а) Номзодлар юқори малакали, хорижий тилларни (қоида тариқасида) биладиган, вакант лавозим учун зарур билимга ва бенуқсон обрў-эътиборга эга олий юридик маълумотли Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши шарт.
Тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхати:
Ариза; а) номзоднинг маълумотномаси ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома; б) диплом (дипломдан кўчирма)нинг нусхаси, чет элда ўқиганлиги тўғрисида дипломга эса, диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома (агарда номзод олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса, ўқиш жойидан маълумотнома); в) номзоднинг паспорт нусхаси; г) меҳнат дафтарчаси нусхаси (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно); д) хорижий тилни билиш бўйича сертификат (мавжуд бўлса).
Мурожаат учун телефон: 76-228-19-00 (75025) kadr.oliy@sud.uz
Юртимизда суд ҳокимиятига фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш учун суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, суд фаолиятини тубдан яхшилаш вазифалари белгиланган.
Хусусан, фуқаролик судига даъвогар Алиева Асила (исми ва фамилияси ўзгартирилган) даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Шокирова Шоирага 2022 йил 20 мартда қарз сўраганлиги учун унга 15.000.000 сўм миқдорида қарз берганлиги, қарзни 2023 йил 20 мартга қадар қайтариб бериши лозим бўлганлиги, бу ҳақида тилхат ёзиб берганлиги, ҳозирги кунга қадар қайтариб бермаганлигини кўрсатиб, 15.000.000 сўм қарзини ундириб беришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Шокирова Шоира томонидан ёзилган тилхат қарз шартномасининг тузилганлигидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 735-моддасига кўра, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт. Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.
Шокирова Шоира олган қарзини Алиева Асилага белгиланган муддатда қайтармаган.
Шу сабабли, суд томонидан Шокирова Шоиранинг ҳисобидан Алиева Асиланинг фойдасига 15.000.000 сўмни ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиниб, Алиева Асиланинг ҳуқуқлари тикланди.
Хулоса қилиб айтганда, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш одил судловнинг асосий мезони ҳисобланади.
ЗАРИФ ХЎЖАМУРОТОВ,
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судяси
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 15-моддаси 1-қисмига кўра, суд тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун қонунга мувофиқ чоралар кўришга ҳақли.
Даъвогар Мансур Муродов (исм фамилия ўзгартирилган) жавобгар «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг 2023 йил 13 январдаги буйруғини бекор қилиш, ўзини ушбу банкнинг кассири (ғазначиси) лавозимига ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра, жавобгар «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг 2023 йил 13 январдаги буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, бекор қилинган ва даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилиб, ўз лавозимига ишга тикланган.
Суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан апелляция шикояти келиб тушган.
Аниқланишича, даъвогар Мансур Муродов «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ кассири лавозимида 2023 йил 13 январь кунига қадар ишлаб келиб, иш берувчи номига 2023 йил 13 январь куни ишдан бўшаш ҳақида ариза билан мурожаат қилган ва аризасида ўзи билан тузилган меҳнат шартномасини шу кундан бекор қилишни сўраган.
«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг 2023 йил 13 январдаги буйруғига кўра, даъвогар Мансур Муродов билан тузилган меҳнат шартномаси 2023 йил 13 январь кунидан 2023 йил 30 апрелга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 99-моддасига асосан бекор қилинган.
2023 йил 30 апрелга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 97-моддаси 2-бандига кўра, меҳнат шартномаси тарафлардан бирининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин деб қайд этилган.
2023 йил 30 апрелга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 99-моддасига мувофиқ, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт деб белгиланган.
Шу каби, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ёки тарафлар келишуви бўйича белгиланган огоҳлантириш муддати давомида ходим берган аризасини қайтариб олишга ҳақлидир.
Агар огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган ва меҳнат муносабатлари давом этаётган бўлса, ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги ариза ўз кучини йўқотади, бундай ҳолда меҳнат шартномасини шу аризага мувофиқ бекор қилишга эса йўл қўйилмайди.
Юқорида қайд қилинган қонун нормаси ҳамда Олий суд Пленуми раҳбарий тушунтиришларидан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун ходимнинг ҳақиқатдан ҳам ишдан бўшаш хоҳишини билдирган ёзма аризаси асос ҳисобланади. Бунда ходим ишдан бўшаш ҳақидаги аризасида ўз хоҳишига кўра муайян санада, яъни огоҳлантириш муддати тугамасидан олдин бўлган муддатда у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ чиқарилгунига қадар ходим ва иш берувчи ўртасида огоҳлантириш муддатини қисқартириш ҳақида келишувга эришилган бўлиши керак.
