Жарқўрғон туманида яшовчи фуқаро Мавлонов Бахром (исм, фамилияси ўзгартирилган) муқаддам 5 маротаба, шу жумладан ўғирлик жиноятлари учун судланиб, жазо ўтаб чиққан, Жиноят Кодексининг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилган бўлса-да, ўзига тегишли хулоса чиқармади.
Бахром Мавлонов ўта хавфли рецидивист бўлгани ҳолда, ўғирлик жиноятини содир қилиб, текин бойлик орттириш мақсадида 2022 йил 9 май куни соат 09:30 ларда Термиз тумани ҳудудидаги хусусий корхона биносига кириб, хусусий корхона раҳбари хонасидан 8.800.000 сўм пулларни яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судининг ҳукмига кўра, Мавлонов Бахромга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 4-қисми “б” банди билан 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Суд ҳукмига нисбатан Бахром Мавлонов томонидан келтирилган апелляция шикоятига асосан иш Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, суд томонидан адолатли жазо тайинланиб, асосли ҳамда қонуний тўхтамга келинганлиги сабабли унинг апелляция шикояти қаноатлантирмасдан, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.
Судга даъвогар Назира Нориева (исм фамилия ўзгартирилган) мурожаат қилиб, жавобгар Бахром Буриев билан қонуний никоҳдан ўтган ҳолда турмуш қуришганлигини, ўрталарида бир нафар фарзанди бор эканлигини, турмуш ўртоғи ва уйидагилари ҳеч бир асоссиз фарзанди билан чиқариб юборганлигини, ҳозирги кунда фарзанди билан акасининг уйида яшаб келаётганлиги учун суддан ўзини ва фарзанди келин бўлиб борган уйга мажбурий тартибда киритиб қўйишни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддаси 1-қисмига кўра, Уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг, мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.
Шу модданинг 2-қисмида, турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, агар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин – деб белгиланган.
Даъвогар низоли уйга кўчириб киритилган ва рўйхатга қўйилиши вақтида унинг ушбу уй-жойдан фойдаланиш тартиби ва чиқиб кетиш шартларини ёзма равишда қайд этган ҳолда келишиб олмаган.
Даъвогар вояга етмаган фарзанди билан низоли уйдан Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддаси талабларига кўра, фойдаланишга ҳақли.
Шу сабабли суд, Назира Нориева ва унинг вояга етмаган бир нафар фарзанди билан уйига мажбурий тартибда киритиб қўйиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиниб, Назира Нориеванинг ҳуқуқлари тикланди.
Ер-ризқ рўз манбаидир. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 16-моддасида “Ер умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланилиши лозим ва у давлат томонидан муҳофаза этилади деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан амалга оширилган ер участкалари олди-сотдиси, уларни ҳадя қилиш, гаровга қўйиш (ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини, шу жумладан ким ошди савдоси асосида олинган шундай ҳуқуқни, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш бундан мустасно), ер участкаларини ўзбошимчалик билан айирбошлаш ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бундай битимларни амалга оширишда айбдор шахслар қонунга биноан жавобгар бўладилар.
Энди эса бир жиноят тавсилотига тўхталсак.
Жумладан, Равшан Эрназаров (исм-фамилия ўзгартирилган) Бандихон тумани худудида жойлашган, ижара шартномаси асосида рахбарлик қилиб келаётган «А.А» боғдорчилик фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги харитасининг суғориладиган экин ер майдонининг 0,01 гектар ер майдонини ноқонуний равишда эгаллаб олиб, ушбу 0,01 гектар ер майдонига 2023 йилда нотурар жой молхона биносини қуриб, қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда қишлоқ хўжалигига 9.915.811 (тўққиз миллион тўққиз юз минг ўн беш минг саккиз юз ўн бир) сўм миқдорида зарар етказганлиги аниқланган.
Равшан Эрназаров ўзининг бу ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2291-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни қасддан содир этган.
Бу ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 августдаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сонли Фармони талабларига риоя қилинмаган.
Судда судланувчининг жиноят содир этганликдаги айби, ўзининг айбига иқрорлик билдириб берган суддаги кўрсатуви, дастлабки тушунтириш хатлар, унинг терговдаги ва суддаги кўрсатувлари ҳамда ишда тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз тасдиғини топган.
