификация қилиш, уларни қайта йўналтириш механизмлари алоҳида белгиланди. Одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш протседураси икки босқичда, яъни дастлабки идентификация ва якуний идентификация ўтказиш йўли орқали амалга оширилади. Ушбу қонун билан вояга етмаганлар савдосига қарши курашишга доир қоидалар алоҳида белгиланди, хусусан, вояга етмаганлар савдоси профилактикаси, одам савдосидан жабрланган вояга етмаган шахсни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсни идентификация қилиш, уларни ҳимоя қилиш ва ёрдамнинг ўзига хос жиҳатлари белгиланди.
Вояга етмаганлар савдоси профилактикасида болаларни тарбиялаш борасидаги ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётган ота-оналарни ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни аниқлаш, ғайриижтимоий ҳаёт тарзини кечираётган оилаларни ва давлат ҳимоясига муҳтож болаларни уларга ёрдам кўрсатиш мақсадида аниқлаш ҳамда болалар уйларининг ва туғруқхоналарнинг фаолияти мониторинг қилиш вазифалари ҳам кўзда тутилган.
Хўш, ушбу қонун қандай самара беради? Аввало, одам савдосидан жабрланганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, шу тариқа халқаро майдонда давлатимиз нуфузини оширишга ёрдам беради. Айни чоғда одам савдосига қарши курашиш соҳасида давлат органларининг ва фуқаролик жамият институтларининг фаоллигини оширади. Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси бошчилигида ваколатли органларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлайди. Мамлакатимизнинг қонунчилик базасини халқаро стандартларга мослаштирилишига ҳам хизмат қилади. Шу билан бирга, одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида холис ва тўғри маълумотларни кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятга етказишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Ангор туманининг 3-сектор штаби биносида ўтказилган сайёр суд мажлисида оилавий жанжаллар, қариндошлар ва қўшнилар орасидаги низолар бўйича ишлар ҳам кўрилиб, уларга ҳуқуқий тушунтириш берилгандан сўнг, улар ўз қилмишларини оқибатини тушуниб етиб, бир-биридан кечирим сўраб ярашдилар. Қариндошлар ва қўшнилар орасида меҳр оқибат муносабатлари тикланди, айрим айбдор шахсларга қилмишига яраша жазо тайинлади.
Хусусан, Азамат Исмоилов (исм шарифи ўзгаритирилган) 2024 йил 9 август куни соат 20:50 ларда бошқарувида бўлган давлат рақамсиз “Электромуравей” транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмасдан туриб, Ангор тумани ҳудудида бошқариб кетаётганида, йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан назорат тартибида тўхтатиб текширилганда, транспорт воситасини спиртли ичимлик ичиб маст ҳолда бошқариб келаётганлиги аниқланиб, маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Ҳуқуқбузар Азамат Исмоилов суд мажлисида, айбига иқрорлик билдириб, у 2024 йил 9 август куни соат 20:50 ларда, ўзининг бошқарувидаги давлат рақамсиз “Электромуравей” транспорт воситасини Ангор тумани, Новшаҳар маҳалласи ҳудудида бошқариб келаётганлигини, йўл-патруль хизмати инспектори томонидан тўхтатилганлигини, йўл-патруль хизмати инспектори уни спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганликда гумон қилганлиги, текширувдан ўтказишганлиги, сўнг, тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилганлиги, қилмишининг оқибатини англаб етганлиги, қилмишидан пушаймонлигини, оилавий шароити оғирлигини, ўзи кунлик ишда ишлаб оила боқиши, қарамоғида 3 нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги бу ҳолатни такрорламасликка ваъда беришини баён этиб, суддан ўзига нисбатан қонуний енгиллик берилишини сўради.
Суд ҳуқуқбузар Азамат Исмоиловга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддаси 2-қисми билан маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Ҳуқуқбузар ҳеч қаерга ишламай, кунлик ишда ишлаб, рўзғор тебратиб турган бўлса-да, спиртли ичимлик ичиб транспорт воситасини бошқарганлиги уни бир неча кун қамоқда сақланишига олиб келди, натижада унинг қарамоғида бўлган вояга етмаган фарзандларини ҳам моддий таъминотидан вақтинча маҳрум қилди ҳамда қанчадан қанча йўловчиларнинг ҳаётига, мол-мулкига хавф туғдирди.
Спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда автомашинани бошқарган ҳуқуқбузарлик учун қонунда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, жарима жазоси назарда тутилганлиги, бу каби қилмишлар жамият ва инсон ҳаёти учун жуда хавфли эканлиги, бундай ҳуқуқбузарликларни олдини олиш учун ҳар бир шахс муросасиз курашиш лозимлиги тушунтирилиб, фуқаролар иштирокидаги суд мажлисида ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Сайёр суд мажлисида ўтказилган тарғибот ишлари, иштирок этган шахсларга тарбиявий таъсир кўрсатди деган умиддамиз.
Кейинги йилларда «Янги Ўзбекистон – янги суд» принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ижобий ишларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 14 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суд ҳокимиятининг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга, судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга хамда ягона суд амалиётини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-943-сонли Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар раисларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоидани бекор қилишни, ўз навбатида судларнинг ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боришини, шунингдек суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганлиги муносабати билан ягона суд амалиётини таъминлашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, мазкур Қонуннинг 7-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддаси тўртинчи қисми ва 2021 йил 28 июлда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддаси биринчи қисмининг ўн биринчи хатбошиси, 41-моддаси биринчи қисмининг тўртинчи хатбошиси чиқариб ташланди.
“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддаси тўртинчи қисмида “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари бир йилда камида бир марта ўз мажлисида вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг тегишли суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитади. Халқ депутатлари Кенгашининг мазкур масала юзасидан қарори Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига юборилади” деб, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддаси биринчи қисмининг ўн биринчи хатбошисида “Қарақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раиси суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек, юридик шахсларнинг ҳуқуқлар ва қонун билан қуриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида Қарақалпоғистон Республикаси Жўқорги Кенгесига, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этади” деб, 41-моддаси биринчи қисмининг тўртинчи хатбошида “фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар суди, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари раислари суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек, юридик шахсларнинг ҳуқуқлар ва қонун билан қуриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида тегишли халқ депутатлари Кенгашига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этади” деб баён қилинган эди.
Эндиликда, судлар раислари судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этади, шунингдек жамоатчиликни ҳар чоракда суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 июндаги “Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-228-сон қарорига кўра, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясига мувофиқ аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Бош прокуратурасининг аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз оширишга қаратилган “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасини 2025 йил 1 январдан жорий этиш ҳақидаги таклифи маъқулланди.
Мазкур қарорга мувофиқ. “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида ўқув фаолиятини ташкил этиш ва юритиш Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан амалга оширилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасининг узлуксиз ишлашини, ўқув контенти ва материаллари билан мунтазам тўлдирилиши ва янгилаб борилишини таъминлайди, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқув жараёнини ташкил этади, шу жумладан ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади, ўқув курслари ҳақидаги маълумотларни “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида жойлаштиради, тингловчиларнинг билимларни ўзлаштириши натижалари бўйича электрон маълумотлар базасини шакллантиради, ўқув курсларини тамомлаган шахсларнинг реестрини юритади, ўқув жараёнига давлат органлари ва ташкилотларининг, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг малакали мутахассисларини, шу жумладан хорижий экспертларни жалб қилади.
“Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида ўқитиш қуйидаги контингент учун коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув дастурлари асосида олиб борилади:
-аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари;
-таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, ўқувчилари ва талабалари;
-давлат органлари ва ташкилотларининг давлат хизматчилари
-давлат иштирокидаги корхоналарнинг ходимлари.
“Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида ўқитиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида базавий ҳамда махсус ўқув курслари бўйича йўлга қўйилади. Бунда базавий ўқув курсларида ўқитиш барча фойдаланувчилар учун бепул ва махсус ўқув курсларида малака ошириш тўлов-шартнома асосида амалга оширилади;
Давлат хизматчиларига “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасининг махсус ўқув курсларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида малакасини ошириш мажбурий ҳисобланади.
Бунда давлат хизматчиси ишга қабул қилинганидан сўнг уч ой ичида ўқув курсидан ўтади, давлат хизматчилари малакасини оширишнинг даврийлиги ҳар уч йилда камида бир мартани ташкил этади, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ва коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган давлат хизмати лавозимларида фаолият кўрсатувчи ходимлар учун махсус курслар чуқурлаштирилган ўқув дастурлари асосида олиб борилади.
Махсус ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан тасдиқланадиган намунадаги сертификат берилади.
Ушбу қарор бўйича Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига 2025 йил 1 январга қадар “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформаси ва унинг мобиль иловасини ишга тушириши белгиланди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 340-моддасида йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тартиби белгилаб ўтилган.
Унга кўра, Йўқолган суд ишини юритиш суд томонидан ишда иштирок этувчи шахсларнинг, прокурорнинг аризасига биноан, шунингдек суднинг ташаббусига кўра тикланиши мумкин.