Даъвогар Мансур Муродовнинг 2023 йил 13 январдаги аризасига кўра, у иш берувчидан ушбу кундан эътиборан ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатишни сўраган бўлиб, иш берувчи айнан ходим билан ўзаро келишувга асосан у билан тузилган меҳнат шартномасини ходим сўраган муддатда бекор қилган.
Бироқ, биринчи инстанция суди даъвогар Мансур Муродов у 2023 йил 13 январь куни меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризасида уни муайян сана, яъни 2023 йил 13 январь кунидан лавозимидан озод қилишни сўраганлигига ҳуқуқий баҳо бермасдан, мазкур меҳнат низосини ҳал этишда икки ҳафталик огоҳлантириш муддати ўтмасдан туриб, ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ариза берган кунидан бошлаб бекор қилинганлиги ҳолатидан келиб чиқиб даъво талабини қаноатлантириш ҳақида асоссиз тўхтамга келган.
Бундан ташқари, даъвогарнинг тазйиқ остида ариза ёзганлиги ҳақидаги важлари ҳам бирор-бир тарзда ўз исботини топмаган, суд томонидан ҳам бундай далиллар аниқланмаган.
Бундай ҳолатда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини қонуний деб бўлмайди, шу сабабли апелляция инстанцияси суди биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришдан рад қилиш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқаришни лозим топган.
ДИЛОРОМ АЛМУРАТОВА,
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда эришган ютуқларимиз, жумладан иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловларнинг олиб ташлангани, нақд пул, валюта, кредит масалаларидаги муаммолар ҳал қилингани, шунингдек бошқа ижобий ҳаракатлар ортга қайтмаслигининг конституциявий ҳимоясини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун уларни, албатта, Конституцияда муҳрлаб қўйиш талаб этилди.
Натижада эса янги Конституциядаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди ва янги қонунимиз халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Хусусан, Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” жумласи Янгиланган Конституциямизда “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” деган норма мустаҳкамланди.
Бундан ташқари, янги киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат тамойили мустаҳкамланди, эндиликда барча жараёнлар қонуний асослар устига қурилади, давлат хизматчиларидан ҳуқуқ доирасида фикрлаш, барча масалаларга ҳуқуқий кўз билан қараш талаб этилади. Қолаверса, ҳуқуқий давлатда барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлади, давлат ҳокимиятининг олий органлари ҳам қонунларга бўйсунади ва қонунларнинг муқаррар ижросини таъминлайди.
Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилиши билан, ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мажбуриятини олмоқда. Бу – мавжуд ресурсларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимлаш, жамиятда кучли табақаланиш авж олишига йўл қўймаслик, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланиши, самарали ижтимоий ҳимоя дастурлари ишлаши, имконияти чекланган ва қўлловга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, адолатли меҳнат қонунчилиги ва жозибадор пенсия тизими кабиларни англатади. Оддийроқ айтганда, энг камбағал оиланинг болаларида ҳам соғ-саломат ўсиб-улғайиб, яхши таълим олиб, фаровонликка эришиш имконияти бўлиши керак.
Эътибор берсак, дунёвий давлатда давлат ва дин бир-биридан ажратилган бўлади. Давлат диний эътиқодидан қатъи назар барчага бир хил муносабатда бўлади, динга оид масалаларда нейтрал позицияни эгаллайди.
Шунингдек, Янги Конституциянинг 154-моддаси билан, 1-моддадаги қоидаларни қайта кўриб чиқиш мумкин эмас, деб белгиланди. Худди шунингдек, 154-модданинг ўзидаги айнан шу қоидадан иборат банд ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас. Бошқача айтганда, бу норма – Ўзбекистон ҳеч қачон демократиядан воз кечмаслиги, ҳуқуқий давлатчиликка содиқлиги, монархияга ёки исломий республикага айланмаслигини назарда тутади.
Янгиланган Конституциямиздаги муҳим ўзгаришлардан яна бири, унинг 15-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.
Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши фуқароларга нафақат қонунлар, балки бевосита Конституциядаги нормаларга ҳам асосланган ҳолда иш олиб боришга, хусусан, судга мурожаат қилишга имкон беради.