Шу каби, суд томонидан Равшан Эрназаровга нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли Қарорининг 1-бандида судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилиб, унга нисбатан тегишли жазо турини тайинлади.
Хулоса шуки, ўзбошимчалик билан эгалланган ер бир қатор салбий оқибатларга олиб келганлиги билан бир қаторда, унга суд томонидан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Интеллектуал мулк бу – ижодий ақлий фаолият маҳсули. Ихтирочилик ва муаллифлик объекти ҳуқуқи мажмуига кирувчи, фан, адабиёт, санъат ва ишлаб чиқариш соҳасида ижодий фаолиятнинг бошқа турлари, адабий, бадиий, илмий асарлар, ижрочи актёрлик санъати, жумладан овоз ёзиш, радио, телевидение асарлари, кашфиётлар, ихтиролар, рационализаторлик таклифлари, саноат намуналари, компютерлар учун дастурлар, маълумотлар базаси, ноу-хаунинг эксперт тизимлари, товар белгилари, фирма атамалари ва бошқа ақлий мулк объектларига киради. Ҳозирги даврда интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш муҳим вазифа ҳисобланади.
Интеллектуал мулк объектлари қуйидагилар.
1) интеллектуал фаолият натижалари:
-фан, адабиёт ва санъат асарлари;
-ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари;
-электрон ҳисоблаш машиналари (бундан буён матнда ЭҲМ деб юритилади) учун дастурлар ва маълумотлар базалари;
-ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари;
-селекция ютуқлари;
-ошкор этилмаган ахборот, шу жумладан ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау);
2) фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар:
-фирма номлари;
-товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари);
-товарлар чиқарилган жой номи;
3) ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда интеллектуал фаолиятнинг бошқа натижалари ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар киради.
Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш уларнинг яратилганлиги туфайли ёхуд ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ваколат берилган давлат органи томонидан ҳуқуқий муҳофаза берилиши натижасида юзага келади.
Ошкор этилмаган ахборотга ҳуқуқий муҳофаза бериш шартлари қонун билан белгиланади.
Интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифлари ана шу натижаларга нисбатан шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқларга эга бўладилар.
Шахсий номулкий ҳуқуқлар муаллифга унинг мулкий ҳуқуқларидан қатъи назар, тегишли бўлади ва унинг интеллектуал фаолият натижаларига бўлган мулкий ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтган тақдирда унинг ўзида сақланиб қолади.
Фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ёки хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар (бундан буён матнда – хусусий аломатларни акс эттирувчи воситалар)га нисбатан ҳуқуқ эгаларига бу воситалар борасида мулкий ҳуқуқлар тегишли бўлади.
Муаллифлик ҳуқуқи (интеллектуал фаолият натижасининг муаллифи деб эътироф этилиш ҳуқуқи) шахсий номулкий ҳуқуқ ҳисобланади ва ижодий меҳнати билан интеллектуал фаолият натижасини яратган шахсгагина тегишли бўлади.
Муаллифлик ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилмайди ва берилмайди.
Агар натижа икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликдаги ижодий меҳнати билан яратилган бўлса, улар ҳаммуаллифлар ҳисобланадилар. Интеллектуал мулкнинг айрим объектларига нисбатан қонунда асарнинг тўлалигича ҳаммуаллифлари деб ҳисобланадиган шахслар доираси чеклаб қўйилиши мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар эгасига тегишли мулкий ҳуқуқлар, агар ушбу Кодексда ёки бошқа қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқ эгаси томонидан шартнома бўйича бошқа шахсга тўлиқ ёки қисман ўтказилиши мумкин, шунингдек бу мутлақ ҳуқуқлар мерос бўлиб ва юридик шахс – ҳуқуқ эгаси қайта ташкил этилганда ҳуқуқий ворислик тартибида ўтади. Интеллектуал фаолият натижаларини ва хусусий аломатларни акс эттирувчи воситаларни яратиш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома бузилганда мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги умумий қоидалар қўлланилади.