Йўқолган суд ишини юритиш тўлиқ ёки унинг суд фикрига кўра тикланиши зарур бўлган қисми тикланади. Суднинг ҳал қилув қарори ёки иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрими, агар улар иш юзасидан чиқарилган бўлса, тикланиши шарт.
Аризачи йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда суд томонидан қилинган суд харажатларини тўлашдан озод этилади. Била туриб ёлғон ариза берилганда суд харажатлари аризачидан ундириб олинади.
Йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ариза ишни кўриб чиққан судга берилади.
Аризада ишга доир батафсил маълумотлар бўлиши керак.
Аризачида сақланиб қолган ва ишга дахлдор бўлган ҳужжатлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, башарти улар белгиланган тартибда тасдиқланмаган бўлса ҳам, аризага илова қилинади.
Суд йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишда ишнинг сақланиб қолган қисмларидан, суд ишини юритиш йўқолгунига қадар ушбу ишдан фуқаролар ва ташкилотларга олиб берилган ҳужжатлардан, бу ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларидан, шунингдек ишга дахлдор бўлган бошқа ҳужжатлардан фойдаланади.
Суд процессуал ҳаракатларни бажариш чоғида ҳозир бўлган шахсларни, зарур ҳолларда эса, йўқолган суд ишини кўриб чиққан суд таркибига кирган шахсларни ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилиши мумкин.
Суднинг йўқолган ҳал қилув қарорини ёки иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримни тиклаш ҳақидаги ҳал қилув қарорида суд тикланаётган суд ҳужжатининг мазмуни судга тақдим этилган ва йўқолган иш бўйича суд процессининг барча иштирокчилари иштирокида суд мажлисида текширилган қандай аниқ маълумотлар асосида аниқланган деб ҳисоблаши кўрсатилади.
Йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида, шунингдек қандай далиллар суд томонидан текширилганлиги ва йўқолган суд ишини юритиш бўйича қандай процессуал ҳаракатлар содир этилганлиги исботланганлиги ҳақидаги суднинг хулосалари кўрсатилади.
Тўпланган материаллар йўқолган суд ишини юритишни аниқ тиклаш учун етарли бўлмаса, суд ажрим чиқариб, иш юритишни тугатади. Бу ҳолда аризачи умумий тартибда даъво тақдим этишга ҳақли.
Йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш унинг сақланиш муддати билан чегараланмайди. Бироқ йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ариза билан уни ижро этиш мақсадида мурожаат қилинган, бу вақтга келиб ижро варақасини ижрога қаратиш муддати ўтган ва у суд томонидан тикланмайдиган бўлса ҳам суд иш юритишни тугатади.
Йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, суд йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишда ишнинг сақланиб қолган қисмларидан, суд ишини юритиш йўқолгунига қадар ушбу ишдан фуқаролар ва ташкилотларга олиб берилган ҳужжатлардан, бу ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларидан, шунингдек ишга дахлдор бўлган бошқа ҳужжатлардан фойдаланади, бироқ тўпланган материаллар йўқолган суд ишини юритишни аниқ тиклаш учун етарли бўлмаса, суд ажрим чиқариб, иш юритишни тугатади.
Муҳтарам Президентимизнинг фармони билан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилмоқда. Уларга судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади.
Жорий йилнинг 10 июнь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида, жиноят ишлари бўйича Узун туман суди томонидан туман Ички ишлар бўлимида соҳа вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбати давомида жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг судьяси Аъзамберди Алиқулов томонидан иштирокчиларга 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилади. Улар судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласини кўриб чиқилиши ҳақида маълумотлар берилди.
Бундан ташқари, мазкур ҳужжатга кўра жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилади.
Шунингдек, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади. Улар кўриб чиқадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.
-қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;
-қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома;
-паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;
-мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;
-почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
-тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;
-телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома; -мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
Мажбурлов чоралари:
-айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;
-шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;
-айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;
-ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;
Прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси.
«Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди» — дейилади фармонда.
Уларни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади, ташкилий фаолиятларига Қорақалпоғистон суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ҳарбий суд раислари раҳбарлик қилади.
Таъкидлаш жоизки, тергов судьяси лавозими учун штат бирликлари судларнинг мавжуд штат бирликлари ҳамда 2025−2027 йиллар учун ажратиладиган қўшимча штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилиши кўзда тутилган.
А.АЛИҚУЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди судьяси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Сурхондарё вилоят суди