Шу каби, Конституциямиздаги яна бир муҳим ўзгартириш: барча ноаниқликлар – инсон фойдасига ҳал этилади. Конституциянинг янги таҳририга асосан “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади”. Яъни эндиликда қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалаларда зиддият юзага келса, масала давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади.Бундан ташқари, турли ҳужжатларни юритишда давлат органлари томонидан хато-камчилик ўтган тақдирда, масалан, пенсия тайинлашда тегишли ҳужжатлар базадан топилмай, ноаниқлик юзага келганида ҳам вазият фуқаро фойдасига ҳал этилиши керак.
Бундан ташқари, Янги Конституциямизга ўқитувчилар ҳақида модда қўшилди. Ушбу модда икки банддан иборат: Яъни “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади”. “Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”.
Шу тариқа, устозлар ҳуқуқ соҳаси вакили бўлмаган, лекин олий қонунда алоҳида тилга олинган ягона касб эгаларига айланди.
Таъкидлаш жоизки, янги қабул қилинган Конституциямиз билан ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган. Бу билан юртимизнинг инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги ҳуқуқий асосланди.
Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституцияси – мамлакатимиз тараққиёти, фуқароларимиз турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қилади.
Бу дунёда ҳалол ишламасдан, текин ва осон пул топиб, бировлрнинг ҳисобига яшайдиганлар, афсуски орамизда учраб туради.
Ботир (исми ўзгартирилган) шундайлардан эди, яъни қаерда текин пул излаб, ризқини ҳалол топишни ўйламас эди. У олдин ҳам ўғрилик жинояти билан бир неча марта судланган бўлса-да, ўзига тўғри хулоса чиқармасдан, яна шу йўлга киришга жазм қилди.
Тайинли иши ва пули бўлмаган Ботир кўнгли майишатни истаб, эрталаб кўчага пул дардида чиқди. Доим ҳам пул топиб кўрмаган Ботир бу сафар ҳам нафсини қондиришнинг қинғир йўлларпини излаб, йўлинин бозор томонга бурди.
Бозорга бориб, атрофни кузатиб, айланиб юрди. Ўғирлик эски касби бўлганлиги сабабли трофни шошмасдан кузатиб, ўзига қулай пайт ва жойни излади. Бунақа ишларга кўзи пишиб кетганлиги сабабли шошмасдан ҳаракат қилди. Кун тушга яқинлашганда ўз ўлжасини аниқлади шекилли, бир жойда қўниб топиб, тўхтаб қолди.
Унинг ўлжаси эгаси вояга етмаган боланинг қаровсиз қолдирилган велосопеди эди. Ботир пайт пойлаб турдида кўзлаган ўлжасини одамларнинг кўзини шамғалат қилиб турдида велосопедни олиб кетди.
У ўғирланган молни тезроқ сотиб қутулишни ўйлаб, ўзига нотаниш бўлган велосопед таъмирлайдиган устахонага бориб, ўзини бечораҳол кўрсатиб, пул зарур бўлганлиги сабабли ўғлига тегишли бўлган велосопедни сотишга мажбур бўлганлигини айтиб, велосопедни сотди.
Ишнинг осон битганидан хурсанд бўлган Ботир пулларни ўз нафсини қондиришга ишлата бошлади.
Бели оғримасдан топилган пулни ишлатиши ҳам осон бўлди. Пулни маишатга ишлатиб, бир ҳафтага бормасдан пулнинг ҳам охири кўриниб қолди.
Биринчи жинояти ҳозирча аниқланмаганидан ҳаволанган Ботир пули қолмагач яна қинғир йўл билан пул топиб, нафсини қондириш йўлини излай бошлади.
Бу сафар чекка туманга бориб, ўз ниятини амалга оширмоқчи бўлди. Аввалги иши хамирдан қил суғургандай осон битганидан, шунингдек, шўзининг маҳортига ишонган Ботир бу сафар ҳам ишни тез тугатишга ва ўз туманига қайтишни ўйлаб, маҳаллани айланиб юрар экан, савдо мажмуаси ёнида турган велосопедни ва унга ортилган юкларни кўрди.
Ўлжасини мўлжаллаб уни узоқдан кузатиб турдида, эгасининг келмаганидан фойдаланиб, гўёки ўзини велосопед эгаси сифатида кўрсатиб, велосопедни олиб кетди.