Дастлаб меҳнат ҳуқуқи нима эканлигига тўхталиб ўтсак, меҳнат ҳуқуқи ҳуқуқшунослик тармоқлари орасида етакчи ўрин тутади. У ижтимоий меҳнатга оид муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқий норммалар тизимидан иборат. Бу муносабатлар меҳнат бозорига амал қилиш, меҳнатни ташкил қилиш ва уни қўллаш жараёнида намоён бўлади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланганлиги белгиланган шунингдек Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимнинг қуйидаги ҳуқуқлари мавжуд:
-Ўз меҳнати учун қонун ҳужжатларида меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланганидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиш;
-Муддатлари чегараси белгиланган иш вақтини ўрнатиш, бир қатор касблар ва ишлар учун иш кунини қисқартириш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, байрам кунлари, шунингдек ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар бериш орқали таъминланадиган дам олиш;
-Хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилиш;
-Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
-Иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига ёки мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;
-Касаба уюшмаларига ҳамда ходимлар ва меҳнат жамоаларининг манфаатларини ифода этувчи бошқа ташкилотларга бирлашиш;
-Қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш;
-Ўзининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан суд орқали ҳимоя қилиш ва малакали юридик ёрдам олиш;
Жамоаларга доир меҳнат низоларида ўз манфаатларини қувватлаш ҳуқуқига эгадирлар. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш берувчилар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1017-моддасида товарнинг, ишнинг, хизматнинг нуқсонлари оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш асослари кўрсатиб ўтилган.
Унга кўра, товарнинг (ишнинг, хизматнинг) конструктив, рецептуравий ёки бошқа нуқсонлари оқибатида, шунингдек товар (иш, хизмат) тўғрисидаги маълумот нотўғри ёки етарли эмаслиги оқибатида фуқаронинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ёхуд юридик шахснинг мол-мулкига етказилган зарар сотувчи ёки тайёрловчи (ижрочи) томонидан, уларнинг айбидан ва жабрланувчи улар билан шартнома муносабатларида бўлгани ёки бўлмаганидан қатъи назар, қопланиши лозим.
Юқорида назарда тутилган қоидалар товарни (ишнинг бажарилиши, хизматнинг кўрсатилиши) тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун эмас, балки истеъмол мақсадлари учун сотиб олинган ҳоллардагина қўлланилади.
Товарнинг нуқсонлари оқибатида етказилган зарар жабрланувчининг танловига кўра товарнинг сотувчиси ёки тайёрловчиси томонидан, ишнинг (хизматнинг) нуқсони оқибатида етказилган зарар ишни бажарган ёки хизматни кўрсатган шахс (ижрочи) томонидан ҳамда товар (иш, хизмат) тўғрисида тўлиқ ёки ишончли маълумот бермаганлик оқибатида етказилган зарар ушбу модданинг қоидаларига мувофиқ қопланиши лозим.
Товарнинг (ишнинг, хизматнинг) нуқсонлари оқибатида етказилган зарар, агар у товарнинг (ишнинг, хизматнинг) белгиланган яроқлилик муддатлари мобайнида етказилган бўлса, қопланиши лозим, мабодо яроқлилик муддати белгиланмаган бўлса, товар ишлаб чиқарилган (иш, хизмат қабул қилиб олинган) кундан бошлаб ўн йил мобайнида қопланиши лозим.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатлардан ташқари зарар қуйидаги ҳолларда қопланиши лозим, агар:
-товарни сотиб олган, ишни бажартирган ёки хизматдан фойдаланган шахс яроқлилик муддати тугаганидан кейин зарур бўлган ҳаракатларни қилиши тўғрисида ва кўрсатилган ҳаракатлар бажарилмаган тақдирда келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисида огоҳлантирилмаган бўлса.
Товарнинг сотувчиси ёки тайёрловчиси, ишнинг (хизматнинг) ижрочиси, зарар енгиб бўлмас куч таъсирида ёки истеъмолчи товарларни сақлаш ёки улардан (ишнинг натижаларидан, хизматлардан) фойдаланиш юзасидан белгиланган қоидаларни бузиши оқибатида етказилганлигини исботлаган ҳолларда жавобгарликдан озод қилинади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, инсоннинг шахсий мулкий ва номулкий ҳуқуқларига даҳл этилганда унинг ўрни албатта қопланиши шарт.
Сўнги йилларда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва уларнинг мавқеини оширишга қаратилган чоралар кўрилди. Аксарият қонун ва қонуности ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, президент ҳужжатлари .