Иккала ишнинг ҳам осон тугаганидан хурсанд бўлган Ботир ўзига ортиқча баҳо бера бошлади.
Гўёки қўлга тушмас ўғридек ҳис қила бошлади.
Лекин “бузоқнинг югургани сомонхонагача” деган гап бор. Ботир арқоннинг узун ташланганидан билмас эди. Кейинги ўғрилигидан кўп ўтмасдан тезкор -қидирув ходимларининг сайи-ҳаракатлари натижасида ботирнинг қилмишлари ошкор бўла бошлади ва уни суднинг қора курсисига олиб борди.
Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судининг ҳукми билан Ботир Ахмедов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодесининг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, узил-кесил 5 (беш) йил 1 (бир) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланди.
Қилмиш – қидирмиш деб шуни айтадилар. Ўз нафсига қул бўлиб, ҳалол ризқ топмасдан, бировларнинг ҳаққини ейишнинг жазосини бу дунёнинг ўзида олди.
Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки фуқаро вафот этган деб эълон қилиш институтининг мақсади, авваламбор бедарак йўқолган деб топилаётган ёки вафот этган деб эълон қилинаётган фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишини олдини олишга ҳамда бошқа фуқароларнинг муайян ҳуқуқий муносабатларга киришиб, уларни ҳал қилиш жараёнларида вужудга келган тўсиқларни бартараф этишга қаратилган.
Мазкур тоифадаги ишларни кўришда йиллар кесимида ўсиш ва камайганлиги динамикасига жиддий урғу бериш бизнинг фикримизча бир томондан нотўғри қиёслаш ҳисобланади, сабаби манфаатдор шахслар томонидан ўз яқинларини бедарак йўқолган ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза билан судларга мурожаат қилишда амалда ушбу шахслар билан анча вақтлардан буён алоқа узилган ёки улар тўғрисида бирор бир маълумотлар мавжуд бўлмайди. Маълум бир даврда бедарак йўқолган фуқароларнинг яқин қариндошлари жисмоний ва юридик шахслар билан бирор бир ҳуқуқий муносабатларга киришиш жараёнида муаммоларга дуч келишишлари оқибатда ушбу вужудга келган муаммоларни ҳал қилиш учун фақатгина ўша вақтда қонуний ечим излаб фуқаролик судларига ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлишади. Ушбу ҳолатда ҳуқуқий муносабатлар деганда яқин қариндошлари томонидан ижтимоий таъминот олиш, фарзандларини ҳорижга олиб чиқиш учун эр ёки хотиннинг рухсатини олиш, мерос мулкини тақдирини ҳал қилиш билан боғлиқ заруратларни тушуниш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 33-моддасига кўра, агар фуқаронинг қаердалиги ҳақида унинг яшаш жойида бир йил давомида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд бу фуқарони бедарак йўқолган деб топилиши мумкинлиги, бундан ташқари Фуқаролик кодексининг 36-моддасига биноан, агар фуқаронинг қаерда турганлиги ҳақида унинг яшаш жойида уч йил мобайнида маълумот бўлмаса, башарти у ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган бўлиб, унинг қаердалиги ҳақида олти ой мобайнида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд уни вафот этган деб эълон қилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш билан вафот этганлик фактини белгилаш ишлари ўзининг мазмуни, асослари, процессуал қонун нормаси талаблари бўйича бир-биридан фарқ қилади, яъни фуқарони вафот этган деб эълон қилишда фуқаронинг қачон ва қаерда вафот этганлиги тўғрисида маълумот бўлмайди, фақатгина ушбу ҳодиса фараз қилинади, аксинча вафри этганлик фактини белгилаш билан боғлиқ ишларда шахснинг вафот этганлиги аниқ бўлади фақатгина маълум сабаблар билан ушбу ҳолат қонуний расмийлаштирилмасдан қолган бўлади, бундан ташқари вафот этганлик фактини белгилашда қонун талаби бўйича шахсни вафот этган деб эълон қилиш учун талаб этиладиган 3 йиллик муддат ўтиши талаб қилинмайди ва бошқа ҳолатлар мазкур икки тоифаги ишларни бир-биридан фарқлайди.
Мамлакатимиз қонунчилигидаги фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони вафот этган деб эълон қилиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишдаги ҳуқуқий нормалар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги мамлакатларнинг қонунчилик нормалари билан бир-бирига жуда ўхшашдир, бу ўхшашлик асосан аризаларни кўриш тартибида, ариза билан судларга мурожаат қилиш асосларида ва бошқа ҳолатларда яққол кўринади.
Лекин шундай бўлишига қарамасдан бизнинг қонунчиликдаги нормаларнинг бошқа давлатлар қонунчилигидаги нормалари ўртасида маълум бир фарқли жиҳатлари ҳам мавжуд.
Мамлакатимиз қонунчилигининг бошқа давлат қонунчилиги билан ўзаро ўхшаш ва фарқли жиҳатларини қонун нормалари мисолида келтириб ўтамиз:
1. Агар фуқаронинг қаердалиги ҳақида унинг яшаш жойида бир йил давомида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд бу фуқарони бедарак йўқолган деб топиши мумкин. Фуқарони бедарак йўқолган деб топишдаги бир йиллик муддатнинг белгиланиши (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, 33-модда)
2. Агар фуқаронинг қаерда турганлиги ҳақида унинг яшаш жойида уч йил мобайнида маълумот бўлмаса, башарти у ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган бўлиб, унинг қаердалиги ҳақида олти ой мобайнида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд уни вафот этган деб эълон қилиши мумкин. Фуқарони вафот этган деб эълон қилишдаги уч йиллик муддатнинг белгиланиши (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, 36-модда)
3. Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш ажримида аризачига ўз ҳисобидан фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони ўлган деб эълон қилиш ҳақидаги фуқаролик иши қўзғатилганлиги тўғрисидаги маълумотларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш мажбуриятини юклайди. (Қозоғистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси, 319-моддасининг 2-қисми)
Хитой Халқ Республикаси қонунчилигида Қозоғистон Республикасидан фарқли ўлароқ, суднинг ўзи томонидан шахс қидирилаётганлиги тўғрисида оммавий эълон берилади. Ушбу ҳолатда оммавий эълон муддати бедарак йўқолган шахсларга нисбатан 3 ой, шахсни вафот этган деб эълон қилишда 1 йил белгиланади. (Хитой Халқ Республикаси фуқаролик процессуал қонуни, 168-модда)
4. Судлар томонидан фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги аризаларни кўришдан асосий мақсад фуқаронинг мулкий ҳуқуқ ва эркинлигини ҳимоя қилиш, мол-мулкининг бегоналаштирилиши ёки бўлмаса зарар етказилиши мумкин бўлган ҳолатларни олдини олиш билан боғлиқ чора-тадбирларни ўз вақтида белгилаш ҳисобланади, бу мақсадга эришишда:
биринчи ҳолатда – бевосита суднинг қарорига асосан суд томонидан фуқаронинг мол-мулкига нисбатан васийлик белгиланади (Қозоғистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси, 29-модда);
иккичи ҳолатда – суднинг қарорига асосан фуқаронинг мол-мулки ҳудудий васийлик ва ҳомийлик органи томонидан тайинланган ишончли шахсга берилади (Турманистон, Россия ва Белорус давлатлари).
5. Ҳорижий давлатлар қонунчилигини ўрганиш жараёнида бизнинг қонунчиликка янгилик бўлган фуқаронинг мол-мулкини бегоналаштирилишини олдини олишга қаратилган яна бир чора-тадбир, яъни фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қонуний кучга кирган қарор нусхаси шахснинг мулкини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриш учун мерос очилган жойдаги нотариусга ёки нотариус мавжуд бўлмаган ҳудудларда ўзини-ўзи бошқариш органларига юборилиши белгиланган. (Украина Республикаси фуқаролик процессуал кодекси, 308-модда)
Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки фуқарони вафот этган деб эълон қилиш институти фақатгина фуқаролик ҳуқуқининг институти бўлиб қолмасдан, ўзининг мазмун-моҳияти жиҳатидан кенгроқ яъни оила ҳуқуқи, жиноят ҳуқуқи, ижтимоий ҳимоя ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқ соҳаларининг ҳам ўрганиш объекти ҳисобланади.
Фуқарони бедарак йўқолган ёки фуқарони вафот этган деб эълон қилиш – маълум вақт мобайнида фуқаро тўғрисида бирор бир маълумотларнинг мавжуд эмаслиги, унинг тириклиги шубҳа остига олинадиган ва бир вақтнинг ўзида вафот этганлиги тўғрисида маълумотларни тасдиқлаш имкониятининг мавжуд эмаслиги билан боғлиқ ҳолатларнинг суд томонидан белгилинаши десак муболаға бўлмайди.