Судлар одил судловни амалга ошириш жараёнида тергов ва прокуратура органлари таъсиридан холи бўлиши ҳамда ҳокимиятнинг алоҳида бўғини сифатида мустақил бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 49-моддасига мувофиқ, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларига даъво аризасини (аризани) — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига эса – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ёки уларнинг ўринбосарлари тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикасининг барча иқтисодий судларига даъво аризаси (ариза) тақдим этишга ҳақли.
Шуни такидлаш жоизки, аввал прокурор барча ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақли эди. Бу нормага Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-663-сонли Қонуни билан ўзгартириш киритилди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин. Прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги қонуни (янги тахрири) 33-моддасига кўра, прокурор суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланиб, судьяларнинг мустақиллиги ҳамда процессуал қонунчилик нормаларига қатъий риоя этиш принципига амал қилиши шарт.
Ишда иштирок этувчи прокурор ишнинг мазмуни бўйича фикрини баён этади, бундан унинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга доир даъво аризаси (аризаси) бўйича қўзғатилган ишлар мустасно.
Фуқаронинг, юридик шахснинг ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб даъво аризаси (ариза) тақдим этган прокурор даъвогарнинг ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи мустасно.
Прокурорнинг ўз даъво аризасидан (аризасидан) воз кечиши даъвогарни (аризачини) ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Прокурор томонидан даъвогарнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади.
Даъвогар ва жавобгар ўртасида медиатив келишув тузилиши натижасида суд даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиради ва бунга қуйидаги суд амалиётини мисол сифатида келтирамиз.
Термиз туманлараро иқтисодий судига Термиз шаҳар прокуратураси даъвогар «HАT» МЧЖ манфаатида даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар СН ХКдан 10 миллион сўм ундиришни сўраган.
Суд мажлисида прокурор тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилганлиги сабабли, суддан даъвони кўрмасдан қолдиришни сўраган. Суд мажлисида даъвогар вакили судга тарафлар ўртасида тузилган медиатив келишувни тақдим этиб, суддан даъвони кўрмасдан қолдиришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 131-моддасига кўра, тарафлар низони медиатив келишув битимини тузиб ҳал этиши мумкин.
Медиатив келишув битими даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин ва ИПК 107-моддасининг 1-қисми 53-бандига кўра, тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, иқтисодий суди даъвони кўрмасдан қолдиради.
Юқоридагиларга асосан, суд Термиз шаҳар прокуратурасининг даъвогар «HАT» МЧЖ манфаатида жавобгар “СН” ХКга нисбатан киритган даъво аризасини кўрмасдан қолдирган.
Шуни таъкидлаш жоизки, прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишлар бўйича прокурор суд мажлисларида доимий равишда иштирок этиши билан бирга, манфаати кўзланган шахсларнинг ҳам белгиланган муддатда суд мажлисига келишига кўмаклашади.
Судьялар томонидан ишларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилиши халқда миннатдорлик хиссини уйғотиш билан бирга, эътирозларнинг олдини олади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда суд идораларининг мустақиллигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар натижаси ўлароқ, тадбиркорларнинг судга бўлган ишончи ортмоқда ҳамда суд чинакам адолат қўрғонига айланмоқда.
Халқ тилида соддагина қилиб коррупция дейиладиган атама давлатчилик тараққиётига, ислоҳотлар ривожига жиддий тўсиқ бўларкан, бас уни келтириб чиқарувчи сабаблар ва унга қарши курашиш чораларидан хабардор бўлишимиз зарур.
Коррупция нима ўзи?
Қонунчилик ҳужжатларига кўра “Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир.
Аслида коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир.
Айнан коррупциянинг мавжудлиги жамият ва давлатчилик тараққиётидаги ривожланиш кўрсаткичларига энг катта салбий тўлқинларни олиб кирувчи омил ҳисобланади.
Коррупция илдизлари нималарга тақалади?
Унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бўйича минглаб турли хил тадқиқотлар ўтказилган, кўплаб хар хил рейтинглар тузилиб, турли кўрсаткич ва рақамлар қайд этилган жадваллар ҳам яратилган, бироқ ҳанузгача барча миллатлар учун коррупцияга қарши курашишда асқотадиган ягона ечим йўқ.
Коррупциянинг келиб чиқиши инсоннинг нафси билан боғлиқми? Албатта, бизнинг бу эҳтимолимиз ҳам бежиз эмас. Инсоният пайдо бўлган замондан буён унинг нафси бор, нафсни жиловлаш имкони бўлмаса, суиистеъмолчиликлар бўлади.
Тадқиқотчилар фикрича, коррупциянинг пайдо бўлишига асосий сабаблар сифатида дастлаб иқтисодий сабаблар, кейинги ўринларда эса ҳуқуқий ва институционал сабаблар, энг сўнггида эса ижтимоий сабаблар ва жамиятдаги муҳит, яъни бунда аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллигининг пастлиги каби омиллар ўз таъсирини кўрсатиши таъкидланган.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳодиса яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади.
Юртимизда азал-азалдан оила муқаддас ҳисобланади ва уни ватан ичидаги кичкина ватанга қиёсланади. Бизга маълумки, ҳар бир оилада ота-онанинг ўрни ўзига хос хусусиятга эгадир. Бизнинг халқимиз болажон халқ бўлиб, ота-оналар ўз фарзандларини руҳий, маънавий ҳамда ахлоқий жиҳатдан камол топишида ўз хиссаларини қўшадилар.
Аммо, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим ота-оналар ўз фарзандларининг таълим-тарбияси ва келажаги учун бефарқлигини кўрамиз.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 83-моддасига кўра, суд боланинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ота-онани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилмай туриб, болани ота-онадан (уларнинг биридан) олиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши (ота-оналик ҳуқуқини чеклаши) мумкин.
Шунингдек, болани ота-она (улардан бири) билан қолдириш ота-онага (улардан бирига) боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра (руҳиятнинг бузилиши ёки бошқа сурункали касаллик, оғир ҳолатларни бошдан кечириш ва бошқалар) бола учун хавфли бўлса, ота-оналик ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилиши қатъий белгиланган.
Агар болани ота-она (улардан бири) билан қолдириш оқибатида ота-онанинг хулқ-атвори бола учун хавф туғдирса, ота-онани (улардан бирини) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун эса етарли асослар аниқланмаган тақдирда ҳам ота-оналик ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилади. Агар ота-она (улардан бири) ўз хулқ-атворини ўзгартирмаса, васийлик ва ҳомийлик органи суд томонидан ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори чиқарилгандан кейин олти ой ўтгач, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида даъво тақдим этиши шарт. Васийлик ва ҳомийлик органи боланинг манфаатларини эътиборга олиб ота-онани (улардан бирини) бу муддат ўтмасдан туриб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида даъво тақдим этишга ҳақлидир.
Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги даъво боланинг яқин қариндошлари, вояга етмаган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти қонун билан зиммасига юклатилган органлар ва муассасалар, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим муассасалари ва бошқа муассасалар, шунингдек прокурор томонидан тақдим этилиши мумкин.
Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўрилади.
Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги ишларни кўришда суд ота-онадан (уларнинг биридан) боланинг таъминоти учун алимент ундириш масаласини ҳал қилади.
Бундан ташқари, ушбу кодекснинг 84-моддасига кўра, “Ота-оналик ҳуқуқи чекланган ота-она болани шахсан тарбиялаш ҳуқуқидан, шунингдек болали фуқаролар учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади” деб белгиланган.
Шу каби, ота-оналик ҳуқуқининг чекланиши ота-онани болага таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.
Ота-онаси (улардан бири)нинг ўзига нисбатан ота-оналик ҳуқуқи чекланган бола турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади, шунингдек ота-она ва бошқа қариндошлари билан туғишганлик фактига асосланган мулкий ҳуқуқларини, шу жумладан мерос олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Ота-она иккаласининг ота-оналик ҳуқуқи чекланган тақдирда бола васийлик ва ҳомийлик органи қарамоғига олиб берилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Бош қомусимиз ҳисобланган Конститутциямизда ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар деб кўрсатиб ўтилганлигини ҳеч биримиз ёддан чиқармаслигимиз лозим.
Барчамизга маълумки, васиятномага оид маълумотларни ошкор этиш мумкин эмас. Меросхўрлар ўзаро келишиб, васиятноманинг ижросини меросхўрлардан бирига ёки бошқа шахсга топширишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1128-моддасида нотариус, васиятномани тасдиқловчи бошқа мансабдор шахс, шунингдек васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқаро мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмунига, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмаслиги белгиланган.