Босқинчилик – ўзганинг мол-мулкига қарши қаратилган энг хавфли жиноятлардан бири бўлиб, уни содир этганлик учун жавобгарлик амалдаги Жиноят кодексининг 164-моддасида назарда тутилган.
Босқинчиликнинг ижтимоий хавфлилигини юқорилиги, аввало, шу билан боғлиқки, бу жиноят натижасида ўзганинг мол-мулки эгаллаб олинаётганда жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғига ҳам зиён етказилади ёхуд бундай зиён етказилиши учун реал хавф вужудга келади.
Фикримизни бир жиноят тавсилотига қаратмоқчимиз.
Судланувчи Адхам Жовлиев (исм фамилиялар ўзгартирилган) ўта ҳавфли ресидивист бўлгани ҳолда, ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш йўли билан босқинчилик жиноятини қуйидаги ҳолатларда содир қилган.
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди томонидан жорий йилнинг 10 январ санасида кўрилган ишда Анвар муқаддам бир неча маротаба судланиб ўзига тўғри хулоса чиқармасдан, Ангор туманида яшовчи фуқаро Озода Чориеванинг боқувчиси йўқлигини ҳамда яшаш уйида ёлғиз яшашини олдиндан билиб, 2023 йил 24 ноябр кунига ўтар кечаси соат тунги 02:00 ларда Озоданинг яшаш уйига кириб унга тегишли пуллар ва моддий қимматликларни қўлга киритиш мақсадида икки қўли билан Озоданинг юзини тирналаб, унинг юзини тахминан ярим соат босиб туриб, шу ҳаракатлари билан Озодада қўрқув хиссини уйғотиб, унга тегишли бўлган пуллар ва моддий қимматликларни қўлга киритган. Шу тариқа Анвар воқеа жойидан қочиб кетган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчи Анвар Жовлиевга нисбатан тегишли жазо чоралари одил суд томонидан таъминланиб, суд ҳукми билан жабрланувчига етказилган зарарларни ундириш белгиланди.
Анвар Жовлиев ўз ҳаёт йўлида ўзгалар мулкини босқинчилик йўли билан эгаллаш деб номланувчи қинғир йўлни танлади. Албатта, у бошқа турдаги касб корни амалга ошириши маҳалласининг, халқининг корига ярайдиган шахс бўлиши мумкин эди
Маълумки, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш борасида изчил ишлар олиб борилиб, бир қанча ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.
Суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириладиган барча ишлар замирида қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш каби эзгу ғоялар ётади. Айнан инсон ва адолатли суд ўртасидаги ўзаро муносабатларда қонунийликни ва адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар замирида халқимизнинг осойишта ҳамда рози бўлиб яшаш ҳуқуқи турибди.
Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасида жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этиш ва шу кодекснинг 74-моддасида эса жазони енгилроғи билан алмаштириш назарда тутилган.
Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди томонидан 41-сон манзил-колониясида ўтказилган сайёр суд мажлисида жами 18 нафар озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумларга нисбатан колония маъмурияти томонидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.
Суд, инсонпарварлик тамойилига таяниб ҳамда жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига риоя қилган, ўзининг ҳулқини ижобий томонга ўзгартирган, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етиб, ўзларига тегишли хулоса чиқарган 3 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод этиш ҳамда 15 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят Кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши ва бу борада суд ҳокимияти фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ҳамда одил судловни сифатини оширадиган тизим яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замирида аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашдек устувор вазифалар мужассам.
Барчага маълумки, суд ҳокимиятининг асосий вазифаси – фуқароларнинг қонунчиликда кафолатланган ҳуқуқлари ва эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, тадбикорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Муҳтарам Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтиришда муҳим қадам бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди ташаббуси билан кенг жамоатчилик иштирокида ташкил этилган давра суҳбатида мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Қабул қилинган Президент Фармонига асосан ишни судга қадар юритиш босқичида Тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади.
Бугунги кунда, жиноят ишлари бўйича судларга маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар, жиноят ишлари, мансабдор шахсларнинг чиқарилган қарорлари устидан берилган шикоятлар ҳамда судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган. Бу ўз ўрнида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида якка тартибда фаолият юритаётган бир нафар судьянинг ўзига жуда кўп ишларни кўриб чиқиш вазифасини юкламоқда. Бу фуқаролар томонидан ўринли эътирозларга сабаб бўлаётган эди.