Васиятнома нотариус, васиятни ижро этувчи ёки суд томонидан талқин қилинганида ундаги сўзлар ва ибораларнинг асл маъноси эътиборга олинади. Васиятномадаги бирон-бир қоиданинг асл маъноси ноаниқ бўлса, у бошқа қоидалар ва умуман васиятноманинг мазмуни билан таққослаш орқали аниқланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1132-моддасида васият мажбурияти тушунчасига таъриф берилган. Унга кўра, васият қилувчи васият бўйича меросхўрнинг зиммасига бир ёки бир неча шахс (васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчилар) фойдасига бирон-бир мажбуриятни (васият мажбуриятини) мерос ҳисобидан бажаришни юклашга ҳақли бўлиб, васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчилар васият мажбурияти бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқини оладилар.
Қонун бўйича ворислар жумласига кирадиган, шунингдек кирмайдиган шахслар ҳам васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчилар бўлишлари мумкин.
Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчига мерос таркибига кирадиган ашёни мулк қилиб ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ қилиб бериш, мерос таркибига кирмайдиган мол-мулкни унинг учун сотиб олиш ва унга бериш, унинг учун муайян ишни бажариш, унга муайян хизматлар кўрсатиш ва ҳоказолар васият мажбурияти нарсаси бўлиши мумкин.
Васият қилувчи томонидан зиммасига васият мажбуриятини бажариш вазифаси юклатилган меросхўр бу вазифани ўзига ўтган мероснинг мерос қолдирувчи қарзларининг ўзи тўлаши лозим бўлган қисмини чегириб ташлагандан кейин қоладиган ҳақиқий қиймати доирасидагина бажариши лозим.
Агар зиммасига васият мажбурияти юклатилган меросхўр меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлса, унинг васият мажбуриятини бажариш вазифаси ўзига ўтган мерос қийматининг мажбурий улуш миқдоридан ортиқ бўлган қисми билан чегараланади.
Васият мажбурияти барча ёки бир неча меросхўр зиммасига юклатилган ҳолларда, агар васиятномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, уларнинг ҳар бири васият мажбуриятини меросдаги ўз улушига мутаносиб равишда бажаради.
Васият қилувчи мерос сифатида уй-жой, квартира ёки бошқа турар жойни оладиган меросхўр зиммасига турар жойни ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга умрбод фойдаланиш учун бериб қўйиш мажбуриятини юклашга ҳақли. Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи кейинчалик бошқа шахсга ўтганида ҳам умрбод фойдаланиш ҳуқуқи ўз кучида қолади.
Турар жойдан умрбод фойдаланиш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтказилмайди, ўзгага берилмайди ва васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчининг меросхўрларига ўтмайди.
Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчига берилган турар жойдан умрбод фойдаланиш ҳуқуқи, агар васиятномада бошқача тартиб кўрсатилган бўлмаса, унинг оила аъзолари мазкур турар жойда яшаши учун асос ҳисобланмайди.
Зиммасига васият мажбурияти юклатилган меросхўр вафот этган ёки у меросни қабул қилиб олмаган тақдирда, васият мажбуриятини бажариш унинг улушини олган бошқа меросхўрларга ёхуд, агар мол-мулк эгасиз бўлиб қолса, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ўтади.
Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи мерос очилгунга қадар ёки мерос очилгандан кейин, аммо васиятнома бўйича меросхўр васият мажбуриятини қабул қилиб олишга улгурган пайтга қадар вафот этган тақдирда васият мажбурияти бажарилмайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, васиятномага оид маълумотларни ошкор этиш таъқиқланади. васият қилувчи васиятноманинг ижро этилишини ўзи васиятномада кўрсатган, меросхўр ҳисобланмайдиган шахсга (васиятномани ижро этувчига) топшириши мумкин. Бу шахснинг васиятноманинг ижро этувчиси бўлишга розилиги унинг ўз қўли билан васиятномага ёзган устхатида ёки васиятномага илова қилинган аризасида акс эттирилиши лозим.
БЕҲРУЗ АВАЗОВ,
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Сурхондарё вилоят суди