2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича ҳудудий судларда иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари, яъни, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги ва бошқа илтимосномаларни кўриб чиқади.
Ушбу Фармон суд тизими тузилмасини ислоҳ қилишга, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Ҳаётда кечаётган воқеа-ҳодисалар учун қисмат эмас, ҳар кимнинг ўзи сабабчидир. Зотан, кимдир эзгулик ортидан эргашиб, бахт манзилига етса, яна кимдир гумроҳлигидан, фикри ожизлигидан тақдирига ўзи қора чизиқ тортади.
Фикримизни бир жиноят тавсилотига қаратмоқчимиз.
Эндигина 36 ёшни қаршилаган Бандихонлик Бахтиёр Хакимов (исм фамилиялар ўзгартирилган) жорий йилнинг 29 февраль куни ўзига олдиндан таниш бўлган Примқул Омонов билан дастлаб туманнинг «Наврўз» маҳалласи ҳудудида жойлашган “Бозорбобо балиқлари” оилавий корхонасига қарашли умумий овқатланиш шаҳобчасида, кейинчалик эса туман марказидаги алкоголь маҳсулотлари сотишга мўлжалланган савдо дўконида меъёридан ортиқ спиртли ичимликлар истеъмол қилишиб, маст ҳолатда шу куни соат 21-22 ларга қадар бўлган вақт давомида бирга бўлишиб, шундан сўнг Примқулни мастлик ҳолатида яшаш уйига кета олмаслигини билиб, уни ўзининг яшаш уйига томон олиб бориш мақсадида пиёда юриб, бир-бирини суяган холда етаклашиб кетишади. Йўл-йўлакай кетаётиб қор ёғиб турганлиги, ернинг нам ва сирпанчиқлиги оқибатида бир неча маротаба Примқул оёғи тойиб ерга йиқилиб тушган вақтида Бахтиёр ҳам эҳтиётсизлиги оқибатида унинг устига бориб йиқилиб тушади.
Натижада эса Примқул оғир тан жароҳати олиб, олган тан жароҳати таъсирида ҳаракатлана олмай қолади. Бахтиёр атрофда қор ёғиб тургани ҳамда об-ҳавонинг совуқлигини англаган ҳолда, ўзи ҳамроҳини хавфли аҳволга солиб қўйиб, ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмасдан, аксинча атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ҳодиса жойидан яширинади. Бахтиёр шу тариқа гўёки жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида 2024 йил 02 март куни Тожикистон Республикаси ҳудудига чиқиб кетади.
Маст ҳолатда бўлган Примқул Омонов об-ҳавонинг совуқлиги, ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолиб олган “ҲАЁТ УЧУН ХАВФЛИ БЎЛГАН ОҒИР” жароҳатлари билан вафот этади.
Суд мажлисида судланувчи Бахтиёр Хакимов ҳақиқатдан ҳам 2024 йил 29 февраль куни 01 март кунига ўтар кечаси марҳум Примқул Омонов билан бирга бўлиб, уни маст ҳолатида ташлаб кетаётган вақтида ўзи ҳам маст ҳолатда бўлганлиги сабабли уни олиб кетишининг имкони бўлмаган бўлса-да, ўзининг эътиборсизлиги сабабли шу атрофда яшовчи фуқароларга ёки ИИБ ходимларига ёки тез тиббий ёрдам ходимларига хабар бериш ҳаёлига келмаганлиги, ҳозирги вақтда қилмишидан чин-кўнгилдан пушаймонлигини билдириб суддан ўзига енгиллик беришни сўради.
Суд, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг суддаги кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо берди.
Судланувчи Бахтиёр Хакимовга нисбатан жазо тури ва муддатини белгилашда, уни ўз айбига иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, оилавий ва моддий шароитини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, мазкур жиноятни ғаразли ва бошқа паст ниятларда содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, унга нисбатан 2 (икки) йил 6 (олти) ой озодликдан махрум қилиш жазоси тайинлади ҳамда уни суд залидан дарҳол қамоққа олди.
Суд, Бахтиёр Хакимовнинг содир этган қилмишлари оқибатида – уни ўз умрини панжара ортида ўташга лойиқ деб топди.
ТАХИР БЕКПУЛАТОВ,
Сурхондарё вилоят суди судьяси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Сурхондарё вилоят суди